Бир нокаутчи ўч олиш учун Баҳодир Жалоловни “пойлаб” юрибди!

Шу ойнинг охирида Япония пойтахти Токио шаҳрида навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари старт олади. Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турлари орасида бокс мусобақалари кўпчилик мухлису мутахассисларнинг эътиборида турибди.

2016 йили Рио Олимпиадасидаги оламшумул муваффақиятдан кейин ўзбек боксчиларига Токиода алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистонлик спорт ишқибозларининг ҳам чарм қўлқоп усталаридан умиди катта.

Яккакураш турлари, хусусан боксда ҳам энг кескин ва муросасиз беллашувлар ўта оғир вазн тоифасида кузатилади. Бақувват ва гигант йигитлар тўқнашуви мухлисларга алоҳида завқ бағишлайди. Шу маънода, амалдаги жаҳон ва қитъа чемпиони Баҳодир Жалолов Олимпия ўйинларида ҳам омма диққат марказида бўлади.

218393_original

Кейинги пайтда мағлубиятсиз одимлаётган ҳамюртимизни тўхтатишни ва реванш олишни мақсад қилган рақиблар ҳам йўқ эмас...

Украина супероғир вазн тоифасида доимо кучли боксчиларга эга бўлган. Авлодлар алмашинувидан сўнг ҳозир ҳаваскорлар боксида бу мамлакат шарафини одессалик Цотне Рогава ҳимоя қилиб келмоқда.

Куни кеча бу боксчига Токио Олимпиадаси йўлланмаси берилди.

Аслида Рогава Францияда ташкил этилган Олимпия саралаш турнирида озарбайжонлик Муҳаммад Абдуллаевга ютқазиб, лицензияни қўлдан чиқарган эди. Кейинги саралаш турнирлари коронавирус пандемияси туфайли ташкил этилмагани боис, айрим боксчилар йўлланмани рейтинг жадвалидаги ўрнига қараб қўлга киритди.

Хусусан, Цотне Рогава ҳам ўз вазн тоифасида ҳали олимпия лицензиясини қўлга киритмаган европалик чарм қўлқоп усталари орасида етакчи ўринда қайд этилгани боис унга ҳам Токиода қатнашиш ҳуқуқи берилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Цотне Рогаванинг асосий мақсади ҳудди Баҳодир Жалолов сингари Олимпия ўйинлари чемпиони бўлиш. Қолаверса, украиналик нокаутчи анчадан бери ҳамюртимиздан реванш олиш мақсадида юрибди.

Ўтган йили Цотне машҳур боксчи Александр Усикни Дерек Чисорага қарши учрашувга тайёргарлик кўришида ёрдамлашган ва спаррингларда қатнашган эди. Рогава енгилмас ҳамюрти билан шуғулланиш унга Баҳодир Жалоловдан ўч олишида муҳим аҳамият касб этишини яширгани йўқ.

Usik-Rogava_01

- Александр Усикнинг жанг услуби кўп зарба беришга асосланган ва спаррингларда қўлимни баланд тутиб туришимга ва катта босимга чидашимга тўғри келди. Бу ҳолат ўзига яраша жисмоний тайёргарликни ҳам талаб этади. Александрнинг оёқ ҳаракатлари чаққон ва бу жиҳат уни бошқа оғир вазнли боксчилардан фарқлаб туради. Бундан ташқари, Усик амалдаги жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов сингари чапақай. Мен ўзбек боксчисига 2019 йилги жаҳон чемпионатида ютқазиб қўйганман. Шунинг учун ҳам Усик билан машғулот ўтказиш мен учун катта аҳамиятга эга. Тез ва кўп ҳаракат қиладиган чапақай боксчига қарши рингга чиқиш менинг машғулотларимда муҳим ҳисобланади. Чунки бу машғулотлар менга Ўзбекистон вакили билан бўлажак жангимизда қўл келиши керак. Навбатдаги жангда натижа бошқача бўлади, - деди Цотне Рогава.

Баҳодир Жалолов ва Цотне Рогава 2019 йили Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ўзаро тўқнаш келган ва унда ҳамюртимиз очколар ҳисобида зафар қучган эди. Бундан ташқари, ҳар икки нокаутчи жорий йилнинг февраль ойида Болгарияда ташкил этилган нуфузли халқаро турнирда тўқнаш келиб, Баҳодир  Цотнени кетма-кет икки марта енгган ягона боксчига айланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксда жами 83 та ғалабага эришган ва 11  марта рақибга имкониятни бор берган. Профессионаллар ўртасида саккизта жангнинг барчасини муддатидан олдин ўз фойдасига ҳал қилган.

12463615_0_0_3072_1930_1920x0_80_0_0_e97e7cb9467a45ef8dbe395b66e8a4c4

Цотне Рогава эса ҳаваскорлар ўртасида 21 та ғалаба ва тўртта мағлубият қайд этган. Яқинда профессионал рингга қадам қўйган украиналик боксчи дастлабки жангида  хорватиялик тажрибали боксчи Петер Мрвалжни (9-15, 5 КО) биринчи раундда нокаутга учратди.

Айни пайтда ҳар икки спортчи Токио Олимпиадасига пухта тайёргарлик кўрмоқда. Демак, Баҳодир Жалоловни кунчиқар юрт рингларида қизғин беллашувлар кутиб турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
02/07/2021 17:21
Иншоллох, Баходир Рогавани хаваскорларда хам, профессионалда хам енгади. Кушимчасига Усикни хам профессионлларда енгади.