
Замонамиз қолоқликлари айрим клубларимизнинг ташкилий масалаларида мужассам
Пастдаги футбол стадионига эътиборингизни қаратмоқчиман. Тахминан, 70-80 йил аввалги. Мухлислар, стадион ва футболчилар. Менимча, футболдаги энг муҳим уч элемент шулар. Бироқ ҳар бир соҳа замонга мослашиб, унинг талаблари билан иш тутишга мажбур бўлиб бормоқда. Бироқ айрим клубларимиз стадионларидаги вазият мана шу суратдагидан бироз ўзгарган ҳолос. Мисол учун, мана шу стадионда Wi Fi йўқ. Суперлигамиздаги айрим клубларнинг стадионларида эса ишламайди. Кичик фарқ шунда.
Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган ўйинда "Сўгдиёна" ўз уйида "Пахтакор"ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Учрашувнинг 46-дақиқасида Дориев ҳисобни очган бўлса, орадан 6 дақиқа ўтиб Жоржович ҳисобни 2 тага етказиб, жамоасининг ғалабасини таъминлаган. Ушбу беллашувда "бўрилар"дан мураббий ва футболчилар ўз ишини аъло даражада бажарган. Бироқ ўйинни ўтказишга масъуллар "калла қўйиш"дан бўшашмагани билиниб қолди. Ўзбекистон Суперлигаси, энг асосий лигадаги битта учрашувда йўл қўйилаётган камчиликларни кўриб ва бу камчиликлар нақадар майда эканлигидан келиб чиқиб, кишининг хафсаласи пир бўлади. Ўз ишини масъулият билан қилувчи ҳақиқий професионаллар аксар футбол клубларимизда ноёблашиб кетяпти. Камёб ва ноёблар..
Демак, "Сўғдиёна" ва "Пахтакор" учрашувида мезбон жамоа томонида аниқланган камчиликларга диққатни қаратинг:
➖ Учрашувнинг 80-дақиқасида трибунадан икки мухлис тушиб келиб, учрашувни майдонга яқин жойдан томоша қилган;
➖ Лицензиясиз шахсларнинг техник зонада юрган;
➖ Учрашувдан сўнг ҳам икки мухлиснинг майдонга югуриб тушган;
➖ Замбил ва замбил кўтарувчи ходимлар етарли даражада бўлмаган;
➖ Замбил кўтарувчи ходимлар учун ўриндиқлар тақдим этилмаган;
➖ Стадионда интернет учрашувдан кейин ишламаган.
Мана шу камчиликлар учун тартиб-интизом қўмитаси “Сўғдиёна”ни жаримага тортди.
Чемпионликни мақсад қилган ва таркибни миллионлар сарфлаб кучайтирган "Нефтчи"да ҳам бу аҳвол:
Суперлига чемпионатининг 6-тури доирасидаги “Нефтчи” — “Пахтакор” учрашуви давомида “Суперлига ва Пролига регламенти”нинг 15.1-бандига асосан “Нефтчи” жамоаси учрашувни ташкил қилишда бир қанча камчиликларга йўл қўйган. Жумладан, учрашув давомида Лига комиссари учун ажратилган хона ва дарвозалар ортида жойлашган фотографлар учун ажратилган махсус ҳудудда Wi-FI интернет тармоғи ишламагани ҳамда учрашув аввалида жамоавий суратга тушиш учун фойдаланиладиган “Artel” бренди акс этган махсус конструкциянинг 2024 йилги мавсумдагиси майдонга олиб чиқилгани қайд этилган.
Ҳозир Wi Fi ўртамиёна оилаларнинг уйида ҳам бор. Бироқ чемпионатни ва айнан ўз клубингизни ўйинини ёритиши керак бўлган фотографлар учун Wi Fi муаммо бўлса, фақат ва фақат энса қотиши мумкин. XXI асрнинг, замонамизнинг қолоқликлари айрим клубларимизнинг ташкилий масалаларида мужассам.
Яна мана бу ҳам хунук эпизод. Ўзбекистондаги энг яхши футбол фан клубига умуман ярашмайдиган даражада ёмон.
Карим Худайқулов
Комментарии