Қўшни тожик футболида охирги пайтларда сезиларли ўзгаришлар бўляпти. Буни терма жамоалар ва клублар миқёсида ҳам кўриш мумкин. Ўзбек футболчилари тожик чемпионатида, тожик ўйинчилари эса ўзбек чемпионатида тўп суришяпти.

Тожикистон футболида кўзга кўринган тажрибали мураббийлардан бири, мамлакат терма жамоасининг вақтинчалик устози Мубин Эргашев мухлисларимиз учун ҳам бегона эмас. У юртимиз жамоаларига қарши ўйинларда ҳам қатнашган. Футболимизни ҳам яхши билади. Мубин Эргашев билан суҳбатда бир қатор масалалар ҳақида фикр билдирилди.    

- Мубин Асрорович, тожик футболи учун 2021 йил қандай ўтди?

- Аввало, мамлакатингиздаги ишқибозларга ўз саломимни ва фурсатдан фойдаланган ҳолда янги йил билан қизғин табрикламоқчи эканлигимни етказмоқчиман! Вирус туфайли футболдаги ўзгаришлар бошқа мамлакатлар қатори бизга ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмади. Асосий бурилиш сифатида халқаро ўйинларни ўтказиш формати ўзгарганлигини айтишим мумкин. Шунинг эвазига турли сафарлар бас қилиниб, ўйинлар муайян бир жойда ташкил этиш одат тусини олди. “Истиқлол”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини алоҳида таъкидлаб ўтишни истаган бўлардим. Шунингдек, тожик футболи учун қувонарли бўлган воқеани эсламасдан ўта олмайман. Хабарингиз бор, Тожикистон олимпия терма жамоаси тарихда биринчи марта Осиё чемпионати U-23нинг финал босқичига йўл олди. Ички чемпионатга келсак, ЦСКА клубининг иштироки яхши таассурот қолдирганини айтиб ўтишим керак. У охирги турга қадар учинчи ўринни банд этиш учун кураш олиб борди ва якунда бу ўринни эгаллади ҳам. Шунинг эвазига энди жамоа ОФК Кубоги турнирида юртимиз шаънини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Бу клуб тарихида илк бор кузатилмоқда.

- “Истиқлол” – доимий чемпион. Тожикистонда бирор-бир клуб “Истиқлол” билан беллаша олишга кучи етмаяпти. Бундай ҳолат миллий биринчилик савиясига салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Ҳа, “Истиқлол” юртимиздаги етакчи клуб. Унда профессионал даражада ўсиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Инфратузилма, машғулот жараёни – буларнинг барчаси жуда яхши йўлга қўйилган. Чемпионатдаги ўйинлар “Истиқлол” учун осон бўляпти, демаган бўлардим. Чунки барча рақиблар уларга қарши жиддий рақобат ҳосил қилишга ҳаракат қилишяпти. Айтмоқчиманки, клуб учун ғалаба қозониш осон бўлмаяпти. Агар чемпионатимизда “Истиқлол”га ўхшаган яна бир нечта жамоа бўлганида бу биринчи навбатда ўйинчиларимизнинг маҳорати ва чемпионатнинг янада қизғин тус олишига замин яратиб берган бўларди. Ўз навбатида бу ҳол терма жамоамизнинг кучига куч қўшиши тайин эди. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир нарсанинг ўзига яраша плюс ва минуслари бўлади.

8f0ac-mubin-ergashev

- Сиз Тожикистон миллий терма жамоасининг вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажаряпсиз. Терма жамоани бошқариш учун хорижлик мураббий керак ёки керак эмасми, бу ҳақдаги фикрингиз қандай?

- Терма жамоага хорижлик мураббийларни жалб этиш масаласига ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Аммо хорижлик мутахассисга бошқа менталитет, қўйилган талабларни қандай бажариш кераклигини билиш учун вақт даркор бўлади. Ўзи амал қилиб келаётган фалсафани ва ғояларни бутунлай бошқа маданият ва менталитетга эга бўлган жойда амалга татбиқ этиш осон эмас. Шунингдек, мисол тариқасида олиш керак бўлса, ўйинни 4-3-3 схемасидан 4-4-2 схемасига ўзгартириш, бутун баҳс давомида прессинг қўллаш, кучли босим остида ўйнашни ўргатиш жараёни мутлақо осон кечмайди. Бу ишни амалга ошириш учун эса ўсмирлар, ёшлар терма жамоасидан то миллий терма жамоага қадар ўргатиш керак бўлади. Аксарият ҳолларда хорижлик мураббийлар билан боғлиқ иш жараёнида шундай ҳолатлар кузатилмасдан қолмайди. Бундай мутахассислар ўзи ишлаши мумкин бўлган давлатда болалар-ўсмирлар футболи қандай йўлга қўйилгани, ватан футболи тарихи нималардан иборат эканлигини билмайди ва ўз фикридан келиб чиққан ҳолда жамоани ўйинларга тайёрлашга киришади. Бундай амалиёт эса ҳар доим муваффақият келтирмайди. Аксинча, орадан бир йил ўтганидан сўнг терма жамоа ўз олдига қўйилган вазифани бажара олмаса, хорижлик мутахассис шартнома муддатидан олдин бекор қилингани учун мўмай суммадаги товон пулини киссаларига уради-ю, истеъфога чиқиб кетади. Хорижлик мутахассис билан бизнинг мутахассисларни нима ажратиб туради? Хорижлик мураббийга маҳаллийдан кўра, кўпроқ эркинлик яратиб берилади. Шунинг эвазига у ортиқча босимни ҳис қилмасдан ишлайди ва катта миқдорда маош олишда давом этаверади. Маҳаллий мураббий эса ундан фарқли равишда жамоанинг ўйинини йўлга қўйиш учун икки баробар куч билан ишлайди. Чет эллик мураббий ўз штабига ўзи яхши билган ёрдамчиларни йиғади ва уларнинг қарашларидан келиб чиққан ҳолда ўйинчиларни танлашга тушиб кетади. У бундай пайтда маҳаллий ҳамкасбидан кўра таваккалга икки баробар кам қўл уради. Ўз вақтида устозим айтганидек, мураббий - бу ўзга сайёралик одамдек гап. Бу биринчи навбатда хорижлик мутахассисларга тааллуқли. Чунки улар ўзлари яшаб ўрганган ҳаётдан келиб чиққан ҳолда ишлашади. Улар бошқа юрт терма жамоаси учун ўзини қурбон қилишга кўп ҳам уринмай, оила-аъзоларининг турмуш шароитини яхшилашга киришиб кетадилар. Яхши ёки ёмон мураббийлар бўлмайди. Бу гап маҳаллий ва хорижликларга ҳам бирдек тааллуқли. Ҳақиқий мураббий дея оғир шарт-шароитда ҳам, ўйинларни танлаш имконияти кам бўлган вазиятларда ҳам чора топа оладиган мутахассисни айтиш мумкин.

мубин эргашев

- Ўзбек футболида дўстларингиз борми? Бизнинг футбол ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бу масалада жуда узоқ гапиришим мумкин. Албатта, дўстларим бор ва улар оз эмас. Тожик ва ўзбек футболи азалдан бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Бу собиқ Иттифоқ давридан бери давом этиб келади. Ўз вақтида кўплаб ўйинчиларимиз Тошкентнинг “Пахтакор” клуби шарафини ҳимоя қилишган бўлса, ўзбек ўйинчилари бизнинг “Помир” учун майдонга тушишган. Иккала клуб ўртасида бўлиб ўтган бир-биридан қизиқарли тўқнашувларни қандай қилиб унутиш мумкин?! Ўзбек чемпионати Марказий Осиёда энг кучлиларидан бири дейдиган бўлсам, муболаға қилмасам керак. Ўзбек футболи бутун Осиё қитъасида ҳам ўзига яраша обрў-эътиборга эга. Терма жамоангизнинг ўтган йили ЖЧ саралаш босқичининг иккинчи раундидан муваффақиятли ўта олмагани эса бироз кишини ажаблантириб қўйди. Терма жамоангиз тарихда илк бор биринчи маротаба мана шундай ҳолатга тушди ва курашни барвақт якунлади. Бундай ҳол кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди.

- Тожикистон футболида бугунги кунда энг кучли футболчи ким?

- Аниқ фалончи ўйинчи дея бирортасини кўрсатишни истамаган бўлардим. Чунки чемпионат иштирокчиларининг ҳар бири сафида ўз етакчи футболчилари бор. Умуман айтганда, терма жамоамиз кучли ўйинчилардан ташкил топган. Бугунги кунда бизда жуда яхши авлод бор бўлиб, улар билан катта вазифаларни бажариш имкони юзага келган. Энг қувонарлиси, уларнинг ортидан умидли ёш авлод ўсиб келмоқда. Мана шундай футболчилар билан мамлакатимизнинг асосий жамоаси ўсмирлар ва ёшлар даражасида Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида иштирок этдилар.

эргашев мубин_2

- Тожикистонда Усмон Тошев қандай ишлади? Унинг ёрдами сезилдими?

- Ҳамкасбимнинг ишини изоҳлаб бериш мен томондан яхши ҳолат сифатида қабул қилинмайди. Мураббийнинг ишига натижалари билан баҳо берилади. Усмон Тошев қўл остида Тожикистон терма жамоаси биринчи марта ЖЧ саралашининг иккинчи босқичида иштирок этди. Яъни, термамиз ЖЧ-2022 саралашининг дастлабки босқичида ўз гуруҳида иккинчи ўринни банд этган ҳолда барча ишқибозларни қувонтиришга эришди. Термамиздан фақат Япония ўзиб кетди холос. Бундан эса сира ажабланиш ярамайди. Чунки Япония Осиё қитъасида энг кучли термалардан бири. Бизнинг терма жамоага курашни яна давом эттириш учун бор-йўғи бир очко етишмади холос. Акс ҳолда термамиз Қатарда ўтадиган жаҳон биринчилиги йўлланмаси учун навбатдаги кураш босқичида ҳам иштирок этган бўларди. Агар адашмаётган бўлсам, Усмон Тошев термамизда ишлаганлардан кўра уларга нисбатан кўпроқ вақт меҳнат қилди.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўрта Осиёдаги қайси терма жамоа биринчи бўлиб жаҳон чемпионатига йўл олиши мумкин?

- Ўша терма жамоа Ўзбекистон бўлади. Ундан кейин бизнинг терма. Футболда ҳамма нарса юз бериши мумкин. Бундан кейин ҳам қизиқарли ўйинлар кўп бўлсин. Асосийси, шунга мос равишда ижобий натижалар қайд этилсин ва кириб келган янги йилда ҳамма соғ-саломат бўлсин.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
11/01/2022 17:53
Жуда хам аклли ва эхтиёткор, дипломат мураббий экан! Хатто китмир саволларга хам аклли жавоб кайтарибди.

Минбар

Барча блоглар
×