Деян Журжевич: "Навбаҳор"нинг чемпионатдаги ҳолати мураккаб, аммо Бабаян жамоани барқарорлаштириш учун аниқ режа тузаётган бўлса ажаб эмас"

Мухлисларимизга яхши таниш бўлган сербиялик Деян Журжевич айни пайтда ўз юрти – Сербияда. Билсангиз, унинг юртимиздаги охирги клуби “Навбаҳор” эди. Шундан сўнг, маълум вақт Самвел Бабаян билан бирга Хитой клубида ишлади. Кейин Сербияга қайтди. Куни кеча Журжевич sports.uz сайтига интервью берди.

- Айни пайтда қаердасиз ва нима иш билан машғулсиз?

- Салом, ёш дўстим. Ҳозир мен Белграддаман. “Колубара” клубида ишлаяпман. Бу жамоа 120 йиллик тарих давомида илк бор Суперлигага чиқишга муваффақ бўлди. Бу менинг қадрдон шаҳрим. Пойтахт Белграддан шаҳримиз орасини 45 дақиқалик масофа ажратиб туради. Ҳозир мен у ерда бош мураббий бўлиб ишлаяпман. Тайёргарликни тугатдик. Келгуси ҳафтадан чемпионат бошланади.

- Яқин дўстингиз Самвел Бабаян “Навбаҳор”да маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлади. Уни Наманганда нима кутяпти, деб ўйлайсиз?

- Ҳа, мен Бабаяннинг “Навбаҳор”да иш бошлаганини эшитдим. Мен учун у Ўзбекистондаги мураббийлар орасида энг яхшисидир. Айни пайтда “Навбаҳор”нинг чемпионатдаги ҳолати анча мураккаб. Жаноб Бабаян клубда бош мураббий эмас, балки маслаҳатчи мураббий сифатида ишлаётганини биламан. Тўғри, шундай бўлса ҳам унда иш кўп. Мен унинг маслаҳатчи ролида ҳам яхши ишлаётганига аминман. Бабаян жамоани барқарорлаштириш йўлида аниқ бир режа тузаётган бўлса ҳам ажаб эмас.

журжевич2_1

- Ўтган вақт давомида Ўзбекистондан хизматингизга қизиқишлар бўлдими?

- Ҳа, агар яна таклиф бўлса, бунга жон, деб рози бўлардим. Ўзбекистонни тез-тез ёдга олиб тураман. Юртингизда узоқ вақтни ўтказдим. У ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Агар жиддий таклиф бўлса, Ўзбекистонга қайтиб жон, деб ишлашга тайёрман. Аммо эртага нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Шуни таъкидламоғим жоизки, Ўзбекистон мен учун иккинчи ватан бўлиб қолганди.

- Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионати саралашидаги омадсизлигини нима билан боғлаган бўлардингиз?

- Ҳозир менда жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига доир маълумотлар унчалик кўп эмас. Ўзбекистоннинг олдинги авлод футболчилари – Кападзе, Жепаров, Ҳайдаров, Аҳмедов... Улар бутунлай бошқа даражадаги ижрочилар саналарди. Ҳозир янги авлод футболчилари тўп сурмоқда. Ўзбекистонда ишлаб юрган пайтимда вазиятдан ҳарқалай бохабар бўлиб турардим. Ўшанда ҳам терма жамоада кейинчалик авлодлар алмашинуви билан боғлиқ муаммо юзага келиши мумкинлигини ҳис қилиб турардим. Агар ишлар тўғри олиб борилса, авлодлар алмашинуви билан боғлиқ вазиятдан яхши хулоса чиқариб, ишни тўғри йўлга қўйиш мумкин бўлади.

- Бабаян билан алоқани сақлаб қолганмисиз? Агар сизни чақирса қайтасизми?

- Жаноб Бабаян билан бирга узоқ ишлаганман. Бир-биримизни жуда яхши биламиз. Шундай мураббий билан бирга ишлаганимдан хурсандман. Биргаликда жуда яхши дамларни ўтказганмиз. Ҳозир вазият шундай кўриниш олганки, мен ўз юртимда бош мураббий вазифасида ишлаяпман, Бабаян эса “Навбаҳор”да маслаҳатчи мураббий вазифасида фаолият юритмоқда. Яна бирга учрашишимиз қачон юз беришини билмайман. Агар фурсати келиб, Бабаян билан бирга ишлаш имкони туғилса, бундай имкониятни қўлдан бой бермаслигим аниқ.

- “Навбаҳор” клубидаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?

- “Навбаҳор” клубида ўзига хос тарих бор. “Навбаҳор”да жуда яхши потенциал бор. Клубда ажойиб стадион ва мухлислар мавжуд. Бошқа томондан олиб қараганда, жамоага барқарорлик етишмаяпти. Чемпионат аввалида “Навбаҳор” ўзидан яхши таассурот қолдирадию, кейинчалик позициясини бой беришга тушади. Клуб Чемпионлар лигасини кўзлайди, бу табиий. Лекин айни пайтда “Навбаҳор”нинг бунга тайёр эмаслиги аниқ. Боя айтганимдек, жамоага барқарорлик етишмайди. Бунинг учун сабр қилиб ишлаш керак. Эҳтимол, жамоанинг пойдеворини қуриш учун бир ёки икки йил керак бўлар. Агар юқоридагилар ва мухлислар “Навбаҳор”дан дарҳол натижа талаб қилишса, вазият янада аянчли тус олиши табиий. Бунинг оқибатида клуб ўрага тушиб қолади ва ўзи билан ўзи бўлиб, ўрадан чиқа олмайди ва натижалар ҳам шунга мос равишда ёмонлашиб кетади. Мени хурсанд қилаётгани шуки, ҳозир мураббийлар штабида Бабаяндек мутахассис ишламоқда. “Навбаҳор”да эканлигимда вазият ҳозиргидан анча фарқ қиларди. Биз яхши жамоани шакллантиришга эришгандик. Пойдевор қуришга ҳам улгургандик. Футболда пойдевор қуриш жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Менинг фикрим шундай: яхши пойдевор бўлмас экан, клуб бир жойда депсиниб тураверади. Шуниси аниқки, “Навбаҳор”да бундай пойдеворни ташкил этиш учун ҳамма нарса мавжуд: яхши стадион, инфратузилма, жонкуяр ишқибозлар... Энди фақат ишни тўғри йўлга қўйиш керак холос. Боя айтиб ўтганимдек, бунинг учун вақт керак бўлади. Фақат сабр билан кутиш даркор.

журжевич_1

- “Навбаҳор”га келган чоғингизда Остон Ўрунов кетганди. Негадир унинг Россиядаги ишлари юришмаяпти. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

- Остон Ўруновни яхши биламан. Мен “Навбаҳор”га келганимда, у бу ерда эмасди. Бироқ у билан учрашганман. Ўшанда Остон “Локомотив” билан шартнома имзолаб, Намангандан кетганди. Ўруновни ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам билардим. У чиндан ҳам иқтидорли футболчи. Унда истеъдод бор. Аммо бунинг ўзи зўр футболчи бўлиб етишишни таъминлай олмайди. Бунинг учун ўйинчи ўз устида мунтазам ишламоғи даркор. Айтиш мумкин бўлса, зўр ижрочига айланиш учун иқтидор 30 фоиз, қолган 70 фоиз меҳнат талаб этилади. Асосийси, Ўруновда яхши потенциал бор. Унда яна шундай муаммо борки, Остон шу потенциали билан яхши клубда бемалол ўйнаб кета оламан, деб ўйлаган. Лекин клублар даражаси ўртасида катта фарқ бор. Худди шундай фикрни лигалар доирасида ҳам билдириш мумкин. Футболчи бир чемпионатдан иккинчисига кўчиб ўтар экан, янги жойга мослашишда қатор қийинчиликларга дуч келади. Мақсад сари эса қадам-бақадам ҳаракатланмоқ даркор. Остон Ўруновда потенциал бор. Футболчилар ўзлари фаолиятида ўзгариш юз бериб, бирор-бир жамоага келар экан, ўша ерда ўйнаб кета олишини ҳис қилади. Баъзида буни сезмас экан, қанчалик ҳаракат қилмасин ишлари юришмайди. Остонда шундай ҳолат юз берган. Ундан топ-даражадаги футболчи чиқиш-чиқмаслигини эса вақт кўрсатади.

- Вақт ажратганингиз учун раҳмат. Ишларингизга омад тилаймиз.

- Сиз ҳам раҳмат, Ўзбекистондаги журналистларни доим эслайман. Нафақат, маҳаллий журналистлар, балки Ўзбекистондаги кўплаб дўстларим билан яхши муносабат ўрнатгандим. Айримлари билан алоқани ҳамон сақлаб турибман. Масалан, Равшан Ҳайдаров менинг энг яқин дўстларимдан бири. Шунингдек, маҳаллий мураббийлар, федерациядагилар орасида ҳам танишларим кўп. Юқорида айтганимдек, Ўзбекистонни эсга олсам, хаёлимга фақат яхши фикрлар келади. У ерда ўтган давримни унутмайман. Агар яна ёрдамим тегадиган бўлса, бундан фақат хурсанд бўламан.    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!