Жиззахда белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади

Жорий йил 24-27 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун белбоғли кураш бўйича илк маротаба 2001-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Ўзбекистон жаҳоннинг энг сара белбоғли курашчиларини мусобақа гиламига чорлайди. Тўрт кун мобайнида дунё полвонлари белбоғли кураш қоидалари бўйича ғолиблик учун беллашади.

Жаҳон чемпионатида ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишларда

-52 кг, -62 кг, -68 кг, -75 кг, -82 кг, -90 кг, -100 кг ҳамда +100 кг вазн тоифаларида, қизлар эса -48 кг, -52 кг, -58 кг, -66 кг, -76 кг ҳамда +76 кг вазн тоифаларида куч синашади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритган спортчи 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳиби 7 миллион сўм ва 3-ўринга сазовор бўлган спортчи 5 миллион сўм миқдорида пул мукофотига эга бўлишади.

Белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Жаҳон белбоғли кураш ассоциатсияси (ЖБКА), Халқаро белбоғли кураш федерацияси (ИБWА), Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар кўмагида ўтказилади.

Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан терма жамоалар иштирок этиши кутилмоқда.

Айни пайтда Жиззах шаҳрида жаҳон чемпионатини муносиб тарзда ташкил этиш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар