Баҳром Ҳайдаров: "Ўзим Бубаньянинг хизматидан воз кечдим, чунки..."

Суперлиганинг 22-турида элитада жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Турон” ҳамда “Сурхон” жамоалари Яйпанда ўзаро беллашишди.

Ушбу ўйинда ғалаба иккала жамоага ҳам жуда зарур эди. Ўйин ўз номига яраша ўта муросасиз тарзда кечди. Мана шундай қарама-қаршиликда ғалаба ҳеч кимга насиб қилмади.

Жамоалар меҳнатларига яраша фақат дуранг билан кифояландилар. Лекин сафарда ўйнаган “Сурхон” учун бу ёмон натижа эмас.

Учрашувдан кейин термизликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров Sports.uz мухбирига беллашув борасида ўз фикрларини билдирди.

- “Сурхон”нинг “Турон”га қарши ўйини иккала жамоа учун жуда муҳим эди. Мана шундай ўта муросасиз баҳсда қайд этилган дурангдан қониқдингизми?

- Албатта, бугун уч очко олганимизда зўр бўларди. Аммо бир очко ҳам ҳозирги ҳолатда ёмон эмас. Охирига борганда бир очко ҳам кўп нарсани ҳал қилиши мумкин-да. Шунинг учун нолимаслигимиз керак. Бугунги қийин учрашувда бир очко олганимизни яхши натижа, деб ҳисоблайман. Майдонда жуда оғир ўйин бўлди. “Турон” клуби учун ҳам ҳар бир учрашув охирги ўйиндек ўтяпти. Боиси, уларда ҳали ҳам назарий жиҳатдан Суперлигада қолиш учун имконияти бор. Табиийки, бизга қарши беллашувда рақиб жамоа ҳам ютуқ учун майдонга тушганди. Агар таркиби кучсиз ҳам бўлса ҳам майли эди. Аммо “Турон” кучсиз жамоа эмас. Шу боисдан яхши натижа бўлди деб ўйлайман.

бахром_6

- Демак, бош мураббий сифатида бугунги ўйиндаги дурангдан розисиз?!

- Ҳа. Футболчиларимиз ўз кучига ишониб боряпти. Биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада кўпроқ очколарни йиғиб боряпмиз. Бугунги беллашувда ҳисоб тенглашгач, дурангни ушлаб қолиш учун ўйнамадик. Шунчаки, футбол ўйнадик. Ё улар, ё биз ютишимиз керак эди. Жамоамизнинг руҳияти яхши. Бу чиндан ҳам футболчиларнинг ўз кучига ишончи ошганини билдиради.

- У ҳолда дурангни “Сурхон” учун ғалабага тенглаштирса бўладими?

- Ғалабага тенглаштирса бўлмайди-ю, тенг ўйин бўлди. Майдонда иккита тенг жамоа куч синашди. Натижада очко ҳам бўлиниб кетди. Бугун уч очко олсак бўларди, улар ҳам охирида гол уриб ғалабани илиб кетишлари мумкин эди. Ким вазиятлардан фойдаланса, уч очкога эга чиқарди. Иккала жамоа ҳам биттадан гол ура олди холос. Дуранг адолатли бўлди.

сурхон2

- Кўпчилик “Сурхон” дарвозабони Рустам Нортожиевнинг ўйини ҳақида илиқ гапларни айтишяпти. Бугунги учрашувда шахсан сиз учун энг яхши футболчи ким бўлди?

- Масалан, Мурод Бобожоновни ҳам кўришсин. Экспретлар бўлса, ярим ҳимоячиларимизни ҳам кўздан кечиришсин ёки ҳимоячиларимизни. Жамоамиздаги ҳамма энг яхши футболчига муносиб. Шулар қатори Рустам Нортожиев ҳам ўз вазифасини аъло даражада бажарди. 3 ёки 4 га эмас, 5 баҳо. Бутун жамоа яхши ўйнади. Ҳаммасига 5 баҳо, жамоамиз энг яхшиси бўлди.

- “Турон” Суперлигани тарк этиш учун асосий номзод бўлиб турибди. Бу жамоа ҳақида нима дея оласиз?

- Турнир жадвалига қарасак ва очколарни ҳисобласак, асосий даъвогарлардан бири “Турон”. Лекин таркиб ва ўйин бўйича яхши, бугун ҳам шундай бўлди. Имкониятларни яратишди, фақат фойдалана олмадилар. Ўтган турда “Қизилқум”га қарши ўйинини кўриб чиққандик. Ўшанда ҳам имкониятлардан фойдалана олмагандилар. Ким кучлироқ бўлса, очколар олиб турнир жадвалида юқори поғоналарда юришибди.”Турон”ни 5-ўриндаги жамоадан камчилик жойи йўқ. Қандайдир омад етишмаяпти. Олдинда яна тўртта тур бор. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ўзимиз ҳам ҳали вазифамизни бажарганимиз йўқ, осилиб турибмиз.

бахром1_2

- Бугунги дурангдан кейин “Сурхон” Суперлигада қолиш вазифасини неча фоизга бажарди, деб ўйлайсиз?

- Ҳаммада имконият бор. Барчаси жамоаларнинг ўзига боғлиқ. Тўғри, учта ўйинимиз ўз уйимизда бўлади. Қолаверса, яна битта захира ўйинимиз ҳам бор. Лекин биз ҳали бу ўйинларни ўйнашимиз ва ютишимиз керак. Қолган клубларга ҳам омад тилайман. Аммо ўйлайманки, биз улардан ўтиб кетишимиз керак. Агар “Турон” билан учрашувда уч очко олганимизда 10-ўринга чиқиб олардик.

- Сербиялик футболчи Владимир Бубаньянинг клубдан кетгани “Сурхон” учун катта йўқотишми?

- Иккинчи даврадани жамоани бошқаришга киришган бўлсам, ўзим Бубаньянниг хизматидан воз кечдим. Жасур Ёқубов, Хусниддин Ғофуров каби маҳаллий ўйинчиларимиз марказий ҳимояда Бубаньяга қараганда яхшироқ ўйнашяпти. Бу кейинги учрашувларда ҳам сезиляпти. Дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолаётган ўйинларимиз бўляпти. Яхши ҳимояланяпмиз. Ўйлайманки, тўғри қарор бўлди. Унинг кетиши катта йўқотиш бўлгани йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!