Бугун 10 йил! 18 та "Спарк" ва 1 та "Эпика" - "Насаф" ОФК Кубогидаги тарихий ғалабани қандай қўлга киритганди?

Бугун 29 октябрь! Бундан роппа-роса 10 йил муқаддам - 2011 йилнинг 29 октябрь куни Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз майдонида ОФК Кубоги финалида “Қувайт СК” клубини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб бош совринни қўлга киритган. Бу орқали ўзбек футболи тарихида янги саҳифа ёзган. Аҳамиятлиси, орадан 10 йил ўтиб, “Насаф” яна ОФК Кубогини иккинчи маротаба боши узра кўтариш имконига эга бўлиб турибди. Хабарингиз бор, қаршиликлар 5 ноябрь куни Баҳрайнда финал ўйинида майдонга тушади.

Бугун эса 10 йил олдинги финални ёдга олмоқчимиз. Албатта, ўша тарихни “Насаф” яна такрорлаётгани қувонарли. Осиё саҳналарида ўзбек клубларининг муваффақият қозониши барчамиз учун муҳим. Бу борада “Насаф”нинг довруғи яна ёйилмоқда.

Шуни айтиш лозимки, жамоа 2011 йили ҳар томонлама кучли  ва яхши шаклланганди. Ўша йили чемпионатда иккинчи ўринни қўлга киритган. Украиналик таниқли бош мураббий Анатолий Демьяненко рақобатбардош жамоани шакллантирган. ОФК Кубогидаги ғалаба эса унинг мураббийлик фаолиятида ҳам халқаро мусобақадаги муваффақият сифатида бутун умрга сақланиб қолди.

83021606

Ўша пайтда Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти марҳум Мираброр Усмонов ҳам “Насаф”ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Финалга у киши билан бирга ОФКнинг ўша маҳалдаги вақтинча президенти сифатида ишлаган Жанг Жилонг ҳам Қаршига келганди. Умуман, бутун Осиёнинг эътибори Қаршига қаратилганди. Ўша йили “Насаф” ОФК Кубогида ғолиб чиқиш учун 12 та ўйин ўтказганди. Хўш, “Насаф” финалгача қандай йўлни босиб ўтган?

“А” гуруҳ босқичи:

1-тур. “Насаф” – “Ал-Ансор” (Ливан) – 3:0. (Голлар: Иван Бошкович, Андрей Переплёткинс, Носир Отақўзиев).

2-тур. “Ал-Тилол” (Яман) – “Насаф” – 2:3 (Голлар: Лутфулла Тўраев, Мақсуд Каримов, Артур Гевокрян)

3-тур. “Демпо” (Ҳиндистон) – “Насаф” – 0:4 (Голлар:  Илҳом Юнусов, Лутфулла Тўраев, Шуҳрат Мирхолдиршаев, Андрей Переплёткинс).

4-тур. “Насаф” – “Демпо” – 9:0 (Голлар: Иван Бошкович (4 та). Андрей Переплёткинс, Илҳом Шомуродов, Артур Геворкян (2 та), Шуҳрат Мирхолдиршаев).

5-тур. “Ал-Ансор” – “Насаф” – 1:4 (Голлар: Иван Бошкович, Носир Отақўзиев, Лутфулла Тўраев, Мирзакамол Камолов).

6-тур.  “Насаф” – “Ал-Тилол” – 7:1 (Голлар: Иван Бошкович (2 та), Артур Геворкян, Носир Отақўзиев (3 та), Илҳом Юнусов).

1\8 финал

Насаф” “Ал-Файсали” (Иордания) – 2:1 (Голлар: Лутфулла Тўраев, Илҳом Шомуродов).

1\4 финал, дастлабки учрашув:

“Чонбури” (Таиланд) – “Насаф” – 0:1 (Гол: Иван Бошкович).

Жавоб учрашуви: “Насаф” “Чонбури” – 0:1. Пенальтилар серияси: 4:3.

1\2 финал, дастлабки учрашув:

“Насаф” – “Ал-Виҳдат” (Иордания) – 1:0 (Гол: Жаҳонгир Жиямуродов (пен).

Жавоб учрашуви: “Ал-Виҳдат” – “Насаф” – 1:1 (Гол: Иван Бошкович).

Финал.

“НАСАФ” – “Кувайт СК” - 2:1 (0:0)

2011 йил, 29 октябрь. Қарши. "Марказий" стадион. 15753 томошабин.

Ҳакамлар: Ким Дон Жин, Жеон Хайи Сан, Ли Жун Мин (Жанубий Корея).

Учрашув комиссари: Абдул Ғафур Ҳамид (Мальдив ороллари).

"Насаф": Муроджон Зуҳуров, Ботир Қораев, Боян Малишич, Мақсуд Каримов, Жаҳонгир Жиямуродов, Лутфулла Тўраев, Эркин Бойдуллаев, Андрей Переплёткинс, Артур Геворкян, Илҳом Шомуродов (Фозил Мусаев, 84), Иван Бошкович (Артём Филипосян, 90+4).

"Қувайт СК": Холид Фадҳли, Ёқуб Тоҳир, Фаҳад Авад, Рафат Жобир, Ҳусайн Шаммари (Али Алкандари, 81), Лассана Фане, Рожерио, Аҳмад Сабоҳ (Абдуллоҳ Бураики, 61), Носир Ал Қаҳтони, Холид Шаммари, Ландри Каби.

Голлар: Илҳом Шомуродов, 62 - 1:0. Андрей Переплёткинс, 64 - 2:0. Ландри Каби, 69 -  2:1.

насаф офк

Дарвоқе, “Насаф”нинг ОФК Кубогидаги ғалабаси учун 18 нафар футболчиларга “Спарк”, бош мураббийга эса “Эпика” машинаси совға қилинган. Жамоанинг қолган аъзоларига эса яхшигина пул мукофотлари ҳам берилган.

5 ноябрь куни Манама шаҳрида ўтадиган ОФК Кубоги финалида ҳам “Насаф” иккинчи маротаба мусобақа бош совринини қўлга киритиш имкониятидан унумли фойдалана олади, деган умиддамиз. Зеро, тақдир тақозоси билан клуб орадан 10 йил ўтиб шундай имкониятга эга бўлиб турибди. Буни қўлдан чиқариб юбормаслик керак!

Биз кун давомида ўша 2011 йилги ғалабага бағишланган яна бир қатор қизиқарли мақолаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шундай экан, Sports.uzдан узоқлашманг!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
29/10/2021 10:49
Bugunki uyin. nimaga. Sugdiyona poliyaasiga bulapti PFL talabka javob bermasa boshqa poliya buladi devdiki. keyin. nimaga. VAR quyilmagan.
29/10/2021 12:31
Javopini uyindan kein bilib olasaiz