Бугун ОФК Кубогининг янги чемпиони аниқланади. Баҳрайннинг Арад шаҳрида ўтказиладиган баҳсда мезбон "Ал-Муҳаррақ" "Насаф"ни қабул қилади.

Ўйин бошланишига бир неча соат қолган бир пайтда, биз томонларнинг ҳал қилувчи беллашувга қадар босиб ўтган йўли ҳақида маълумот тақдим этамиз. Демак, сўзимизни "аждарлар" билан бошлаймиз.

IMG_1659

Рўзиқул Бердиев шогирдлари гуруҳ баҳсларини қўшни мамлакат жамоалари - "Олтин Асир" (Туркманистон), "Хўжанд" (Тожикистон), ҳамда "Олой" (Қирғизистон)га қарши ўтказди. Ушбу босқичда вакилларимиз 9 бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, бирорта тўп ўтказиб юбормади. Марказлашган тизимда Тожикистон мезбонлигида ўтган гуруҳ босқичи учрашувлари май ойида ўтказилганди.

Кейинчалик, қаршиликлар плей-оффдаги ўйинларнинг барчасини Қаршида ўтказди. Август сўнгида Туркманистоннинг "Аҳал" клубини қабул қилган "аждарлар" нисбатан қийинроқ бўлган ғалабани қўлга киритди. 1 ойдан камроқ вақтдан сўнг, Ҳиндистоннинг "Моҳун Баган" жамоаси "Марказий"да меҳмон бўлди. Бу сафар бизникилар рақибни тор-мор келтирди, ҳисоб 6:0! Ва ниҳоят, финал остонасида Гонконгдан ташриф буюрган "Ли Ман" клуби вакилларимизга жиддий қаршилик кўрсатди. 20 октябрь санасида, ўта асабий руҳда кечган мазкур тўқнашув кескин курашлар ва жароҳатларга бой ўтди. 120 дақиқадан узоқроқ давом этган ўйинда "аждарлар" иродалироқ чиқди ва 105-дақиқада Калудерович томонидан киритилган гол эвазига финал чиптасини "илиб кетди".

IMG_1068 (1)

"Насаф"дан фарқли ўлароқ, "Ал-Муҳаррақ" финалга 5 "қадам" билан етиб келди. Дастлаб, гуруҳда "Ал-Ансор" ҳамда "Ал-Сальт" жамоаларидан устун келган "бўрилар", кутилмаганда, аутсайдер "Марказ Балата"га имкониятни бой бериб қўйди. Эътиборлиси шундаки, клуб мазкур ўйинларнинг ҳеч бирида рақибига қараганда яққол устунлик намойиш этмади. Плей-оффда эса, бундай дея олмаймиз. Боиси, Ал-Ҳамданий шогирдлари ҳудудий ярим финал босқичида Ливаннинг "Ал-Аҳад" жамоаси устидан йирик ҳисобда зафар қучди, 3:0. 

Ярим финалда бизга таниш бўлган "Кувайт СК" ҳал қилувчи ўйинда иштирок этиш учун "Ал-Муҳаррақ" билан баҳс олиб борди. Сардор Рашидовнинг собиқ клуби ҳисобланадиган Кувайт жамоаси 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Таркибида Жон Оби Микель ва яна бир нечта яхши легионери мавжуд бўлган кувайтликлар мақсадига ета олмади. Умуман олганда, ўзбекистонлик мухлислар учун айнан шу клуб финал йўлланмасини қўлга киритгани маъқулроқ эди. Сабаби, мамлакатдаги вазият туфайли ОФК ҳал қилувчи баҳсни Қарши шаҳрига бериши эҳтимолдан ҳоли эмасди. Бу бир неча кун олдин якунига етган U23 Осиё кубоги саралаши гуруҳ босқичи учрашувларининг Кувайтдан Тошкентга тақдим этилиши мисолида ҳам кузатилганди.

IMG_20211105_164839

Юқорида томонларнинг финалга қадар босиб ўтган йўли ҳақида фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашдик. Зеро, бу томошабинларга финал олдидан ўйинга доир маълумотлар билан танишиш ҳамда томонларнинг имкониятини оз бўлса-да чамалаш имкониятини тақдим этади. Қуйида "Ал-Муҳаррақ" - "Насаф" учрашуви ҳақидаги бошқа қизиқарли маълумотларни келтириб ўтамиз. Сўнгги янгиликларни биз билан кузатишда давом этинг!

"Ал-Муҳаррақ" - "Насаф": Учрашув ҳақида билишингиз шарт бўлган 10 та факт!

"Ал-Муҳаррақ"да ўйнаган ўзбекистонлик футболчи, рақиб ҳақида нималарни биламиз ёхуд ҳаммаси финал олдидан

"Насаф"ни финалда қандай рақиб кутмоқда? "Ал-Муҳаррақ"ни кучли томонлари нимада?

Лутфулла Тўраев: "Насаф" футболчилари майдонда жонини беришига ишонаман!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар