Довурхон Кароматов: “Мард ўғлон” мукофоти Паралимпия ўйинларидан олдин менга катта мотивация бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан 30 июнь – «Ёшлар куни» муносабати билан турли соҳаларда фаол бўлган ёш авлод вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Эътиборлиси, улар орасида пара дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Довурхон Кароматов ҳам бор.

Маҳоратли спортчимиз бу борадаги таассуротлари ҳақида қисқача гапириб берди.

-Мен олис Қашқадарёнинг Косон туманида оддий оилада дунёга келдим. Менга курашга бўлган қизиқиш қонимдан ўтган бўлса керак деб ўйлайман. Чунки ота-бобом ҳам ўз вақтида миллий курашимиз билан мунтазам шуғулланган ва катта давраларда бел олишган.

Пара дзюдо спорт тури билан 5-6 синфда ўқиб юрган кезларимдан бошлаб шуғулланиб келаман. Гарчи кўзимда нуқсоним бўлсада, давлатимиз томонидан мен каби жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилган улкан имкониятлар туфайли ўз иқтидоримни намоён қила олдим. Ўтган давр мобайнида пара дзюдо бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Энг муҳими, жорий йил Токио шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритдим.

Ҳаётимдаги энг унутилмас кун эса 30 июнь куни содир бўлди. “Ёшлар куни” муносабати билан менинг камтаргина меҳнатларим юқори баҳоланди ва мен “Мард ўғлон” мукофоти билан тақдирландим. Энг аҳамиятлиси, ушбу мукофотни менга муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари ўз қўллари билан топширди.

Бу мукофот Токио-2020 Паралимпия ўйинлари олдидан менга катта мотивация берди. Президентимиз томонидан менга нисбатан билдирилган ушбу юксак ишончни Паралимпия ўйинларидаги ўзимнинг олтин медалим билан оқлашга ваъда бераман. Насиб қилса, Япониядан Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб совға билан қайтаман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!