“Бунёдкор” клубининг сардори ҳамда етакчиси Лутфулла Тўраев ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади. У яна бир бор ўз савиясини кўрсатди. Жамоани бирлаштириш, ўйинни ташкил қилиш борасида Лутфулла етакчиларга хос хусусиятини намойиш қилди.

“Мавсум-2021” қандай ўтди?

“Қалдирғочлар” 5-ўринни қўлга киритди. Чемпионат мобайнида бир-биридан ажойиб ўйинларини кўрдик. Лутфулла Тўраев аввало якунига етган мавсум ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Бу йилги Ўзбекистон Суперлигаси жуда қизиқарли ўтди. Бу бежизга эмас. Турнир жадвалига қарасангиз ҳам иккинчи ўриндаги жамоа билан бешинчи поғонадаги клуб ўртасида икки очколик фарқ бор холос. Мана шу томонлама ҳам қизиқ кечди. Тўғри, ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлди. Лекин ҳеч нима қийинчиликсиз бўлмайди. Бу ҳол ҳамма жамоада кузатилди. Бевосита “Бунёдкор”га келсак, чемпионатни 5-ўринда якунладик. Бу эса ҳозирги кундаги “Бунёдкор” учун аъло даражадаги натижа ҳисобланади. Айниқса, боя айтиб ўтганимдек, ўртадаги икки очколик фарқни ҳисобга олсак, бизни натижамиз яхши.

лутфулла

Кимни голи чиройли?

ПФЛ томонидан мавсумнинг энг чиройли голини аниқлаш бўйича сўровнома ўтказиляпти. Унда 9 нафар ўйинчиларнинг киритган голлари иштирок этяпти. Ҳар ким ўзига ёққан голга овоз бериши табиий. Қизиғи, рўйхатда айнан Лутфулла Тўраевнинг голи ҳам энг чиройлиси бўлишга даъвогарлар қаторида бор. Бу борада Тўраев шундай деди:

- Энг чиройли голлар борасида шахсан ўз голимни биринчи ўринга қўйган бўлардим. Чиройли голлар номинациясида аксарияти узоқ масофалардан урилган-а? Тўғри, уларнинг голларини ёмонлаб бўлмайди, ҳаммаси чиройли. Аммо акробатик тарзда урилган гол ўзим учун энг зўри. Агарда мен узоқдан гол уриб, бошқаси акробатик тарзда дарвозани ишғол қилганида ўзимникини эмас, албатта ўша голни биринчи ўринга қўйган бўлардим.

лутфулла4

Энг яхши мураббийлар ва футболчилар ҳақида

Шунингдек, йилнинг энг яхши мураббийи ва футболчиси ҳам аниқланади. “Бунёдкор” сардори эса шахсий фикрини айтди.

- Энг яхши мураббийлар бўйича биринчи ўринга албатта “Бунёдкор” устози Шуҳрат Мақсудовни қўйган бўлардим. Боя бежиз айтмадим, 2-ўриндаги клуб билан ўртамизда фақат икки очколик фарқ кузатилди холос. Бунинг устига “Бунёдкор” бу йилги Суперлигада ўз майдонида умуман ютқазгани йўқ. Йил бошида эса таркибимиздан беш нафар ўйинчи кетиб қолди. Шунга қарамай, биз яхши даражада ўйнай олдик. Бунга эса табиийки, бош мураббийимиз сабабчи. Иккинчи ўринга Улуғбек Бақоев, учинчи ўринга эса Рўзиқул Бердиевни қўяман. Футболчилардан биринчи ўринга “Насаф” ҳужумчиси Ҳусайн Норчаевни айтаман. Бу йил яхши ўйнади, кўз тегмасин. Кейинги мавсумда ҳам омадини берсин ва даражасини янада юқорига кўтаришининг тарафдориман. Иккинчи ўринга “Бунёдкор” ўйинчиси Фарруҳ Икромовни қўяман. Агар у жароҳат олмаганида мен уни биринчи ўринга айтган бўлардим. Кучли учликда Драган Черан ҳам бор. Чунки у учинчи йил тўпурар бўляпти. Аслида айтаман десак яхши футболчилар кўп. Лекин учтасини танлаш керак-да. Ўзларини кўрсатган мураббийлар ҳам кўп бўлди.

лутфулла1

Тўраев “Нефтчи”га ўтадими?

Сўнгги пайтларда бу футболчига Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасидан таклиф бўлгани хусусида эшитяпмиз. Аслида ҳам бундай ўйинчига бошқа клублардан жиддий қизиқишлар бўлиши одатий ҳол. Тажрибали футболчи “Бунёдкор”дан кетармикин? Жавобини ўзидан эшитамиз.

- Бунга аниқ жавоб бера олмайман. Ҳали ҳеч нима аниқмас. Мен ҳозирда “Бунёдкор”даман. Бугун жамоамиз билан илк йиғинни бошладик ва 8 кун давомида машғулотларда қатнашамиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади. “Бунёдкор” билан яна бир йиллик шартномам бор. Лекин бу шартнома кўриб чиқилади. Ўхшаб қолса кетаман, бўлмаса қоламан.

“Бунёдкор” машғулотларни бошлади

Кўриб турганингиздек, клуб янги мавсум учун илк йиғинга киришди. Жамоада қандай ўзгаришлар бўлиши мухлисларни қизиқтириши аниқ. Лутфулла Тўраев мазкур масалага ҳам эътиборини қаратди.

- Ҳали “Бунёдкор”да янги ўйинчилар йўқ. Эски футболчиларни тўлиқ йиғиб ололганимиз ҳам йўқ. Айрим сабабларга кўра, бир нечтаси илк машғулотда иштирок эта олмади. 2022 йилнинг январь ойида таркибга янги футболчилар қўшилса керак. Биринчи ўринда ўзимиздаги ўйинчиларни сақлаб қолиш керак. Ўйлашимча, 5-6 та футболчиларнинг шартномалари тугаган. Янгилар деганда ҳам оламшумул ўзгаришлар бўлмаса керак. Биласиз, “Бунёдкор” ўз академиясидан чиқаётган иқтидорли ўйинчиларни ўйнатади. Уларга жиддий эътибор билан қаралади.

лутфулла2

Қарздорлик бартараф этилдими?

“Бунёдкор”нинг молиявий аҳволи қандай? Клубнинг футболчилардан қарзи борми ёки ҳаммаси узил-кесил ҳал қилинганми? Вазиятга ойдинлик киритиш учун Тўраевга юзландик.

- Клубни қарзи бор. Раҳбарлар ҳаммаси яхши бўлишини айтишган, кутиб ўтирибмиз. Ҳисоб-китоб қилишлари керак. Аммо неча ойлик қарзи борлигини айта олмайман. Биз клубга, клуб эса бизга ишонади. Шундай экан, ортиқча гап-сўз йўқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Максуд Курбанов
21/12/2021 20:29
Бош
ка бунака гол уролмайман деганда

Минбар

Барча блоглар
×