Тухель Беллингем ҳақида: "Ҳеч кимнинг ўрни кафолатланмаган"
"Реал Мадрид" ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем операциядан сўнг майдонга қайтганига қарамай, Англия терма жамоаси сафидан ўрин олмади. У 9 октябрь куни Уэльсга қарши ўртоқлик учрашувида ва 14 октябрь Латвияга қарши Жаҳон чемпионати–2026 саралаш ўйинида иштирок этмайди.
Англия бош мураббийи Томас Тухель бу қарор ҳақида шундай деди:
"Ҳеч ким учун 100 фоизлик кафолатлар йўқ. Биз энг яхши жамоани қуришга ҳаракат қиляпмиз. Беллингем алоҳида ўйинчи, шундай футболчилар учун алоҳида қоидалар бўлиши мумкинлигини ҳам тушунаман. Аммо бу йиғинда биз содда йўлни танладик — сентябрда чақирилган футболчиларни қайта чақиришни. Бу Беллингемга ҳам тааллуқли эди.
У ҳали "Реал"да тўлиқ ўйин ритмига киришиб улгургани йўқ. Ростини айтсам, Беллингем билан жамоа кучлироқми? Ҳа. У дунёдаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири эмасми? Ҳа. Аммо мен аввал ҳам айтгандим: агар Жуд каби футболчи Жаҳон чемпионати олдидан жароҳат олса, нима қиламиз? Ўйинларни бекор қиламизми? Чемпионатга бормаймизми? Бу жамоавий спорт тури", — деди Тухель.



Комментарии