Конференциялар лигаси. Моуриньо бугун Абрахам ўрнига Шомуродовни ўйнатмоқчи!

30 сентябрь куни “Рома” футболчилари УЕФА Конференциялар лигаси гуруҳ босқичи иккинчи турида Луганскда “Заря” меҳмони бўлади.

УЕФА таснифидаги учинчи турнирда илк маротаба иштирок этаётган Рим клуби бош соврин учун асосий даъвогар ҳисобланади. Римликлар Конференциялар лигасида жуда зўр натижаларни қайд этмоқда.

Жозе Моуриньо шогирдлари халқаро миқёсда учта учрашув ўтказиб,  саралаш раундида Туркиянинг “Трабзонспор” жамоасини 2:1, 3:0, гуруҳ босқичининг биринчи турида Болгариянинг ЦСКА жамоасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

19991945_0_108_2075_1275_1920x0_80_0_0_cfceb5880de38bfd7e8bf606d1307265_1

“Рома”нинг иккинчи турдаги рақиби – “Заря” эса мусобақани гуруҳ босқичидан бошлади. Луганскликлар аслида Европа лигасида иштирок этаётган эди. Бироқ Украина клуби нуфузи жиҳатидан юқорироқ бўлган турнирнинг саралаш босқичидан ўта олмади ва бир поғона пастга тушди.

Конференциялар лигаси гуруҳ босқичининг биринчи турида “Заря”ни ушбу мусобақанинг саралаш раундидан базўр ўтган Норвегиянинг “Буде-Глимт” жамоаси ҳам ўз уйида 3:1 ҳисобида енгиб қўйди. Ўша баҳсда луганскликлар мезбонларга муносиб қаршилик кўрсата олмади.

Мутахассислар Луганскдаги беллашувда “Рома” фаворит эканини таъкидламоқда. Аслида Жозе Моуриньо шогирдлари турнирда ғолиб чиқиш учун асосий даъвогарлардан. Агар “Рома” шу таркиби ва савияси билан УЕФАнинг учинчи даражали мусобақасида “пичоққа илинадиган” натижа қайд эта олмаса, А Сериядаги юқори ўринлар ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси орзулигича қолиб кетиши мумкин.

Яна бир эътиборга молик маълумот.  “Заря”га қарши учрашув португалиялик мураббий учун тарихий аҳамиятга эга. Corriere della Sera нашрининг маълум қилишича, бу баҳс Моуриньонинг Европа миқёсидаги 200 учрашуви сифатида қайд этилади.

Машҳур мураббийнинг халқаро миқёсдаги дебюти 2000 йилда “Бенфика”да ишлаган вақтда рўй берган. Ўшанда португалияликлар УЕФА кубогида “Хальмстад” клубини кейинги босқичга ўтказиб юборган.

Кейинчалик Моуриньо турли жамоалар бош мураббийи сифатида Чемпионлар лигасида икки маротаба, Европа лигасида бир бор бош совринни қўлга киритди.

Статистик маълумотларда Жозе Моуриньо Чемпионлар лигасида 151 та, Европа лигасида 42 та, УЕФА Суперкубогида 3 та ва Конференциялар лигасида учта учрашувда шогирдларини майдонга бошлаб тушган.

rue9d24985062

200 учрашув олдидан Моуриньо бошқарган жамоалар қитъа миқёсидаги халқаро учрашувлардан 112 тасида ғалаба қозонган, 44 маротаба дуранг қайд этган ва 43 марта рақибнинг устунлигини тан олишга мажбур бўлган.

Агар “Рома” юбилей учрашувни ўз фойдасига ҳал қилса, тўртта ўйинда тўртта ғалаба билан бу кўрсаткич бўйича “Челси”, “Реал” ва “Тоттенхэм”га тенглашиб олади.

Италия футболини батафсил ёритиб келаётган calciomercato.com сайти Моуриньо А Серияда “Лацио”дан учралган аламли мағлубиятдан сўнг, машғулотларнинг ранг-баранглигига эътибор қаратган. Португалиялик мутахассис оғир ўтган учрашувда кўп куч йўқотган футболчиларни майдондаги машғулотлардан озод қилиб,  тренажёр залида шуғуллантирган.

Шунингдек, мазкур сайт “Рома” мураббийлар штаби “Заря”га қарши учрашувда жамоанинг асосий ҳужумчиси Тэмми Абрахамга дам бериб, ўрнига Элдор Шомуродовни туширишни режалаштираётганини ёзмоқда. Шунингдек, “Реал”дан ижарага олинган Борха Майоралга ҳам имконият берилиши кутилмоқда.

Элдор Шомуродов “Рома”даги расмий илк голини айнан Конференциялар лигасида ургани ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Шунингдек, бу турнирда учта ўйинда қатнашган легионеримиз жамоадошларига иккита голли пас ҳам оширган.

YuN5XDtAPuiNGNy_GOf7W2e6e_f8Y-J7

“Заря” – “Рома” учрашуви 30 сентябрь куни Тошкент вақти билан 21:45 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Sattorov Xayriddin
30/09/2021 01:20
Qilomasakerek abramxam xafa busakerk
Sattorov Xayriddin
30/09/2021 01:20
Joze bu qulidan kelarmikan