Кения терма жамоаси устози: "Ўзбекистон билан ўйин? Нима учун йўқ? Бу иккала жамоага ҳам фойдали бўлади"

Кения футбол федерацияси миллий терма жамоани европалик мутахассисга топшириш учун изланишлар олиб борди. Якунда туркиялик мураббий Энгин Фират номзоди бир овоздан маъқулланди. Шунга кўра, Фират Кения миллий терма жамоаси бош мураббийига айланди.

Туркиялик мураббий бундан аввал Молдова терма жамоасига устозлик қилганини эслатиб ўтиш лозим. Мураббий Молдовадан кетганидан кейин Sports.uz сайти учун эксклюзив интервью ҳам берганди. Шундан бери 51 ёшли мутахассис билан салом-алик қилиб турамиз.

999235591af89f0c24ae2e79808019bf26b15a36

Туркия ҳамда Германия фуқаролигига эга бўлган Энгин Фират Молдова термасидан кетганидан кейин бир қанча таклифларни олди. Албатта, у яна ишга чанқоқ эди, аммо вариантлар орасидан ўзига энг маъқулини танлаши ҳам унинг учун асосий вазифалардан бири эди.

Натижада у Африка қитъасидан келиб тушган чорловни қабул қилди. Энди мураббий уйидан янада олисда ишлашига тўғри келади. Аммо бундай ҳолатларга аллақачон кўникиб кетган. Ўзи ҳам мана шундай саргузаштларга бой бўлган бошқа қитъаларда ишлашни хуш кўради. Энгин Фират нима сабабдан Кенияни бошқаришга рози бўлгани ҳақида гапирди.

Firat-Engin

“Мен Кениянинг таклифини қабул қилдим. Фақат федерация президентидан қисқароқ муддатга шартнома имзолашни сўрагандим. Лекин менга узоқ муддатли шартномани беришди. Бундан хурсандман. Аввало, уларга менга Африкада ишлаш имкониятини беришганлари учун раҳмат айтиб қоламан. Бу мен ишлаган учинчи қитъа бўлди, шу жиҳатдан ҳам мамнунман”.

Кения – бу Африкада футболи ривожланиш истагида бўлган мамлакатлардан бири. Бунинг учун европалик мутахассисни жалб қилишгани бежиз эмас, албатта. Фират у ерда олдига қандай вазифа қўйилганини ҳам айтди.

фират

“Менга қўйилган вазифа – бу аввало футболчиларнинг ҳолатини ўрганиш, уларни кузатиш, кимнинг қандай сифатга эгалигини таҳлил қилиш ва буни амалга ошириб бўлганимдан сўнг, Кения футболини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга татбиқ этишни мендан сўрашяпти. Ҳозир мана шу жараён устида иш олиб боряпмиз”, - дейди  мураббий.

Кения футболи аслида биз учун у қадар нотаниш ҳам эмас. Чунки 2018 йили Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Кения олимпия терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувини ўтказгани ёдингизда бўлса керак-а? Ўша йилнинг март ойида кенияликлар юртимизга ташриф буюрган ва Андижон билан Фарғонада халқаро ўйинлар ташкил этилганди. Ўша пайтда олимпиячиларимизга Равшан Ҳайдаров устозлик қиларди. Андижондаги биринчи учрашувда 1:2 ҳисобида ютқазгандик. Фарғонадаги баҳсда эса 90+7-дақиқада Достон Турсуновнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалабага эришганмиз.

unnamed_1

Кения ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари иштирокида ҳам ўртоқлик учрашуви ташкил этилиши мумкинми? Бунинг учун аввало иккала томонда ҳам хоҳиш ва истак бўлиши лозим. Бу масала бўйича Кения терма жамоаси устози Sports.uzга шундай деди:

“Албатта, нима учун йўқ? Ўзбекистон миллий термаси кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Уларга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиш икки томонга ҳам жуда фойдали бўлади, назаримда. Бундай ўйин қизиқарли ўтади”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
18/10/2021 23:15
Қизиқ бўларди ўйнаса МТЖмиз Кения билан. Кутиб қоламиз.