“Футбол дўстлик” учун лойиҳаси иштирокчилари Алишер Узоқовдан қимматли маслаҳатлар олишди

 

ФИФА ва футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори – “Газпром” компанияси ўзаро ҳамкорликда “Футбол дўстлик учун” ижтимоий лойиҳасининг 6-мавсумига старт бергани ҳақида хабар берилган эди.

Лойиҳанинг финал тадбирлари шу йилнинг 8–15 июнь кунлари Москва шаҳрида ўтказилади ва унда 211та мамлакат вакиллари иштирок этади. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси иккинчи марта “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида қатнашади. Қуръа натижасига кўра, бу йил ҳам мусобақаларда юртимиз шарафини ёш дарвозабон ҳимоя қилади.

Мазкур дастурнинг асосий мақсади – бутун дунё ёш авлодни спортга жалб қилиш ва улар орасида муҳим гуманитар қадриятлар – дўстлик, тенглик, тинчлик ҳамда турли миллат ва маданиятларни ҳурмат қилишни тарғиб қилишдан иборат.

Бу йилги танлов натижасига кўра “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси Муслимбек Абдуманоппов ўз жамоасида дарвозабон бўлади ва юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, Ўзбекистон номидан лойиҳада ёш журналист Мардон Марупов иштирок этади.

Ижтимоий лойиҳа доирасида ёш элчилар Тошкентда турли соҳаларда мамлакат ривожига ҳисса қўшган таниқли ва машҳур инсонлар билан учрашиши кўзда тутилган. Биринчи учрашувни ўзбек футболи афсонаси Азамат Абдураимов билан ўтказган “Футбол дўстлик учун” лойиҳаси иштирокчилари бугун, 16 май куни таниқли актёр, футбол шарҳловчиси Алишер Узоқов билан кўришишди.

Ёш элчилар Алишер Узоқовга лойиҳа ҳақида маълумот бериб, унинг мақсади, уларни олдинда нима кутаётгани борасида сўзлаб беришди. Шунингдек, учрашув меҳмонига турли саволлар билан мурожаат қилишди. Муслимбек Абдуманоппов ва Мардон Марупов бугунги суҳбатдошидан фаолияти, унинг ёрқин хотиралари, дўстлик ва футболнинг ҳаётидаги ўрни ҳақидаги саволларга жавоб олишди.

“Актёрлар оиласида дунёга келганим боис, биринчи марта кинематографга 4 ёшда кириб келганман. Бундан ташқари, футболни жуда яхши кўраман ва мактабда ўқиб юрганимдаёқ ушбу спорт турига қизиқиб келганман. Ўз вақтида Биринчи лигада – “Истиқлол” жамоасида тўп сурганман. Тақдир тақазоси билан UzReport телеканалида футбол шарҳловчисига айландим – бу мен учун ўзига хос чақирув бўлди. Шу сабабли, Ўзбекистон бундан катта лойиҳада иштирок этаётганидан ва унда мана шундай муносиб иштирокчилар қатнашаётганидан мамнунман. Футбол ва дўстлик – бир-бирига яқин юради. Сизларга лойиҳанинг Москвада бўлиб ўтадиган финал босқичида омад ва муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламан. Сизлар буни уддалайсиз ва мамлакатимиз сизлардан фахрланади”, – деди Алишер Узоқов.

Бўлажак учрашувларни ўтказишдан асосий мақсад – дўстлик, тенглик, адолат, саломатлик, садоқат, ғалаба ва анъана каби қадриятларни тарғиб қилишдан иборат. Ёш эличларни олдинда янада қизиқарли учрашувлар кутмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!