Александр Хомяков:

“Машъал” бу турда ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилди. Суперлигада қолиш учун курашаётган муборакликлар ўз майдонидаги баҳсда рақибга 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур ўйин хусусида “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрларини билдирди.

- Кўриниб турибдики, биз уддалай олмадик. “Насаф” жамоасини ютишни хоҳлагандик. Бунинг учун реал ҳолатда гапирадиган бўлсам, қаттиқ тер тўкишимиз керак бўларди. Жамоа борини бериши ва албатта омад ҳам зарур эди. “Насаф” эса охирги пайтларда жуда яхши ўйин кўрсатяпти. Бундай жамоани тўхтатиб қолиш қийин. Футболчиларимиз бор кучини беришди, аммо омад етишмади. Умуман айтганда, ҳимояда яхши ўйнай олмадик. “Насаф”дек рақиб билан ўйнаганда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолиш жуда қийин. Бугун чиройли ўйин бўлди, деб айтмаган бўлардим. Ўйинчиларимга шикоятлар йўқ. Уларга раҳмат. Энди чемпионатимизда танаффус юзага келди. Шу боис руҳий тарафдан тикланиб олишга ҳаракат қиламиз.

Айрим ҳолатларда бизни жахлимизни чиқармоқда. Ҳужумчилар шерикларига боғланиб қолган. Агар биз уларга голли вазиятларни яратиб бермасак, ўзлари бу ишни уддалай олмайдилар. Албатта, ҳужумчиларимизни кўпроқ голлар уришини хоҳлардим. Бундан ташқари, рақиб ҳам ҳужумчиларимизга ўзларини тўлиқ намойиш этишга йўл қўймади. Ҳаракат қилдик, аммо профессионал футболда хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Тўғрисини айтиш керак, учрашув давомида голга тортадиган яққол вазиятларни ҳам ярата олмадик. Шундай экан, “Насаф” кучлироқ ўйнади ва муносиб тарзда ғалаба қозонди.

Эшбўтаев даволаняпти. Умид қиламанки, икки ҳафталардан кейин таркибга қайтади. Аммо ҳозирча қандайдир қийинчиликлар юзага келяпти.

Мавсум якунланишига бешта тур қолди. Турнир жадвалининг қуйига эътибор беринг, жамоалар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Шунинг учун пастки ўринлардаги клублар ҳар бир ўйинни финал каби ўтказишяпти. Мана шундай босим чемпионат охиригача давом давом этади. Бизни қуйи лигага тушиб кетишимизни қаердан олдингиз? Мабодо, шундай бўлса, истеъфо бермоқчи эмасман, шартномам уч йилга мўлжалланган. Ўз мажбуриятларимни охиригача бажараман. Биз про-лигага тушиб кетиш ҳақида ўйламаяпмиз. Охиригача курашамиз, - дейди Александр Хомяков.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)