
Спортдаги "эгизаклар" ёхуд Зинедин Зидан ва Хабиб Нурмагомедов ўртасида қандай ўхшашликлар бор?
ММА юлдузи Хабиб Нурмагомедов ва футбол афсонаси Зинедин Зидан ўртасида жуда кўп ўхшашликлар борлигини сезганмисиз? Икки ҳил миллат ва икки хил спорт турида порлаган бу икки даҳонинг юз тузилиши уёқда турсин, соч турмаги ҳам бир-бирига ўхшамаслиги аниқ. Бироқ уларнинг ҳаёт йўллари шу қадар бир-бирига яқинки, буни кўриб тақдирга тан бермасликнинг иложи йўқ. Агар ҳали ҳам гапларимга тушунмаган бўлсангиз, қуйидаги мақолани охиригача ўқиб чиқишингиз лозим. Хуллас, бошладик.
Фаолиятининг чўққисида нафақага чиқиш
Хабиб Нурмагомедов 2020 йилга келиб, 29-0 рекорд билан фаолиятининг энг чўққисида нафақага чиққанини маълум қилди. Албатта, унинг бу қарорга келишига отасининг вафоти сабаб бўлгани бор гап, бироқ Хабиб яна бир неча йил енгил вазнда "ҳукмронлик қилиши" мумкин эди.
2003 йилда Зинедин Зидан учинчи марта дунёнинг энг яхши футболчисига айланди, 2004 йилда эса УЕФА томонидан сўнгги 50 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. 2006 йилги жаҳон чемпионатида француз ўз жамоасини финалга олиб чиққан ва ерда қандай ҳолат юз бергани барчамизга маълум... 34 ёшида ўзининг пик формасида турган Зидан тўсатдан фаолияти якунлаганини эълон қилди.
Техник элементларда мукаммаллик
Хабибнинг кураши шу қадар кучли эдики, ҳеч бир рақиб унга қарши ишловчи услубни топа олмасди. Агар Нурмагомедов сизни партерга торта олса, ҳотиржамгина ғалабадан умидингизни узаверсангиз бўларди.
Зинедин "Зиданча дриблинг"ни шу қадар мукаммал ва нафис бажаргани боис, аслида, кўплаб тилларда "Марсел рулети" деб номланувчи бу ҳаракатни ўзининг номи билан мухлислар хотирасига мухрлаб қўйганди.
Икки спортчи ҳам фаолиятини якунлагач, мураббийликда ўзини синаб кўрди ва яхшигина муваффақиятларга эришди.
Хабиб отаси Абдулманап Нурмагомедовнинг ишини давом эттирди ва Ислом Махачевни UFC чемпиони бўлишида катта ёрдам берди. Хабиб укалари Умар ва Усмонни ҳам турнирларга ажойиб тарзда тайёрлай оляпти.
Зинедин Зидан эса "Реал Мадрид"ни мураббий сифатида бошқарди ва кетма-кет уч бор Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди.
Агар ҳозир ҳам юқоридаги сўзларимга шубҳа билан қараётган бўлсангиз, Хабибнинг "Реал Мадрид" мухлиси эканини инобатга олинг. Балки шунда, ўхшашликлар янада яққолроқ кўзга ташланар!
Комментарии