Бошқа клублар қатори “Андижон” ҳам ёзги йиғиндаги режаларни тузиб чиқмоқда. Айниқса, таркибни кучайтириш асосий масалалардан бирига айланган.

Шу сабабли, мухлислар клубда қандай ўзгаришлар бўлишига қизиқмоқда. Шуларни инобатга олиб, клуб спорт директори Бобур Алимардоновга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.

- “Андижон” клуби трансфер ойнаси очилган пайтда таркибда қанчалик ўзгаришларга қўл урмоқчи?

- Раҳбарият билан келишган ҳолда таркибни кучайтириш ҳаракатидамиз. Ҳозир футболчилар билан музокара жараёни давом этяпти. Ҳали ким биландир 100 фоиз келишувга эришмаганмиз. Музокаралар тугаб, ҳаммаси ҳал бўлгач, матбуот хизматимиз хабар беради.

- Легионерлар масаласида ҳам клуб иш олиб бораётганидан хабардормиз. Айни пайтда қайси хорижлик ўйинчилар билан музокаралар давом этяпти?

- Маҳаллий ўйинчилар қатори турли легионерлар билан ҳам гаплашяпмиз. Аммо улар билан ҳам ҳали музокара якунига етмаган. Сабаби, биз эркин агент мақомидаги футболчини жалб қилмоқчи эмасмиз. Ўзингиз биласиз, эркин ўйинчи спорт формасида бўлмаслиги мумкин. Жамоасиз юрган ўйинчи мавсум ўртасида келиб ёрдам бериши қийин, деган фикрдамиз. Айни пайтда ўз клубига эга бўлган ва ўйнаб турган 4-5 легионер билан гаплашяпмиз. Уларнинг орасида менимча икки легионерни жалб қилсак керак.

бобур1_1

- Маълумки, анча аввал испаниялик Довале билан клуб деярли келишувга эришганди. Унинг масаласи нима бўлди?

- Довале масаласида ўйлаяпмиз. Албатта, у рўйхатимизда, аммо ёши бироз каттароқ, деган фикрдамиз. Боиси, бошқа гаплашаётган легионерларимиз ундан кучлироқ, бизнингча. Доваленинг ўйинларини кўрдик. Тўп билан яхши ўйнайди, бироқ тўпсиз ҳаракати кам. Мураббийимиз талаб қилган услуб бўйича футболчи тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам жамоага ёрдам бериши керак. Шу томонлама солиштирганимизда Тони Доваленинг кўрсаткичлари пастроқ.

- Музокара олиб борилаётган легионерлар асосан қаердан?

- Ҳар хил ўйинчилар билан гаплашяпмиз. Кўпроқ Украина, Молдова, Сербиядаги ўйинчиларга эътибор қаратяпмиз. Улар футболимизга яқинроқ. Албатта, кучлироқ ўйинчиларни бошқа давлатлардан ҳам қидиряпмиз. Лекин мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ тунунишига ҳам эътибор қилиш керак. Узоқ хориждан келган ўйинчи мураббийнинг нима деяётанини тўлиқ тушунмаслиги мумкин. Шу боис, имкон қадар рус тилини биладиган, футболимизга тезроқ мослашадиган легионерларни кўряпмиз. Сабаби, қишки йиғиндан кўра, ёзгиси жуда қисқа бўлади. Тезда иккинчи давра баҳслари бошланиб кетади. Мана шу жиҳатларини ҳам эътиборга оляпмиз.

- Жасур Жалолиддинов масаласи ҳам ҳаммани қизиқтиряпти. У “Локомотив”га кетди. “Андижон” билан шартномаси қанча муддатга тузилган?

- Ҳар хил гап-сўзлар юрибди. Ҳозирча уни шартномаси биз билан. Футболчи “Локомотив” билан оғзаки келишувга эришган экан. Жасурни йўлини тўсиш ниятимиз йўқ. У шуни хоҳлаган экан, имкон қадар ёрдам берамиз. Аммо шундай ҳолат бўлдики, афсуски, у хориж клубларининг таклифларини бекор қилди. Жалолиддинов билан келишувимизга кўра, агар четга кетса эркин агент мақомида кетиши кўзда тутилган. Албатта, ўзи қарор қилди. “Локомотив”ни танлади. Биз билан бир йиллик шартномаси бор.

- “Андижон” уни “Локомотив”га сотадими? “Андижон” бу трансфердан фойда кўрадими?

- Бу масалага ойдинлик кирита олмайман. Умид қиламизки, “Локомотив” раҳбарияти бизнинг раҳбарият билан ўзаро гаплашиб олади. Бу юқори раҳбарият ҳал қиладиган масаладир. Улар ўзаро келишиб олишса, биз қолган иш жараёнини амалга оширамиз. Менимча, эртага биз ҳам “Локомотив”дан кимнидир олмоқчи бўлсак, уни ҳатто эркин агент мақомида қўлга киритсак ҳам, клуб раҳбарига шу футболчини оляпмиз, деб айтиб қўямиз. Клублар ўртасида ҳурмат бор ва “Локо” раҳбарияти албатта бизнинг раҳбарият билан гаплашиб олади.

анджион_3

- Жалолиддиновдан ташқари “Андижон”ни яна қайси футболчилар тарк этди?

- Ҳозирча ҳеч ким билан хайрлашганимиз йўқ. Аммо тарк этиши мумкин бўлган футболчилар бор. Ҳали  бу борада раҳбарият қарор қабул қилмади. Агар кимлар кетиши аниқ бўлса, матбуот хизматимиз хабар беради.

- Бош мураббий масаласи ҳам кун тартибида эди. Ёрқин Назаров иккинчи даврада ҳам жамоани бошқарадими ёки бошқа мутахассис келадими?

- Ҳозирча ҳеч қанақа бош мураббий варианти кўрилмаяпти. Иккинчи даврада Ёрқин ака ишни давом эттиради. Менимча, раҳбарият мураббийнинг ишидан қониқяпти. Сабаби, жамоа ўйинида яхши ўзгаришлар бор. Мана, Наманганда узоқ кутилган ғалабага ҳам эришдик. Шу боис Назаровга ишонч билдириляпти. Мавсум охиригача Ёрқин ака лавозимида ишлайди. Ниятимиз Суперлигада қолиш. Бу мақсад амалга ошади деган умид билан Назаровга раҳбарият ишонч билдирди.

- “Андижон”нинг ёзги йиғин режаси қандай?

- Водий турнири ташкил қилиш ниятидамиз. Бу амалга ошадиган бўлса, клублар билан келишиб ўйинлар ўтказамиз. Тайёргарлик жараёнлари асосан Андижонда ўтади. 10 июлдан жамоа йиғилади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар