Роналду: "Пул ёрдам беради, лекин маълум бир даражадан кейин унинг аҳамияти камаяди, деб ўйлайман"
"Ан-Наср" ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду журналист Пирс Морган билан суҳбатда ўзининг биринчи бўлиб миллиард долларлик футболчига айлангани ҳақида фикр билдирди.
Суҳбатдаги парча қуйидагича бўлди:
— Ўтган ҳафта сен миллиардер бўлдинг, — дейди журналист.
— Бу ҳақиқат эмас, — деб жавоб беради Роналду.
— Ҳақиқат эмас?
— Мен бир неча йил аввал миллиардер бўлганман.
— Мен шундай деб ўйлагандим ҳам. Демак, ростдан ҳам шундай бўлгансан?
— 39 ёшимда.
— Буни сенга ким айтди?
— Мен ўз молиявий ҳолатимни биламан. Албатта, 100 фоиз эмас, лекин барибир ўз ишларимни кузатиб боришим керак. Атрофимда менга тўғри йўл кўрсатадиган одамлар бор. Менда молия маслаҳатчиси бор, деярли ҳар куни у билан суҳбатлашаман: инвестициялар, имкониятлар ҳақида. Ҳаммасини назорат қиламан, ахир бу — менинг ҳаётим ва менинг пулларим.
— Биринчи марта миллиардга етганингни ҳис қилган пайтинг қандай бўлган?
— Мен бу содир бўлишини олдиндан билардим. Бу фақат вақт масаласи эди. Албатта, жуда бахтиёр бўлдим. Бу ҳиссиёт Олтин тўп ютгандек бўлди. Ҳар бир инсонда мақсад бўлади — уй қуриш, машина сотиб олиш. Менинг мақсадим эса шу рақамга етиш эди.
— Ростдан ҳам мақсадинг шундай бўлганми?
— Ҳа, рост. Мен пулга жон-жаҳдим билан ёпишиб олган одам эмасман. Пул ёрдам беради, лекин маълум бир даражадан кейин унинг аҳамияти камаяди, деб ўйлайман. Лекин биз одаммиз — бор нарса билан ҳеч қачон тўлиқ қониқмаймиз", — деди Роналду.



Комментарии