“Чангалзордаги уруш” ёхуд бокс тарихидаги энг ёрқин жанглар

Профессионал бокс оламидаги энг яхши жанглар доим ҳам рингдаги тактик устунлик билан ўлчанавермайди. Бир хил савияда бўлган бокс юлдузлари ўртасидаги ажойиб тўқнашувлардан тортиб ғалабага бўлган кучли иштиёқ эвазига қозонилган муваффақиятлар бизга барча даврларнинг энг ёрқин бешта жанги рўйхатини тузиш имконини берди.

5-ўрин: Эрик Моралес – Марко Антонио Баррера. 27.11.2004

Бокс тарихидаги энг қизиқарли қарама-қаршиликлар трилогиядан иборат бўлади ва икки буюк мексикалик боксчи – Моралес ва Баррера ўртасидаги даҳшатли жанглар ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу икки боксчи беш йиллик қисқа муддат ичида уч маротаба ўзаро тўқнаш келдилар ва учала жанг ҳам аслида бокс тарихининг шедеврлари туркумидан жой олган. Бизнинг рўйхатимизнинг бешинчи поғонасида эса ушбу трилогиянинг учинчи жанги жой эгаллади. Жанг тўлиқ 12 раунд давом этган ва боксчилар биринчи раунддан бошлаб то жанг якунигача бир-биридан оловли зарбалар алмашинувини мухлисларга тақдим этдилар ва жанг охирига бутунлай қонга бўялган ҳолатда етиб келдилар. Жанг давомида бирор маротаба нокдаун ҳолати ҳам қайд этилмади, аммо боксчиларнинг жангдан кейинги кўриниши худди автоҳалокатдан омон қолган йўловчини эслатарди. Деярли тенгликда кечган тўқнашувда Баррера ҳакамларнинг кўпчилик қарори билан ғалаба қозонди ва умумий трилогияни ҳам ютиб чиқди (Моралес биринчи жангда, Баррера эса иккинчи ва учинчи жангларда ғолиб бўлган).

4-ўрин: Муҳаммад Али – Жорж Форман. 30.10.1974.

        1974 йилда Жорж Форманнинг спорт формаси космик даражада эди. Баҳайбат ҳамда кучга тўлган Форман Жо Фрейзерни жангда янчиб ташлаган, Кен Нортонни эса икки раундда “тинчитган” эди.  Форманнинг Муҳаммад Алига қарши жанги Заир (Конго)да ўтказилган ва кейинчалик “чангалзордаги уруш” номини олган. Кўпчилик ўша жангда Алининг ғалабасига хайрихоҳлик қилган бўлсада, тан олиш керак, жанг олдидан Форман фаворит мақомида эди. “Луисвиллик нотиқ” лақабини олган Муҳаммад Али ўзидан ёшроқ бўлган Форманга қарши яхши тайёргарлик кўрди ва ўзининг машҳур ринг четида туриб, рақибини ўзига чорловчи услубидан самарали тарзда фойдаланди. Бу усулда боксчи гўё ўзини чорасизликдан ринг четида қамалиб қолгандек тутади ва рақибининг зарбаларидан блок ёрдамида ҳимояланади. Бу усулдан асосий мақсад рақибини жуда кўп зарба бериши натижасида ҳолдан тойдириш ва кейин чарчаган рақибини осонроқ енгишдан иборат. 8-раундгача буни қойиллатиб амалга оширган Муҳаммад Али ўнг қўл зарбаси билан енгилмасдек кўринган Форманни нокаутга учратди. Шу жангидан сўнг Али “энг буюк” номи билан атала бошланди.

3-ўрин: Микки Уорд – Артуро Гатти. 18.05.2002.

Бокс тарихининг энг қонли трилогиясининг ҳеч бўлмаса битта жанги бу рўйхатимиздан ўрин эгалламаса, бу бокс спорт турига нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Трилогиянинг биринчи жанги рўйхатимизнинг кучли учлигини очиб беради. Икки ажойиб боксчи шундай очиқ жанг таклиф қилишдики, бундай ҳолатда қайси бири жангда ғолиб бўлишини тахмин қилиш ҳам мушкул эди. Жангнинг ҳал қилувчи эпизодларидан бири 9-раундда содир бўлди: танага йўлланадиган зарбаларнинг мукаммал ижрочиси бўлган Уорд шундай зарбаларидан бири билан Гаттини нокдаун ҳолатига туширди. Жанг якунида ҳакамлар шу ҳолатни эътиборсиз қолдира олмадилар. Ҳакамларнинг кўпчилик овози билан Уорд ғолиб, деб топилди. Аммо асл мухлислар ҳеч қачон ўз қаҳрамонларини унутмайдилар ва шунинг учун ҳам ўша жангдаги довюрак Гаттини ҳозирги кун боксчиларидан ҳам қидираверадилар.

2-ўрин: Марвин Хаглер – Томас Хёрнс. 15.04.1985.

Бу тўқнашув атиги уч раунд давом этган, аммо боксчилар қандайдир 8 дақиқа ичида тарихдаги ҳеч қайси бокс жангида кузатилмаган драма, шиддатли темп ва олам-олам ҳаяжонни мухлисларга тақдим этган. Ўрта вазнда жанг қилган бу икки нокаутчи ўртасидаги жангнинг биринчи раунди бокс тарихидаги энг яхши раунд сифатида баҳоланади. Бу раундда улар даҳшатли даражадаги зарбаларни йўлладилар ва ҳеч бири таслим бўлай демасди. Кейинги икки раунд ҳам худди шундай темпда давом этди ва иккала боксчи ҳам учинчи раундга келиб, аллақачон ҳолдан тойган эдилар. Шу раунднинг ўртасида Хаглер ўнг қўл зарбаси ва ундан сўнг иккита "аперкот" зарбаси билан рақибини нокаутга учратди.

1-ўрин: Муҳаммад Али – Жо Фрейзер. 8.03.1971.

Агар Уорд-Гатти бокс тарихидаги энг машҳур қарама-қаршилик деб номланса, у ҳолда Али-Фрейзер бемалол спорт тарихидаги энг машҳур тўқнашув номига даъвогарлик қила олади. 1971 йилдаги жанг “аср жанги”, деб номланган ва шунчаки чемпионлик жанги эмасди. Бу гўёки янгича фикрловчи қатлам (Муҳаммад Али сиймосида) ва консерватив руҳдагилар қатлами (Фрейзер сиймосида) ўртасидаги уруш эди. Жангдан олдин Али ўзининг буюклигини гап-сўзлари билан ҳам кўрсатишга уринганди, жанг эса Фрейзернинг буюклиги унинг рингдаги ҳаракатларида эканини исботлаб берди. 15 раунд давомида афсонавий боксчилар шундай шиддатли жанг ўтказдиларки, жангдан сўнг жароҳатлар таъсирида улардан қайсидир бири вафот этиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрлар янгради. Иккала боксчи ҳам рингда борини ташлаб кетишди, жанг ғолиблиги эса ҳакамларнинг якдил қарори билан Жо Фрейзерга берилди.  

Инглиз тилидан Бекзод Низомиддинов ва Жалол Ахмедов таржимаси

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар