"Анчадан бери бундай ўйин кўрмагандим, Эроннинг ўзи ҳам ҳайрон қолди" - футзалчиларимизнинг қаҳрамонлиги мутахассис эътирофида

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Литвадаги жаҳон чемпионати нимчорак финалида Эронга қарши кўрсатган ўйини катта қаҳрамонлик сифатида баҳоланяпти.

Тўғри, биз ютқаздик, аммо жамоамиз кучли рақибга қарши шу қадар мардонавор ўйин кўрсатдики, гўёки футзалчиларимиз ғолиб сифатида ўйинни тарк этгандек бўлди. Чунки Эронга 8 та гол уришни ўзи бўладими?

Биласиз, бу Осиёнинг биринчи рақамли жамоаси ҳисобланади. Жаҳонда эса энг кучли термалардан бири. Ўзаро учрашувларда ҳали бу қадар ўта жиддий қаршилик кўрсатилмаганди. Бу билан Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам ўсаётганини жаҳонга кўрсатди.

Мазкур қарама-қаршиликдаги беллашув ушбу жаҳон чемпионатидаги энг зўр ўйинлардан бири бўлди. Негадир ютқазган бўлсак-да, хафа ҳам эмасмиз. Чунки футзалчиларимизнинг кўрсатган ўйини ҳаммамизни хурсанд қилди. Эронга қарши беллашув борасида ўзбекистонлик футзал мутахассисларидан бири Аҳад Юсупов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўйиндан қандай таассурот қолди?  

- Нима ҳам дердик, ўйинни ҳаммамиз кўрдик, Ўзбекистоннинг ютуғини барчамиз хоҳлагандик. Футзалчиларимиз янги тарих саҳифаларини очиб келишди. Ўзбек футзали кундан-кунга ривожланиб бораётгани кўзга кўриниб турибди. Янги жамоа ва янги ўйинчилар, ҳаммаси ажойиб. Фақат ишлашда давом этиш керак. Бир-иккита хатолар бўлмаганида, ғалаба қозонса бўладиган ўйин эди. Йигитларимиз гладиатор бўлиб ўйнадилар, гап йўқ. Улар борини бериб ўйнашди. Менга ҳам алам қиляпти, ютқазганимиз. Тактик томондан барчаси тўғри бажарилди ва охиригача курашишди. Эрон учта тўп фарқи билан олдинга ўтиб кетганида рақиб бўшашди ва бундан жамоамиз фойдаланди. Фақат бир нарсага эътибор қаратмоқчи эдимки, бизга озгина тажриба етишмади. Биз жаҳон чемпионатида иккинчи маротаба қатнашяпмиз. Эронга ўхшаб 9 карра мундиал иштирокчиси бўлганимизда терма жамоамизда ҳам етарли тажриба бўларди. Барибир футзалчиларимизга қойил қолдим. Ҳозирги кунда дунёнинг энг кучли учинчи жамоаси билан тенгма-тенг ўйнаш осон эмас. Бу ўйинда бизга бироз омад ҳам етишмади. Эронликлар керакли жойда прессинг қўллашди. Бизнинг йигитлар бутун ўйин давомида прессинг қилдилар. Ёпиқ ўйин кўрсатишмади. Охирида жисмоний томондан ўйинчиларимиз чарчаб қолдилар. 5-голда дарвозабонимиз хато қилди. Кейин мураббий Илҳом Ҳамроевни олтинчи ўйинчи сифатида тушириб тўғри қилди. Агар ўшанда керак бўлмаган хатони қилмаганимизда натижа бошқача бўлармиди?! Шунда ҳам футзалчиларимиз ўз даражасидан юқори савияда ўйнадилар. Охирги ўйин каби жон-жаҳдлари билан курашишди.

терма1_1

Ўзбекистон ҳеч қачон Эронга 8 та гол урмаган. Рақибнинг ҳозирги даражаси ҳақида

- Эрон терма жамоаси ҳозир авлодлар алмашинуви жараёнида турибди. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатида энг ёш жамоалардан бирига айланди, адашмасам бу борада учинчи бўлишди. Ҳақиқатан Эрон тарихда ҳеч қачон Ўзбекистондан 8 та гол ўтказиб юбормаган. Бу ўзбек футзали ростдан ривожланяпти деганидир. Қолаверса, футзалимиз учун фидойи инсон бор – Жаҳонгир ака Усмонов. Шу одамнинг меҳнати ҳам жуда катта. Футзалга бу қадар жон куйдирган одамни бошқа кўрмаганман. Футзалимизни шу даражага олиб чиқилишида Жаҳонгир акани катта ҳиссаси бор. Шунга ўхшаган фидойи инсонларимиз кўпайса, футзалимиз ривожланишда давом этади. Кейинги Осиё ва жаҳон чемпионатларида терма жамоамиз янада яхши натижалар кўрсатишга муносиб.

терма2

Бизда дарвозабон алмашгани асосий хатоимиз бўлдими?

- Бундай деб ўйламайман. Элмуродовни анчадан бери биламан. Қўл остимда шуғулланган. Фақат бу ўйинда бироз таваккалчиликка йўл қўйдик. Эронга қарши ўйинда олтинчи ўйинчи билан ўйнаб ютиш мумкин. Шуни олдин ҳам айтганман. Мана, шу ишни қилишди. Яна бир бор йигитларимизга раҳмат. Жамоамизда учта тўп фарқи билан ютқазаётганида ҳам қўлини туширмади. Ўйин тугаганидан кейин ҳаёлга турли фикрлар келаверади. Жамоамиз хато қилмади. Фақат бу дарвозабон жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйинида тушди. Ёмон бошламади. Барибир айрим вазиятларда оёғи қалтираб қолди. Саросимага тушиб қолди. Аслида у иқтидорли. Мана шундай катта мусобақалар орқали тажриба орттиради. Уни айблаш нотўғри. Лекин терма жамоамизнинг ўйини ёқди. Анчадан бери бундай ўйин кўрмагандим. Чинакам жангчиларга хос тайёргарлик билан чиқишди ва дунёнинг топ-жамоасига қарши муносиб курашди. Эронни ўзи ҳам ҳайрон бўлиб қолди, улар бунча гол ўтказишмаганди, - деди Юсупов.

терма

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
25/09/2021 09:23
Супер уйин! Уйинчиларимизга хам, уларни отасига хам миллион рахмат! Хаммалиги зур уйнашди, уларни хаммаси куркмасдан уйнашди. Хатто дебютант уйинчиларимиз хам узларини мард йигит эканликларини курсатишди! Жамоамиз энг ёш жамоалардан булса хам, зур уйнашди! Кейинги ЖЧ да янада яхши булади!