Александр Хомяков иродали ғалабадан сўнг:

Бугун “Машъал” клуби ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилиб 2:1 хисобида иродали ғалабани қўлга киритди.

Суперлигада қолиш учун курашаётган муборакликлар учун қўлга киритилган уч очко сув ва ҳаводек зарур эди ва мезбонлар буни уддалади.

Ушбу ўйиндан кейин “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяков фикрлари билан ўртоқлашди.

- Бундай беллашувдан кейин ҳис туйғулар ва эҳтирослар ҳали босилиб улгурмаган бўлади. Ҳозир мен айнан мана шундай ҳолатдаман. Биринчи бўлимда ўйинимиз чиқмади, қўшимчасига дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Аммо учрашувнинг иккинчи ярмида йигитлар бор кучларини ишга солиб иродали ютуқни таъминлаш билан бирга элитада қолиш учун қулай имкониятни юзага келтира олдилар. Курашларга бой ва шиддатли беллашувдан кейин бу масалада ҳаяжон туфайли нимадир дейиш мушкул. Муҳими, йигитлар иккита гол киритиб, ўйин тақдирини ўзгартиришди. Ирода кучларини намойиш этганлари учун йигитлардан миннатдорман ва уларга раҳмат айтмоқчиман. Таъбир жоиз бўлса, футболчиларимиз бугун кичик бир қаҳрамонлик кўрсатишди.

- Чика узоқ вақт захирада қолиб кетди. Бугун майдонга тушиб иккита гол урди. У нима сабабдан захира қолиб кетаётганди?

- Чикада кичик муаммолар бор эди. Шу боисдан уни бошланғич таркибда майдонга туширмадик. Қолаверса, ўйин учун танлаган режамизда “Қизилқум”нинг беллашув охирига бориб чарчаб қолиши киритилганди. Чикага олдинги формангга кириб олишинг учун тайёргарлик кўришинг керак. Захирадан ўйинга қўшилишга шай тур, деган кўрсатмани бергандик. Кўриб турганингиздек, Чика майдонга тушганидан сўнг янада ўсди. Ўз навбатида ҳимояни тўрт футболчи билан кучайтирганимиз пировардида кутилган натижани таъминлай олди.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар