"Олимпик" устози йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг: "Футбол ўйнашга максимал хоҳиш бўлмаяпти"

BEPUL PROPAN

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида Тошкентнинг “Олимпик” клуби иккинчи тур ўйинида Ғузорда “Шўртан”га қарши майдонга тушиб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Қолаверса, “Олимпик” футболчиси 2-дақиқадаёқ майдондан четлатилди. Шунинг учун улар ўйинни деярли 10 футболчи билан ўтказишга мажбур бўлдилар.

Учрашувдан сўнг “Олимпик” бош мураббийи Мирко Еличич бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ўйиннинг дастлабки дақиқасиданоқ футболчимиз майдондан четлатилди. Ҳакамлар ва назоратчилар бор, тўғри ёки нотўғрилигини улар билишади. Майдонда 10 футболчи бўлиб қолгач, қийналиб қолдик. Деярли 90 дақиқа давомида бир ўйинчи кам бўлиб ўйнадик. Бунинг устига таркибимизда кўпчилик ўйинчилар ёшлар. Бундай пайтда Суперлига вакилига қарши тўп суриш қийин. “Шўртан” жамоасини ғалаба билан табриклаймиз.

- Жамоада мағлубиятлар кузатилмоқда. Асосий эътибор фақат ёшларга қаратиладими ёки бошқа вазифалар ҳам борми?

- Бизда асосий вазифа ёшларни тарбиялаш. Вазифа жиддийроқ бўлса, шунга яраша яхшироқ ёшларни танлаш керак. Биз йил бошида мавсумга бир ой қолганида йиғилдик. Таркибимизда ёшлардан ташқари 3-4 нафар ёши катта ўйинчилар бор. Улар шерикларига ёрдам беради ва тартиб-интизом ҳам биринчи ўринда туради. Ёшларга имконият берилса, яхши савияда ўйнаб кетадилар. Уларни шу мақсадда тарбиялаяпмиз. Биз асосан жамоасиз қолган ёшларни тўплаганмиз. Молиявий томондан у қадар кучли эмасмиз.

- Демак, мавсум якунигача жамоага янги келадиганлар ёки кетадиганлар бўлмайди, шу таркиб ушлаб туриладими?

- Биринчи даврадан сўнг баъзи ўйинчиларни алмаштирамиз. Футбол ўйнашга максимал хоҳиш бўлмаяпти. Менда шунақа таассурот уйғотяпти. Барибир ўзгариш бўлади, иккинчи даврада. Хоҳламаса ушлаб турмаймиз, жавоб берамиз.

- Демак, моддий барқарорлик бўлмаганидан кейин натижалар ҳам шунга яраша бўлади, шундайми?

- Ҳа, бизда максимал натижа бўлиши учун моддий ҳолат ҳам максимал бўлиши керак. Таъкидлаганимдек, бизда молиявий имкониятимиз у қадар катта эмас. Ўйинчиларнинг ойлик маошлари кам. Биз футболчиларга ҳозир фақат пулни ўйламасдан футбол ўйнашни ўргатяпмиз. Худо хоҳласа, яхши  тарбияласак ва яхши жамоаларга кетишса, пулни ўзлари топиб олаверишади.

- Ғузорга яна футбол қайтди. Майдонда синов тариқасида ўйин ўтказиляпти. Футболчилар бу майдонда ўзларини қандай ҳис қилишди? Майдон ҳолати яхшими?

- Икки йил олдин “Локомотив” билан келганман. Ўшанда майдон сифати яхши эди, ҳозир ҳам яхши. Йигитларга ёқди. Фақат футбол ўйнаш керак. “Шўртан”га молиявий тарафдан янада яхши эътибор берилса, ривожланиб боради. Шароитлари яхши.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию