Хабарингиз бор, бугун Қатар сари одимлаётган терма жамоамиз кейинги босқич масаласини ҳал этувчи ўйинда иштирок этади. Рақиб - Саудия Арабистони! Осон бўлмаган баҳс бизни олдинда кутиб турибди. Хўш, бу баҳсда қайси аспектлар бизга қўл келиши мумкин? Бугун шу ва ўйин атрофидаги бошқа вазиятлар борасида фикр алмашамиз.

Гуруҳдаги вазият

пд43дпз43дп34дп

Аслида, биринчи поғонада бораётган Саудия Арабистони терма жамоаси билан баҳс бу даражада кескинлик уйғотишини кўпчилик кутмагани аниқ. Гап шундаки, ҳал қилувчи босқичга шу кунга қадар деярли муаммосиз етиб келишга ўрганиб қолганмиз. Энди эса, воқеалар ривожи ўзгача тус олмоқда. Математик ҳисоб-китоблар яна биринчи планга кўтарилди.

Майли, буниси муҳим эмас. Асосийси, бизни бугун ўйнаса бўладиган рақиб билан тўқнашув кутмоқда. Жуда кўп бор таъкидлаганим, руҳий ҳолат борасида муаммога дуч келмаймиз. Бизникилар, Австралия, Жанубий Корея, Япония ва Эрон сингари термалар билан учрашувларда негадир ўзига ўхшамайди. Ваҳоланки, бу термалар биз билан матчларда доим ҳам ўзининг супер формасида бўлмаган. Ҳаммаси уларнинг футболчиларимиз онгида уйғотган кўринишида. Балки, шу боис сўнгги йилларда бу терма жамоаларга қарши бирорта ўйинда ғалаба қозонишни уддалай олмаганмиз. Ҳатто, Австралия дарвозасини ишғол қилиш ҳам бизга насиб этмаган.

Яхшиямки, Саудия Арабистони бундан мустасно. Уларни турли мусобақаларда мағлуб этишни уддалаганмиз. Соддароқ қилиб айтганда, футболчиларимиз онгида «саҳро лочинлари» бошқа планетадан келган юлдузлар эмас. Шу боис, бугун биз Ўзбекистоннинг бор имкониятини кўришимиз мумкин. Иссиқ, ҳавонинг намлиги, меҳмонда тўп сураётганимиз, рақиб кучли эканлиги бошқа мавзу. Асосийси, биз руҳан ўз даражамиздаги жамоа билан тўқнаш келаётганимизни ҳис этяпмиз. Қолган барча майда деталлар таблодаги ҳисобга таъсир кўрсата олмайди.

Футболчилар даражаси

пдукздпукздпук

Агар трансфермаркт портали берган маълумотларга суянадиган бўлсак, бизнинг терма жамоанинг умумий трансфер суммаси Саудия Арабистони термасиникидан баландроқ. Бундан ташқари, легионерлар борасида ҳам биз рақибларимиздан бир бош баландмиз. Афсуски, жамоавий ўйин борасида бундай деб бўлмайди. Эвре Ренар шогирдлари уюшқоқлик ва жипслашиб ҳаракат қилиш эвазига кучли жамоага айланган. Агар, футболчиларнинг маҳорати ҳақида сўз борса, бемалол бизникилар кучлироқ эканлигини айтишимиз мумкин.

Футбол оламида, кучлар тенг келганида, кўпинча ижрочилар маҳорати катта саҳнага чиқади. Бугунги баҳсда икки томонда ҳам имкониятлар кўп бўлмаслиги аниқ. Ўртага жуда катта нарсалар тикилган. Саудия Арабистони биринчи поғонани бериб қўймоқчи эмас. Биз эса, гуруҳда қолиб кетишни истамаймиз. Бундан кўриниб турибдики, бизни асабий ва курашларга бой 90 дақиқа кутиб турибди.
Бундай баҳсларда биргина аниқ зарба ёки креатив қарор ўйин тақдирини ҳал этиши мумкин. Ижрочилар бобида бизникилар кучлироқ. Энди буни амалда ҳам кўрсатиш керак. Ортга йўл йўқ эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз. ЖЧ саралашининг сўнгги босқичига чиқа олмаслик, нафақат терма, балки бутун ўзбек футболига оғир зарба бўлиши мумкин.

Етакчилар бир қадам олдинга!

лпўуклпуўклпук

Яман билан баҳсда пенальтини амалга ошира олмагач, Одил Аҳмедов борасида мухлисларда турли фикрлар пайдо бўлишни бошлади. Баъзилар, уни термадан кетадиган пайти келди деса, бошқалар йиллар ўз сўзини айтаётгани ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, Элдор Шомуродовдан ҳам кўплаб мухлисларнинг ҳафсаласи пир бўлгандек. Турли платформаларда қолдирилаётган изоҳларга эътибор қаратсак, «Женоа» форварди улар кутгандек сермаҳсуллик намойиш этмаяпти.

Ваҳоланки, бу йигитлар ЖЧ йўлланмаси учун бизга қўл келиши кутилган энг муҳим омил сифатида қаралаётган эди. Ўйлашимча, улардан мухлислар хафа бўлмаслиги керак. Сабаби, етакчилар катта саҳнага чиқадиган ўйин энди бошланмоқда. Биз Яман ва Сингапурни Одил ва Элдорсиз ҳам бемалол юта олар эдик. Тўғри, Яман билан баҳсда муаммоларга дуч келдик, лекин 3 очко бизда қолди. Ўша ўйинда термамиз сардори шунчаки фантастик ҳаракат қилди! Майли, пенальтини амалга оширмагандир, лекин ғалабага энг кўп у ҳисса қўшди.

Саудия билан баҳс бу йигитларимизнинг юлдузли онларига айланиши мумкин. Таниқли футбол мутахассиси - Сер Боб Робсоннинг айтишича, даражаси баланд футболчилар фақат кучли рақиблар билангина максимум ўйин намойиш этади. Нисбатан кучсизроқ учрашувларда улардан «мўъжиза» кутишнинг ҳожати йўқ. Қайсидир маънода, афсонавий мураббийнинг сўзларида жон бордек. Шахсан мен, бу сўзлар бугунги ўйинда ўзини юз фоиз оқлашидан умидворман. Ишонинг, агар Элдор ва Одил ўз даражасини намойиш этса, майдон ва ҳужум марказида ишларимиз юришиб кетади.

Қувонарлиси шундаки, энди жамоани елкасида олиб юришга тайёр футболчилар сафига Жалолиддин Машарипов ҳам қўшилди. Ортда қолган мавсумни араб диёрида ўтказган вингер шахс сифатида улғайди. Футболчи сифатида янги даражага кўтарилди. Легионер мақомини олди. Машарипов кучли харизмага эга. Шунингдек, вабанкка боришдан чўчимайди. Техникаси кучли бўлгани учун айрим вазиятларни ўзи ҳал этиши мумкин. Сингапур билан баҳсда бу дарров кўзга ташланди. Яман билан эса, Жалол аросатда қолди. Мураббий ундан ўзини эҳтиёт қилишни сўради. Боз устига, сариқ карточка олмаслик шарти билан ўйинга тушди. Ижодкор футболчилар чекловлар билан эркинликни йўқотиб қўйса, унга илҳом келмайди. Шу сабабли Жалолиддин ҳам Яман билан баҳсда 25 фоиз имкониятини «ўртага» ташлади. Саудия Арабистони билан ўйин бундан мустасно. У бугун майдонда «учиб» юриш мақсадида «жангга» киради. Шунингдек, Отабек Шукуров, Хожиакбар Алижонов, Одил Ҳамробеков, Икром Алибоевларни ҳам яхши спорт формасида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Умуман олганда, аввалги икки ўйин билан бунисини фарқи катта. Шу боис, аввалгиларидан кўра бошқачароқ ўйинни терма жамоамиздан кутиб қоламиз.

Умумий назар

georjhijerhe

Аслида, рақибнинг ҳам ўзига хос устунлик томонлари мавжуд. Бир қарашда терма жамоамизни «саҳро лочинлари»дан бир калла баланд кўрсатишга «тиришяпти» деб ўйламанг. Саудия тартибли ҳимоя, чизиқлар орасидаги боғламлар борасида бемалол мақтана олади. Шунингдек, шаклланган жамоавий ўйин ҳам улар фойдасига ишлаши мумкин. Буни мен айтмасам ҳам сезиб турибсиз. Шунчаки, «катта» ўйин олдидан Саудияга ортиқча таъриф бермоқчи эмасман. Ҳозир, мен, сиз ва барчамиз ҳеч бўлмаганда 90 дақиқага бирлашадиган пайт. Ташқи хавф келганда, ички низолар бир четга суриб ташланиши шарт. Ҳозир шундай ҳолатдамиз. Бу матчдан кейин, бемалол Абрамов ва унинг шогирдлари ўйинларига  ўзгача назар ташлашимиз мумкин. Ҳозир эса, шунчаки ғалабага ишонинг. Агар ўз ғалабамизга ўзимиш ишонмасак, бошқаларни қандай ишонтира оламиз?! Энг муҳими МТЖ юзи ёруғ холда Тошкентга қайтиб келсин. Танқид ва таҳғлилга ҳеч қачон кеч эмас.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
15/06/2021 17:02
БУГУН ОҚ БЎРИЛАР САҲРО ЛОЧИНЛАРИНИ ЕБ, ЯНЧИБ ТАШЛАЙДИ. ТОМОША ВАҚТИ СОАТ 23:00ДА ЎЗРЕПОРТ ТВ ВА СПОРТ ТВ ҲАМДА БОШҚА МАНБАЛАРДА.

Минбар

Барча блоглар