“Навбаҳор” клубида доим яхши савиядаги футболчилар тўп сурган. Қолаверса, бундай жамоа шарафини ҳимоя қилишнинг ҳам гашти бошқача. Буни айниқса жамоа етакчилари яхши ҳис қилишади.

Ярим ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров наманганлик бўлгани учун ҳам “Навбаҳор”га содиқлигини бир неча йиллардан бери кўрсатиб келяпти. У клубнинг муҳим ўйинчиси ва доимий равишда асосий таркибдан жой эгаллаб келади.

Ғофуров жорий мавсумда ҳам катта ҳажмдаги ишни бажарди. Доим унинг тажрибаси жамоасига асқотган. Мазкур ўйинчи якуни етган мавсум, “Навбаҳор”нинг иштироки ва кейинги режаси ҳақида Sports.uz мухбирига қуйидагиларни айтди.

Жорий мавсум ҳақида

- Бу йил яхши ўйинлар бўлди. “Пахтакор”ни ҳисобга олмаганда совринли ўринлар учун кураш охирги тургача давом этди. Худди шунингдек, Суперлигада қолиш учун интрига ҳам жиддий тарзда кечди. Мана шу томонлама чемпионатдаги кураш ёқимли бўлди. Йилдан-йилга савия ўсиб боряпти, деб ўйлайман. Чунки рақобатбардош жамоалар кўпаймоқда. Жорий мавсумдаги ёқимсиз ҳолатга келсак, биз ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалай олмадик.

мирзохид2

“Қўқон-1912”га бой берилган ўйин

- Охирги ўйинда ўзимизни хатолар эвазига ютқаздик. Бирин-кетин голларни ўтказиб, вазиятдан чиқиб кета олмай қолдик. Руҳан тушкунликка тушиб қолдик. Эътибор берган бўлсангиз, ҳали чемпионат давомида ўз дарвозамиздан учта гол ўтказиб юбормагандик. Қўқонликлар тезкор голлар урди. Омад ҳам уларга кулиб боқди. Бу биз учун кутилмаган ҳолат эди. Биз ҳам сўнгги турда мухлисларимиз олдида йилни ғалаба билан якунлашни хоҳлагандик. Аммо бундай мағлубиятни кутмагандик ва хоҳламагандик.

мирзохид3

“Навбаҳор”нинг иштироки тўғрисида

- Кутилмаган мағлубиятлар ҳам сабаб бўлади ва шу орқали биз керакли очколарни йўқотиб қўйдик. Масалан, уйимизда ҳам очколарни бой бердик. Мана шундай кутилмаган омадсизликлар эвазига вазифани уддалай олмадик. Бундан ташқари, мураббийлар ўзгариши ҳам бўлди. Дастлаб, Нўъмон ака Ҳасанов жамоани тайёрлади. Ундан сўнг, Виктор Жалилов ишни давом эттирди. Кейин Самвел Бабаян келди. Аммо яхши томонга ўзгаришлар бўлди. Самвел Вячеславович бизга кўрсатдики, иккинчи даврада очко йиғиш бўйича “Пахтакор”дан кейин иккинчи ўринда эканмиз. Демак, ўсиш бор. Жамоа Самвел Бабаянга ишониб топширилди. Клубнинг орзуси эртами-кечми амалга ошиши керак.

мирзохид

Чемпионлик хусусида

- Ҳар йили чемпион, чемпион деб гапирилади. Келинг, энди шуни айтмасдан борича, куч билан белни боғлаб туриб ҳаракат қилайлик. Ҳаммасини иш, ўйин ва натижа билан кўрсатиб қўяйлик.

мирзохид1

Шартномаси тугаётган Мирзоҳид Ғофуровнинг кейинги режаси қандай?

- Ҳақиқатан шартномам тугади. Аммо ҳали клубдан кетганим йўқ. Мавсум энди тугади. Ҳозир бироз ҳордиқ чиқармоқчиман. Кетиш ёки қолиш масаласида ҳали ўйлаб кўрмадим. Албатта, клуб томонидан менга яна таклиф билдирилган ва қолиб ёрдам беришимни хоҳлашяпти. Яқин кунларда ҳаммасига ойдинлик киритилади. Таклифлар бўлиб турибди. Фақат бир неча йилдан бери битта жамоада ўйнаётганим учун мени ўша ерда қолади деб ўйлашади. Таклифлар бор-у, аммо “Навбаҳор”да қолганим яхшими, дейман-да. Бу клубда бешинчи мавсумни тугатдим. “Навбаҳор” янги мавсум учун ҳозирдан режаларни ишлаб чиқяпти. Боя айтганимдек, менга ҳам қолиш бўйича таклиф билдиришган. Оғзаки келишув бор. Бу ўз уйим. Туғилиб ўсган шаҳрим жамоасини ҳимоя қилиш мен учун шараф.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар