Александр Хомяков:

Coca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган “Машъал” ва “Навбаҳор” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин майдон эгалари устози Александр Хомяков ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ҳозирги вазиятда очко жуда зарур, шу боис, ўйиндан қандайдир ижобий натижа олишга уриндик. Ҳар ҳолда бир очко бўлса-да, қўлга киритдик. Ростини айтсам, ғалабага арзирли ўйин кўрсатолмадик, дурустроқ вазият яратолмадик. Иккинчи бўлимда легионер ҳужумчимизда пайдо бўлган имконият истисно қилганда, албатта. Ўша ҳолатда гол уриши керак эди. Умуман олганда, жамоавий ўйин ҳақида гапирсам, учрашув асабий руҳда кечди. Кетма-кет учта баҳсдаги мағлубиятдан кейин очко олишга эришдик. Келгусида шу натижа ҳам бизга ёрдам беради, деган умиддаман. Бошқа чора ҳам қолмаяпти. Олдинда бизни кузги ўта муҳим беллашувлар кутиб турибди, барча ўйинлар худди финалдек аҳамиятга эга бўлади. Ҳаракат қиламиз, олдинга интиламиз, ҳолатни ўрганамиз, ишлашда давом этамиз. Йигитларга эътирозим йўқ, айни пайтда нималарга қодир бўлишса, барчасини намойиш этишди. Ҳа, ҳужумларда тажовузкорлик етишмаяпти. Яна такрорлайман, очко олганимиз ижобий ҳолат.

 - “Машъал” ўз майдонида ишончлироқ ўйнайдими ёки сафардами?

- Билмадим, эҳтимол, сафарда ўйин ўтказиш енгилроқ бўлса керак. Ҳар ҳолда аксарият жамоалар ўз майдонида ҳужумкор футбол кўрсатади. Бундай паллада эса бизда бўш ҳудудлардан фойдаланиш, қарши ҳужумлардан наф чиқариш имконияти пайдо бўлади. Муборакда эса асосан тўп назоратига эътибор қаратишга тўғри келади, ҳужумларда аниқлик, креативлик, ҳамжиҳатлик етишмайди.

- Бугунги ўйин натижасидан қониқдингизми?

- “Навбаҳор” ҳимоядан ўйин ташкил этишни яхши йўлга қўйган, қарши ҳужумларга таянишни маъқул кўради. Буни уддалай оладиган маҳоратли ижрочиларга эга. Рақиб жамоа ҳимоясини ёриб ўтиш оғир бўлишини аввалдан билгандик. Адашмасам, “Навбаҳор” ўтказиб юборилган голлар фарқи бўйича учинчи энг яхши кўрсаткични қайд этиб турибди. Лекин бугун ғалабага лойиқ ўйин кўрсатмаганимиз аниқ. Биласизми, футболда шундай майда жиҳатлар бўладики, жамоа ғалабага лойиқ ўйин кўрсатса-да, омади келмаслиги мумкин. Шуни инобатга олсак, бизга айни пайтда бироз омад ҳам етишмаяпти.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар