10 йил олдинги ва ҳозирги "Насаф" ўртасидаги фарқ каттами? Жамоа шу пайтгача қанча пул ишлаб олди? Қаршиликлар қачон ОЧЛда қатнашади? - Алишер Никимбаевдан жавоб

Бугун ОФК кубоги финал босқичидан ўрин олган "Ал-Муҳаррақ" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги финал ўйини бўлиб ўтади.

Учрашув Тошкент вақти билан 21:00да старт олади. Баҳс "Шайх Али Бин Муҳаммад" ўйингоҳида ўтказилади. Икки жамоа ҳам аввал бир мартадан ушбу кубок соҳибига айланган.

Ушбу беллашув олдидан биз Қатар футболида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз, таниқли мутахассис Алишер Никимбаев билан интервью ташкил қилдик. Унда сизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бор.

photo_2019-11-14_08-28-00

- “Насаф”нинг Баҳрайннинг “Ал-Муҳаррақ” клубига қарши ўйиндаги имконияти қандай?

- "Насаф"нинг бу беллашувда имкониятлари жуда юқори. Қаршиликларни фаворит, деб ҳисобласак ҳам бўлади. Ғалаба қозониш қийин, лекин уддалаш керак.

- 10 йил олдин чемпион бўлган ва ҳозирги “Насаф” ўртасидаги фарқ каттами?

- 10 йил олдин чемпион бўлган "Насаф"да тажрибали ва таркибида маҳоратли легионерлар кўпроқ эди. Жамоа уларга таяниб ўйнаганди. Ҳозир эса бироз бўлса-да, ёшроқ жамоа. Улар асосан маҳаллий футболчиларга таянади. Бу ҳам бир томондан яхши. 10 йил аввалги молиявий жиҳат ҳозиргидан яхшироқ. Демак, бундан кўриниб турибдики, камроқ бюджет билан ҳам шундай натижа қилиш мумкин.

- Қаршиликлар ОФК кубогида бу мавсум шу пайтга қадар қанча пул ишлаб топди?

- Бугунги кунгача ушбу мавсум "аждарлар" ОФК кубогида фақат 100 минг АҚШ доллари ютган. ОФК минтақа чемпионларига 100 минг АҚШ долларидан тўламоқда. "Ал-Муҳаррақ" ҳам шундай сумма ишлаб олган.

Финалда ютган жамоа бир ярим миллион АҚШ доллари олади. Ютқазган эса 750 минг АҚШ долларига эга бўлади.

- Агар Рўзиқул Бердиев шогирдлари ОФК кубогида чемпион бўлса, Осиё чемпионлар лигасига чиқадими?

- Рўзиқул Бердиев шогирдлари ОФК кубогида чемпион бўлса, улар Суперлига ва кубокдаги натижасидан қатъи назар, кейинги йилги ОЧЛ плей-оффида қатнашади. Агар Ўзбекистон кубогини "Пахтакор" ва "Насаф"дан ташқари бошқа клуб қўлга киритса, ўша жамоанинг ўрнига қаршиликлар плей-оффда ўйнайди. Демак, бугун "Насаф"нинг финалдаги ғалабаси кўп нарсага боғлиқ.

- Кейинги мавсумлар учун ОЧЛга квоталаримиз қандай?

- 2022 йилги квоталаримиз битта жамоа тўғридан-тўғри ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашади, иккинчиси плей-оффда ва яна бир клубимиз ОФК кубогида иштирок этади. Лекин 2023 йилдан бошлаб, квоталаримиз деярли аниқ 2+2 бўлади. Яъни 2 вакилимиз ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олади. Яна иккитаси плей-оффдан юришини бошлайди. Бундан кейин ҳар йили квоталар ўзгаради.

 

БЕКЗОД Исаев суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!