Олдин хабар берганимиздек, “Андижон” клуби янги мавсумга тайёргарлигини 12 январдан бошлаши режалаштирилган. Бош мураббий Виктор Кумиков ва унинг ёрдамчиси Олег Корниенко бир кун олдин етиб келишади.

Жамоада ўзгаришлар юз беряпти. Айниқса, таркибни тўлдириш учун янги ижрочилар билан аллақачон музокаралар бошланган. Яқинда сербиялик футболчи Владимир Бубаньяга таклиф билдирилгани ва буни ўйинчининг ўзи тасдиқлагани хусусида Sports.uz сайти орқали хабар бергандик. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтга келиб “Андижон” жамоаси Бубанья билан деярли келишувга эришган. Қолаверса, черногориялик легионерларга ҳам таклиф юборилган бўлиб, музокаралар олиб бориляпти.

Бундан ташқари, ўтган йилги мавсумнинг биринчи ярмини Грузияда Кутаисининг “Торпедо” ҳамда иккинчи даврани “Сурхон” клубида ўтказган ҳимоячи Мурод Тўйчибоев “Андижон” клубидан таклиф олган. Шуни айтиш керакки, клуб ўтган йили ёзда ҳам ушбу ўйинчига қизиқиш билдирган. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×