Арбелоани Бекободда қандай тадбирлар кутаётганини биласизми?

Сайтимиз орқали “Реал”нинг кўзга кўринган собиқ футболчиларидан бири – Альваро Арбелоанинг юртимизга ташрифи кутилаётгани ҳақида хабар бердик.

Маълумки, “Металлург” клуби “El Golazo” билан ҳамкорликда “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” академиясига асос солинди. Ўз номи билан маълумки, ушбу футбол даргоҳи бевосита “Реал” академияси билан боғлиқ бўлади ва машғулотлар методикаси ҳам “Қироллик клуби”нинг услуби асосида ташкиллаштирилади.

Юртимизда илк бор иш бошлаётган мазкур академиянинг очилиш маросимига ҳам ташкилотчилар тарафидан жиддий тайёргарлик кўриляпти. Албатта, унда Арбелоанинг иштирок этиш муҳим воқеликлардан бири бўлиши шубҳасиз. “El Golazo” компанияси таъсисчиси Зокиржон Холиқов испаниялик собиқ жаҳон чемпионининг юртимизга ташрифи борасида шундай деди:

арбелоа

- У “Реал”нинг ҳар бир жойдаги академияларига ташриф буюрадиган элчиларидан бири. “Реал”нинг мана шундай иккита элчиси бор. Бири Роберто Карлос, иккинчиси Альваро Арбелоа. Бундан ташқари, Арбелоа “Реал” академиясида U-14 жамоасини ҳам бошқаради. “Real Madrid Foundation”нинг чет мамлакатларидаги лойиҳаларида қатнашади. Шу орқали “Real Madrid Foundation” ҳақида маълумотлар бериб борилади.

“El Golazo Academy Powered by Real Madrid”нинг очилишини 5 октябрга белгиланишига келсак, бунда албатта Арбелоанинг хоҳишига қараганмиз. Яъни, унинг вақтига қараб белгилаганмиз. Чунки унинг машғулотлари ва бошқа ишлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам академиямизнинг очилишини унинг келишига қараб тўғриладик. Арбелоа билан танишмиз. Тахминан 1,5 йил муқаддам Мадридда учрашганмиз. Ҳали Ўзбекистонда бўлмаган. Барибир бу ҳолат қизиқ туюлди. “Реал”да ишлайди ва бундай тадбирлар унинг клуб элчиси сифатидаги вазифаларидан биттаси. Мана шундай лойиҳалар бўйича турли мамлакатларда очилиш маросимларида иштирок этиб келади, - дейди Холиқов.

арбелоа1

Шунингдек, Зокиржон Холиқов сўзида давом этар экан, Sports.uz мухбирига Арбелоанинг Бекободда қандай тадбирлар кутаётганига ҳам ойдинлик киритди.

- Хабарингиз бўлса, Бекободда футбол академиясидан ташқари “Металлург” клубига тегишли бўлган хусусий мактаби ҳам очилган. “El Golazo”да таълим оладиган барча болалар ўша мактабда ўқийдилар. У ерда ётоқхона билан таъминланадилар. Мактаб таъмирдан тўлиқ чиқарилган. 5 октябрь куни бўладиган очилиш маросими ҳамда Арбелоа билан матбуот анжумани ўша мактаб биносида уюштирилади. Ундан сўнг, академия биносига ташриф буюрилади. Кейин “Металлург” стадионида Арбелоа ва “Реал”дан ташриф буюрган техник директор Луис Мануэль иштирокида академия тарбияланувчилари учун “мастер-класс” бўлади.

Академия учун ўқувчилар саралаб олинди. Янги лойиҳа эса бошланиш арафасида турибди. Мутахассисларнинг бу лойиҳадан умиди катта. Шунга яраша таълим бериш усули ҳам ўзгача бўлиши кутилмоқда. “El Golazo” раҳбари шундай деди:

зокир

- Тўғрисини айтсам, ҳар бир ёш тоифасида икки хил жамоа бўлади. “А” гуруҳида иқтидорлилар жамоаси бўлиб, улар грант асосида ўқишга кирганлар. “В” гуруҳимизда шартнома асосида ўқилади. “Реал”дан келган техник директор болаларни ўзи кўрикдан ўтказиб, саралаб оляпти. “Реал” клубининг йиллик дастури асосида иш олиб бориляпти. Машғулотларга бўлган ёндашув тубдан ўзгартирилди. Испан футболи методикасининг янги йўналиши бўйича иш ташкиллаштириляпти. Албатта, бу йўналишни тўлиқ амалга татбиқ этиш учун бироз вақт кетади. Мураббийларимизнинг мослашиши ҳам маълум вақтни талаб қилади. Ҳозирда янги қўлланилаётган дастур тўлиқ тушунтириб бориляпти. Машғулотлар жараёнини испаниялик мутахассислар назорат қилиб боришяпти.

Бу лойиҳани молиялаштириш тўлиқ бош ҳомийимиз – “Узметкомбинат” орқали амалга оширилмоқда. Шартнома асосида ўқийдиганлар ойига 3 миллион сўм тўлайдилар. Бунинг ичига хусусий мактабда ўқиш, ўзбек ва рус тилларидан ташқари, қўшимча инглиз билан испан тилларини ўрганиш, тўрт маҳал овқат ҳамда ётоқхона билан таъминлаш, қолаверса, “Реал”нинг дастури асосида шуғуллантириш ўз ичига киради, - дея фикрини якунлади, Зокиржон Ҳолиқов.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар