Алишер Шоғуломов "Оқтепа"ни ёпилиш сабаби, футболчилари қаерга кетаётгани, тотализатор ва янги режаси ҳақида

Про-лигада иштирок этиб келаётган Тошкентнинг “Оқтепа” фаолиятини тўхтатди. Хусусий клуб ҳисобланган “Оқтепа”нинг бундай вазиятга тушиб қолгани албатта ажабланарли.

Ҳозирга қадар бу жамоа 11 та ўйинда 1 ғалаба, 4 дуранг ва 6 та мағлубият қайд этиб, 7 очко билан 8-ўринда эди. Клубни бошқариб келган Алишер Шоғуломов sports.uz учун “Оқтепа”нинг нима учун ёпилгани ва яна бошқа мавзуларда фикр билдирди.

“ПФЛдан қарздорлигимиз бор эди...”

- Клубни ёпиш ҳолати ўзимиз учун ҳам жуда кутилмаган вазият бўлди, - дея гап бошлади Шоғуломов. - Молиявий муаммолар сабаб клуб ёпилди. ПФЛ томонидан клубга ҳеч қанақа ёрдам бўлмади. ПФЛ бош директори Диёр ака Имомхўжаевнинг фикрларини ўқидим ва биз “Оқтепа” учун ҳамма нарса қилганмиз, деди. Ҳа, қаердадир мухлислик қилган. Лекин молиявий томонлама клубга ҳеч қанақа ёрдам бўлмаган. Ўтган йилги қарздорлиги бор, деб айтди. Айнан ўтган йилги қарздорлик масаласи бўйича шуни айтмоқчиманки, карантин пайтида бошқа мамлакатларда, масалан, Италия чемпионатида футбол федерация томонидан клубларга ёрдам кўрсатилган. Биласиз, “Оқтепа”да ҳомий ўзимиз. Шу сабабли, ПФЛга ўтган йилги қарздорликдан воз кечиш масаласида хат билан мурожаат қилганмиз. Чунки пандемия бутун дунёда юз берди, биргина бизда эмас. Аслида жамоамизда шароитлар яхши бўлган. Аммо пандемия туфайли қийинчиликлар юз берди. ПФЛга хат билан мурожаат қилганимиздан сўнг, рад жавобини олмадик. Бу йилга келсак, шартнома тузилган ҳар бир легионер учун 25 миллион сўм пул тўлаш керак. Биз бу пулларни тўладик. Лекин ҳали бадал пулини тўламагандик. Албатта, буни ҳам йил давомида тўлашга ҳаракат қилаётгандик. Янги бош мураббий ва яна 10 нафар ўйинчини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганимизда ПФЛдагилар қарзларни тўламагунча ҳеч кимни рўйхатдан ўтказмаймиз, деб айтишди. Бир жамоани ушлаб қолишнинг ўзи бўлмайди. Бу ерда 35 та одам ишлайди. Бунгача клубда мураббий ёки бошқаси йўқ, деган турли гап-сўзлар чиқди. Бироқ 35 та одамни боқишни ўзи бўладими? Шу кунгача футболчилардан умуман қарзимиз йўқ. Фақатгина ПФЛдан бўлган қарздорлигимиз бор эди, аммо улар бизга ёрдам кўрсатмади. Юз берган вазият бизга тўғри келмагани учун “Оқтепа”ни ёпишга қарор қилдик.

октепа_1

“Футболчиларни бошқа клубларга жойлаштиряпмиз”

- 10 тага яқин ўйинчиларни шахсан ўзим бошқа клубларга йўллаганман. Қўлдан келганича футболчиларга ёрдам қиламиз. Ислом Каримов ҳозир “Металлург” жамоасига кетди. Колумбиялик ярим ҳимоячи Хуан Бесерра “Турон”га қўшилган. 14 июль куни Жавоҳир Қаҳрамонов билан Азиз Пирмуҳаммедов “Бунёдкор”га қўшилади. Суннат Мамадалиев “Арал Самали” жамоасига кетяпти. Талгат Нигматуллин эса “Олимпик” билан шартнома тузди. Қолган футболчиларимиз биринчи лига ва ёшлар лигасида кўрикдан ўтишади.

“Диёр Имомхўжаевни айбламайман”

- Шахсий клубни ривожлантириш, деб айтилади, аммо бу борада ҳисса қўшилмаяпти. Нимага ПФЛда ҳомийлар кўпайяпти, жамоаларда эса кўпаймаяпти. Шу боисдан, бизга тўғри келмади. Лекин Диёр Имомхўжаевни айбламайман. Қарор ҳамма учун бир. Аммо раҳбар бўлганидан кейин нимадир ўйлаб топиш ва қўллаб-қувватлаш лозим эди. Ҳамма ҳам чиройли гапираверади, лекин амалда ҳеч нима бўлмаган. Диёр Имомхўжаевни нима билан мақтасам бўлади? У про-лигани ривожига анча ҳисса қўшди. “Нефтчи”, “Олимпик” каби ҳомийси бор клубларга мазкур ривожланиш яхши бўлган. Чунки шароитлари бор. Лекин шароитга қараб, иш қилиш керак. Қолган жамоаларга оғирлик қилади. Стадион масаласида нимага “Арал” ва “Хоразм”га сунъий майдонда ўйнашга рухсат беришди, “Оқтепа”га эса рухсат беришмади? Шу ҳолатга ҳам тушунмадим. ПФЛнинг айтишича, Хоразмда яхши стадион бўлишини шароит кўтармайди, Нукусда ҳам иссиқ. Лекин иссиқда сунъий майдонда ўйнаш ҳам қийин. Барибир хусусий клублар бўлгани яхши. Ана шунда жамоаларда бошқача инфраструктура бўлади. Одамлар ҳам бошқача ишлайди. Бу худди ўз уйидек. Ортиқча пул сарфланмайди. Бундай вазиятда барча маблағлар тўғри йўналтирилишга ҳаракат қилинади. Икки йил давомида еттитача легионер ўзимизда ўйнаб кетди.

октепа2

“Бизда ойлик маошлар катта эмас”

- Бизда катта ойлик маошлар бўлмаган. Жамоамизда ҳам эл қатори, легионерлар ҳам, маҳаллий футболчилар ҳам бир хил маош оларди. Икки миллиондан беш миллионгача маошлар бўлган. Ҳаммада ҳар хил. Ўртача маошни 2-3 миллиондан ҳисобласак, 35 та одамга қанча бўлади?

“Ҳеч қачон тотализатор билан шуғулланмаганмиз”

- “Оқтепа”ни ўзига яраша ютуқлари ҳам бўлди. Кимдир “Оқтепа”да катта бўлди, яна кимдир фаолиятининг қайсидир қисмида шу ерда тўп сурган. Жалолиддин Машарипов, Шохруз Норхонов, Шаҳзод Нурматов, Никита Павленко каби ўйинчилар “Оқтепа”га ҳиссаси қўшилган. Клубни асосий мақсади Ўзбекистон терма жамоаларига муносиб ўйинчиларни етиштириш бўлган. Салбий ҳолатларга келсак, айрим ёмон нарсаларни, масалан тотализаторга алоқадор, деб ёзишяпти. Бу бизга қанчалик оғир ботишини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Дадам – Ғанишер Шоғуломовга ҳам бундай гаплар оғир ботади. Чунки шунча меҳнатга яраша раҳмат шуми, деган нарса ҳам бўлади. Биз ҳеч қачон тотализатор билан шуғулланмаганмиз. Бундай ўйин ўйналганда ҳам ўзимиз Ярослав Крушельницкийни аниқлаб, федерацияга топширганмиз. Кейин у олти ой футболдан четлаштирилганди. Бизни ютқазганимиз ҳар кимга ишонганимиз бўлган.   

“Энди академияни ривожлантирамиз”

- Футболга муҳаббат қилган одам бу спорт турини тарк эта олмайди. Мақсадимиз энди академияни ривожлантириш. Бир неча мураббийлар билан келишиб олдик. “Оқтепа-Феник” номи билан академия очиляпти. Ёшларга яшаш жойини тақдим этамиз. Иккита рус ва ўзбек мактаби билан келишиб олганмиз. Гимнастика, акробатика, сузиш каби бошқа спорт турлари ҳам иш фаолиятини олиб боради. Бу лойиҳамиз ўзига яраша муҳим қадам бўлади, - дея сўзини якунлади Алишер.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Алишер Собиров
11/07/2021 15:52
Уфф дагиларни жигилдони туймайди.уз УФФ ни истефога чикариш керак хаммасинг 1чи уриндаги вазифа ЖЧ чиколмади