Кержаков легионеримизни бежизга чақирмаган! Янги клубида ким ёрдам беряпти? Нимадан ажабланди? Иброҳимхалил Йўлдошевнинг

Яқинда Россиянинг “Нижний Новгород” жамоаси аъзоси айланган ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошевнинг у ердаги фаолиятини ҳам энди диққат билан куазатиб бораётганлар кўп.

“Пахтакор” клуби тарбияланувчиси биринчи марта легионер сифатида Россия майдонларида тўп суряпти. Sports.uz мухбири ушбу футболчимизнинг янги клубидаги ҳаёти, чемпионатга кўникиши қандай кечаётгани хусусида суҳбатлашди.  

- Иброҳимхалил, аввало сизга “Нижний Новгород” клубидаги фаолиятингизда омад ва муваффақият тилаймиз. Биламизки, мазкур клубга кўчиб ўтишингиз юзасидан билдирган фикрларингиз матбуотда чоп этилди. Сиз билан охирги бор суҳбатлашганимизда аслида Европага кетишингиз кутилаётганди. Кейинчалик воқеалар ривожи ўзгариб, манзилингиз Италияга эмас, балки Россияга қаратилгани режаларингизни ҳам ўзгартириб юбордими ёки барчаси шундай кечишига тайёрмидингиз?

- Тўғри, чиндан ҳам менга биринчи бўлиб италияликлар чиқишганди. Россия варианти йўқ эди. Кейинчалик Александр Кержаков менинг ўйинларимни кўрган. Хорижга кетишга тайёр тургандим. Албатта, юз берган воқеалар режамни ўзгартирди, деса ҳам бўлади. Россияликлар варианти жуда тез пайдо бўлди. Мен ҳам уларга ўз розилигимни бердим. Россия орқали Европанинг кучли чемпионатларидан бирига кетмоқчиман.

иброхим5

- Янги жамоага мослашишингиз қандай ўтяпти? Бу борада сизга айнан кимлар яқиндан кўмаклашяпти?

- Янги клубимга мослашувим яхши. Ўзингиз билсангиз керак, бу борада менга Фахриддин ака Исамуҳаммедов ёрдам беряпти. Худо хоҳласа, бу ерда бир ой давомида мен билан бўлади. Қийин эмас, кейинчалик ўзим эплаб кетаман, деб ўйлайман.

- “Нижний Новгород”даги илк кунингиз қандай ўтганди? Ҳаяжонга қаттиқ берилганмисиз?

- Илк кунимга келсак, тўғри, у ерга борган пайтимда ҳаяжон бўлди. Чунки мен биринчи марта легионерга айлангандим. Биринчи ўйиндан мураббий менга ишонди ва асосий таркибда туширди. Бундан кейин янада яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бошида ҳаяжон бўлгани учун киришиб кетишда бироз тушунмовчиликлар ҳам бўлди.

иброхим1

- Клуб бош мураббийи таниқли собиқ футболчи Кержаков! У билан биринчи суҳбатингиз қандай ўтгани биз учун қизиқ. Умуман олганда, у мураббий сифатида сизда қандай таассурот қолдиряпти?

- “Нижний Новгород”га келганимдан кейин биринчи машғулотимиздан олдин бош мураббийнинг хонасига кирдим. Кержаков менга келдингми, тайёрмисан, деди. Сўнгра, ўйиндан кейин гаплашдик. Ўз устимда ишлашим бўйича тавсиялар берди ва умумий маънода яхши фикр айтди.

- Ҳозирга келиб жамоада яқин дўст топа олдингизми? Масалан, хонадошингиз ким? Клуб базасида яшаяпсизми ёки сизга алоҳида уй беришганми?

- Жамоада ҳамма билан яқинман. Аммо битта ажралиб турадигани бор, у менинг қўшним. У билан машғулотларга ҳам бирга бориб келамиз. Клуб менга уй берган. “Нижний Новгород”да мендан ташқари яна бир мусулмон футболчи бор. У Тимур Сулаймонов. У билан ҳам яқин муносабатдаман, намозни ҳам бирга ўқиймиз.

иброхим4

- У ердаги футболсиз оддий кунингиз қандай ўтяпти? Зерикмаяпсизми?

- Ўзбекистонда машғулотлар одатда куннинг иккинчи ярмида бўлади. Бу ерда эрталаб бўлар экан. Масалан, 11 лар атрофида бошланса, 1-2 ларгача клубда бўламан. Ундан кейин дам оламан. Кейин кечки сайрга чиқишим мумкин.

- “Нижний Новгород”да ҳам 6-рақамда тўп суряпсиз. Бу рақам аслида бўш турганмиди, у ерда? "Пахтакор"да ҳам, терма жамоада ҳам сизни шу рақамда кўрамиз. 6-рақамни сиз учун қандай муҳимлик жиҳати бор?

- Бу ерга келганимда мендан қайси рақамда тўп суришимни сўрадилар. Қарасам, 6-рақам бўш турган экан. Бунинг менга қандай аҳамияти бор? Олдиндан, ҳатто академияда ўқиб юрган пайтларимданоқ шу рақамда тўп сурардим. Шудан бери 6 мен учун қадрли бўлиб қолган.

иброхим3

- Россия футболида жисмоний кучга кўпроқ таянилади ва яккакурашлар жиддий кечади. Ўзбекистон чемпионатидан кўчиб ўтган футболчи сифатида, қолаверса, илк бор Россиядек чемпионатга йўл олганингизни инобатга олсак, премъер-лига ўйинларига мослашишда қийинчиликлар сезиляптими?

- Тўғри, Россия чемпионати кучли. Яккакурашларда ҳам рақобат кучли. Ўйинлар давомида жисмоний тайёргарликка ҳам катта куч сарфланади. Қийинчиликлар...Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Жисмоний тарафдан тайёр бўлсангиз, ўйинларга осон киришиб кетасиз. Агар жисмоний томондан муаммолар бўлса, у ҳолда қийинчилик бўлади.

- Янги клубингизда сизни ёқимли маънода нима ажаблантирди?

- Клубда нима ажаблантирди? У қадар ажаблантирадиган ҳолат бўлмади, бироқ мен учун янгилик бўлгани шундаки, ҳар бир машғулотдан олдин футболчилар тренажёр залида мусиқа садолари остида ишлашади ва бу жуда қувноқ кечади. Ҳамма бир-бири билан кулишиб, илиқ муносабатда ишлашади.

иброхим2

- Ҳар бир клубнинг ўз олдига қўйган мақсад ва режалари бор. “Нижний Новгород”нинг асосий вазифаси қандай ва шу билан бирга футболчи сифатида бу клубда қанча вақт қолмоқчисиз?

- Клубнинг режалари битта: премъер-лигада биринчи ўринни эгаллаш. Жамоа билан шартномам бир йилга тузилган. Қолганини вақт кўрсатади.

- Сиз бевосита миллий терма жамоамизнинг ҳам аъзосисиз. Айтинг-чи, янги бош мураббий Сречко Катанецнинг илк йиғинида қатнашдингиз ва уни қандай мураббий, деб айта оласиз?

- Сречко Катанецнинг биринчи йиғини яхши ўтди. Унда бошқа мураббийларга нисбатан кўрган энг яхши жиҳат шу бўлдики, тартиб-интизоми жуда кучли экан. Нафақат майдонда, балки ўйиндан ташқарида ҳам тартибга қатъий риоя қилади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ulugbek Nevajno
26/09/2021 13:03
Бугун Шомуродов,Абдухоликов,Сардор Рашидов клублари уйнайди анонслари Uzbekistan Legioners телеграм каналида бор силкалариям жойланган кимга кизу болса..