Жасур Абдураимов:

Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда “Металлург” (1:2) жамоалари иштирокидаги ўйиндан сўнг, дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов матбуот анжуманида қатнашди.

- Биз еттита ўйиндан бери юта олмаётгандик. Шунинг учун бугун бизга айниқса, руҳий тарафдан қийин эди. Ҳар ўйиндан кейин матбуот анжуманларида айтяпман: футболчиларимиз ҳаракат қилишяпти. Аммо қандайдир хатоларга йўл қўйяпмиз, оддий жойларда. Биз ўйин тарафлама ютқазмаётгандик. Фақат ўзимизнинг хатолар туфайли омадсизликка учраётгандик, балки биз мураббийларда ҳам айб бўлгандир. Бугун шундай ўйин эдики, ким биринчи гол урса ўша жамоа ютарди. Лекин йигитларимиз характер кўрсатишганидан хурсандман. 1:0 ҳисобида ютқазаётиб, иккита гол ура олдик. Мен ҳамма жойда айта оламанки, доим характер биринчи ўринда. Характер бўлмаса, ҳеч нима ёрдам бермайди. Еттита ўйинни ғалабасиз ўтказишни ўзи бўлмайди. “Пахтакор”да шунча йил ишладим ва у ерда чемпионлик ҳамда Кубокни қўлга киритганмиз. Аммо бугун сира бундай хурсанд бўлмаганман. Ҳатто, ўша “Пахтакор”даги ютуқларимизда ҳам бунчалик қувонмаганман. Деярли икки ой ғалаба қозона олмадик. Бугун ҳам 0:0 бўлиб турганида фақат олдинга ўйнадик. Саламат Қуттибоев бир метрдан гол ура олмади. Уни ҳурмат қиламан. Ҳақиқий эркак, охиригача ҳаракат қилади. Бугун яхши ўйин бўлди. “Андижон” ҳам ҳаракат қиляпти. Стандарт вазиятларида “Андижон” билан ўйнашга қийин.

- Агар бугун “Металлург” яна ютқазганида бу сизнинг истеъфоингиз билан якунланган бўлармиди?

- Мен профессионал мураббийман. Ўз ишимни қиламан, охиригача. Битта нарсани айтаман: Аҳмедов Дилшод Турсунқуловичга ва унинг сабр қилганига катта раҳмат, у одам бизни ҳаракат қилаётганимизни кўриб турганди. У киши футболга қарайди. Еттита ўйинда сабр қилиш ҳар бир одамга эмас. Менга ишонч билдирилдими, охиригача оқлашга ҳаракат қиламан.

- Абдулхақов билан Нагаев захирадан майдонга тушгач, ўйин ўзгарди. Бу аввалдан ўйланганмиди?

- Биз охирги 15 дақиқада иккита ҳуужмчи билан ўйнадик, чунки 1:0 га ютқазяпмиз, тезроқ гол уришимиз керак эди. Биз таваккал қилдик. Ҳа, Абдулхақов билан Нагаев ишончни оқлади. Бу уларга ўзига ишончни оширади. Ютқазаётган жамоа мураббийи албатта таваккалга қўл уради. Биз ҳам шундай йўл тутдик ва бу ўзини оқлади.

- Тожиев билан Лобанов жамоадан кетгани ростми?

- Ёшларга эътибор беряпмиз. Лобанов билан Тожиев яхши ўйинчи. Тожиев 38 ёшда, Лобанов 35-36 да. Бизда 32 ёшдан катта бўлган 8 та футболчи бор. Тўғри, шундай етакчилар керак. 4 таси ёшларни ўзи билан эргаштирса қолади.

- Лобанов билан Тожиев ўзлари кетдими ёки сиз чиқиш эшикларини кўрсатдингизми?

- Ҳали улар кетгани йўқ. Ёшига қараб бу футболчиларда микрожароҳатлар бор. Уларга бироз дам олиб туринглар, вақти келганида ўзимиз айтамиз дедим. Клубнинг ўз филасофияси бор. Биз ёшларга эътибор қаратяпмиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар