UFC собиқ чемпиони яна ҳибсга олинди!
Икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Би-Жей Пенн 4 ноябрь куни Гавайи оролларида ҳибсга олинди. Бу ҳақда "ММА Fighting" нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 45 ёшли собиқ жангчи учинчи даражали қонунбузаплик бўйича айбланганди. Бироқ орадан бироз ўтиб, 1 000 доллар гаров эвазига озод қилинди.
“Жабрланувчининг маълум қилишича, Пенн уни бир неча бор мушт ва оёқлари билан урган. Шундан сўнг, жабрланувчи полицияга мурожаат қилган ва кейинроқ тиббий ёрдам сўраган. Соат 11:50 да офицерлар Пеннни Ҳило шаҳридаги Леҳуа кўчасида қаршиликсиз ҳибсга олишган", - дейилади полиция баёнотида.
Маълумот учун, бу — 2025 йилда Пенннинг олтинчи марта ҳибсга олиниши ҳисобланади. Май ойида Пенн “ҳақиқий оиласи”ни АҚШ ҳукумати алмаштирганини иддао қилиб, ҳозирги оила аъзоларини “сохта” деб атаган. Унинг яқинлари эса собиқ жангчининг руҳий ҳолати оғирлигидан хавотирда эканликларини билдирган.



Комментарии