ЎФАнинг ҳудудий футбол академиялари директорлари учун семинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон футбол ассосиацияси тизимидаги 14 та ҳудудий футбол академиялари директорлари учун навбатдаги ишчи семинар янги барпо этилган Қашқадарё вилояти футбол академиясида бўлиб ўтди.
"Шўртан" матбуот хизматининг маълум қилишича, 30 ва 31 октябрь кунлари ўтказилган мазкур тадбирда ҳудудий академиялар директорлари, 1-ноябрь куни эса спорт ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда масъул мутахассислар иштирок этдилар.
Ушбу семинарда "Шўртан" клуби бош менежери Шамил Ярулин ҳам иштирок этиб, жамоа қошида ташкил этилган академиянинг ривожлантирилишига қаратилган чора-тадбирлар ва келажакдаги режалар тўғрисида тақдимот ўтказди.
Семинар доирасида академияларнинг фаолияти, ёш футболчиларни саралаш, машғулотлар самарадорлигини ошириш ва замонавий методикаларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, футбол академиялари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, иқтидорли ёшларни миллий терма жамоалар тизимига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қашқадарё вилоятида ташкил этилган мазкур учрашув футбол академиялари фаолиятини янада ривожлантириш, малака ошириш ва тажриба алмашиш учун муҳим аҳамият касб этади.



Комментарии