Азамат Нуфтиллаев

8 октябрь куни Қозоғистоннинг машҳур промоушенларидан бири "Alash Prayd" навбатдаги турнирини ўтказади. Биз учун аҳамиятли жиҳати ушбу жанг оқшомида оғир вазн тоифасидаги "Аждар" номи билан машҳур ҳамюртимиз Азамат Нуфтиллаев ҳам октагонга кўтарилади.

У мазкур промоушеннинг чемпионлик камари учун украиналик Евгений Голубга қарши жанг қилади. Ҳамюртимиз ҳозирга қадар 8 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Эътиборли жиҳати, 7 та жангида рақибларини 1-раунднинг ўзидаёқ таслим қилишга эришган. 

Юртдошимиз сўнги жангини жорий йилнинг 18 август куни "Alash Prayd 67" турнирида ўтказиб, қирғизистонлик Медербек Нурмаматни 1-раунднинг дастлабки дақиқасидаёқ техник нокаутга учратган эди. Украиналик жангчи эса фаолиятида 14 та ғалаба ва 7 та мағлубият қайд этган.

Шу ўринда ҳамюртимизга ушбу муҳим жангда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)