Жасур Жалолиддинов: Сўз бергандим!

Ўзбекистон Суперлигаси 20-туридан ўрин олган баҳсда "Локомотив" ўз майдонида "Машъал"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. "Темирйўлчилар"нинг дастлабки голи муаллифи Жасур Жалолиддинов ўйиндан сўнг клуб матбуот хизматига интервью бериб ўтди:

"Қизиқ ва қийин ўйин бўлди. Биринчи бўлиб гол ўтказиб юборганимиз учун таваккал қилдик. Ҳимояга камроқ эътибор берган ҳолда ҳужумни ўйладик. Менимча, бу ўз самарасини берди. Ўйлашимча, характер кўрсата олдик".

- "Локомотив"даги дебют голингизни урдингиз. Рақиблардан бунчалик осон ўтиб кетишингизни сезганмидингиз?

"Дебют голимни урганимдан хурсандман. Ҳисобда ортда бораётган пайтимизда рақиблар ҳимояда зич ўйнай бошлашди, деярли 7-8 футболчи бўлиб ҳимояланишди. Шу сабабли, алдовчи ҳаракатларга эътибор бериш керак эди. Гол урган вазиятда энг тўғри қарор деб шуни билдим. Асосийси - ўйлаган ишим амалга ошди. Жамоанинг ғалабасида ўзимнинг ҳиссамни қўшганимдан хурсандман.

- Голингизни Ислом Қобиловнинг кечагина туғилган ўғил фарзандига бағишладингиз. Буни ўйин олдидан барча футболчилар билан бирга келишиб олганмидингиз?

"Йўқ, ундай бўлмаганди. Ислом Қобилов билан бирга "Бунёдкор" академиясида бирга катта бўлдик, бир жамоа таркибида ўйнадик. У билан муносабатларим аъло даражада. Шу сабабли, ўйин олдидан Исломга гол уришга ва голни унинг фарзандига бағишлашга сўз бергандим".

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар