"Алай" бош мураббийи: "Навбаҳор"га қарши майдонга тушиш биз учун олдинга ташланган қадам"

Наманганнинг “Навбаҳор” ва Қирғизистоннинг “Алай” клублари ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан (2:0) кейин меҳмонлар устози Александр Бальдинов ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.

- Авваламбор, ушбу ўртоқлик учрашувини ўтказиш бўйича берилган таклиф учун “Навбаҳор” клуби ва унинг раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Кучли рақибга қарши ўйнаш имкониятига эга бўлдик. Айни пайтда чемпионатга тараддуд кўряпмиз, бугунги учрашувни ҳам мазкур тайёргарлик доирасида ўтказдик. Албатта, бу каби халқаро ўйинлар биз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Гарчи бугун мағлубиятга учраган бўлсак-да, “Навбаҳор”га қарши ўйинда майдонга тушиш биз учун олдинга ташланган қадам ҳисобланади. Аммо тан олиш керак, бугун мезбонлар ҳақли равишда ғалабага эришишди. Улар бизга нисбатан тезроқ, уюшқоқликда ҳаракат қилишди, таркибида ҳам савияси юқори футболчилар ўрин олган. Шу боис ҳам натижа ҳаққоний бўлди. Лекин бу мағлубиятдан тегишли хулоса чиқарамиз.

Наманганга ташрифимиздан аввал “Навбаҳор”да малакали мураббийлар фаолият юритиши, маҳоратли футболчилар борлигидан хабардор эдик. Гарчи жамоа айни пайтда Ўзбекистон Суперлигаси турнир жадвалида 10-ўринда бораётган бўлса-да, мусобақа иштирокчилари тўплаган очколар орасидаги фарқ катта эмас ва бир-иккита ғалаба жамоани юқори ўринларга кўтариши мумкин. Бир сўз билан айтганда, кучли рақибдан таклиф тушиши ҳамоно, уни бажонидил қабул қилдик. “Навбаҳор”га келгуси учрашувларда омад тилайман.

"Навбаҳор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!