"Локомотив" қандай трансферларга тайёрланяпти? Бош мураббийликка нега Коростиченко тайинланди? Секейра нима учун янги шартномани қабул қилмади? Тўлабек Акрамов жавоб берди

Тошкентнинг “Локомотив” клуби ҳам эътиборни ўзига жалб қиладиган ўзгаришлар бўляпти. Таркибни бир қатор етакчи ўйинчилар тарк этди. Бош мураббийликка Денис Коростиченко тайинланди.

Очиғи, клубдаги ўзгаришлар юзасидан “Локомотив” жамоаси бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамовга берадиган саволларимиз бор эди. Мутахассис бизнинг истагимизни қабул қилган ҳолда бироз вақтини ажратди.

- Аввало, "Мавсум-2021" ҳақида сўрамоқчиман. Сизда қандай таассурот қолдирди ва жамоангиз иштироки борасида нима дея оласиз?

- Мавсум ҳақида нима дея оламиз? Ўртача темпда ўтди, деса ҳам бўлади. Жамоалар асосан 2-3-ўринлар учун курашди. Пастки қисмда қуйи лигага тушиб кетмаслик учун клублар ўртасида ҳам кураш қизғин кечди, дея оламан. Яна қайтараман: умуман олганда, мавсум ўртача ўтди. Балки “Пахтакор”ни кўпроқ очко олиб, анча илгарилаб кетиши ҳам таъсир қилгандир. Ўз жамоамизга келсак, чемпионат бошида қўйилган вазифа бажарилмади. Таркиб бўйича ҳам, шарт-шароитлар бўйича ҳам ҳамма нарса етарли эди. Жамоамиз олдига чемпионлик мақсади қўйилганди. Бош мураббийликка Микаэль Секейра келганидан кейин унинг бу ерга мослашишига ярим йил кетиб қолди. Бу менинг шахсий фикрим. Чунки иккинчи даврадан жамоа ўз ўйинини кўрсата бошлади. Ўзгариш сезилди, олдинга силжиш бўлди, деб ўйлайман. Биринчи даврада йўқотилган очколар мураббийимизни мослашиш даврига тўғри келиб қолди.

акрамов

- Секейра муддатидан аввал истеъфога чиқди. Бу қарор уникими ёки раҳбарият шуни истадими?

- Бу Секейранинг қарори. Ҳолбуки, биз унга янги шартнома таклиф қилгандик. У уйига кетишни лозим топди. Қолаверса, Секейранинг олдида бир қатор вариантлари ҳам бор. Назаримда, у шуларни ҳам кўриб чиқяпти. Мураббий ўз хоҳишига кўра кетди.

- Нима деб ўйлайсиз, унинг клубдан кетишига Қўқондаги ўйиндан сўнг матбуот анжуманида айтган гаплари таъсир кўрсатдими?

- Йўқ, Қўқонда гапирганларининг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Айтяпман-ку, кетишни ўзи истади. Оиласи Португалияда эди ва чақалоғи ҳам бор эди. Мураббийнинг олдида оиласини бу ерга олиб келиб ишлаш варианти ҳам турганди. Лекин оиласи бу ерга келишни хоҳламагани учун ҳам ўзи уйига қайтиб кетди. Мураббий билан ҳеч қандай муаммо йўқ. Гапириши керак жойда гапирди. Бунга нормал қараш керак ва ўша ҳолатдан катта фожеа ясаш шарт эмас.

акрамов3

- Бош мураббийликка Коростиченко тайинланди. Очиғи, бироз кутилмаган тайинлов бўлди, биз учун. Нимага бу қарорга келдинглар?

- Коростиченкони тайинлаш бўйича гапирсам, биз бу мураббийни анчадан бери биламиз. Клубимизда ишлаётганига икки йил бўлди. Тимур Кападзе ва Микаэль Секейра билан бирга ишлади. Уни футболга қарашлари клубимизнинг сиёсатига тўғри келади. Бу орқали янгилик қилишга қарор қилдик. Ўзи шундоқ ҳам Суперлигада мураббийлар муаммо. “Про” лицензиясига эга бўлган 13-14 нафар тажрибали мутахассисларимиз бор. Улар ишлаяпти. Шу боис биз бу сафар бошқача йўл тутдик. Денис Коростиченко ҳали ёш, ишга чанқоқ. Ишлашга кўзи ёниб турибди. Кўп соҳаларда ёшларга эътибор ва имконият бериляпти. Раҳбарият билан маслаҳатлашиб биз ҳам шундай қарорга келдик. Худо хоҳласа, биздан ҳам Нагельсманнлар, чиқсин деяпмиз.

- Бундан чиқди, жамоа олдига янги мавсумда совринли ўринлар учун эмас, балки ўз ўйинини йўлга қўйиб, шакллантириш вазифаси қўйилдими ёки Коростиченко билан келаси йили нимадир ютишингларга ишонасизми?

- Бизда қандай ўзгариш бўлишидан қатъи назар, ҳеч қачон мақсад ўзгармаган. Янги мавсумда ҳам юқори ўринлар учун курашамиз. Денисни бош мураббийликка тайинланиши учун унга жамоани ўрганишга қанақадир вақт кетади, деб ўйламайман. Нимагаки, у жамоа билан салкам икки йилдан бери бирга ишлаяпти. Ҳаммани яқиндан билади, барчани танийди. Жамоамизнинг асосий ўзагини сақлаб қолдик десам ҳам бўлади. Йўқотган бўлсак, 20 фоизини йўқотдик ва 80 фоизи қолди. Яна 2-3 та трансферлар қиламиз. Академиямиздан чиқаётган йигитларни ҳам асосий таркибга жалб қиламиз. Келаси йили анчагина қувноқ жамоани кўрасизлар. Кетганларнинг ўрнини иқтидорли ёшлар билан тўлдиряпмиз.

- Эшитишимча, Азиз Амонов бўйича сизда яхши таклифлар бор экан. У легионерга айланадими? Сир бўлмаса, қайси хориж клублари билан музокаралар кетяпти ва футболчини трансфер нархини қанчага баҳоладинглар?   

- Амонов бўйича расмий равишда ҳеч қандай таклиф йўқ, ҳали. Таклиф бўлса албатта кўриб чиқамиз. Буни беркитадиган сирли жойи йўқ. Аниқ таклиф бўлиб, музокараларга киришсак буни оммага эълон қиламиз.

акрамов1

- Жамоани айрим етакчилар тарк этдилар. Бу сизни хавотирга солмаяптими? Яна кимлар кетди ва ўрнини қайси футболчилар билан тўлдирмоқчисиз?

- Хавотирга солаётгани йўқ. Агар клуб хоҳлаганида кетган футболчиларни сақлаб қолиш имконияти бор эди. Биз шундай қарорга келдикки, асосан ўйин амалиётига кам эга бўлган ва анча йилдан бери жамоамиз учун борини берган ўйинчилар билан дўстона равишда хайрлашдик. Мақсад: босқичма-босқич жамоани ёшартириш. Уларни ўрнини асосан ўзимизни тарбияланувчиларимиз билан тўлдирамиз. Юқорида айтганимдек, яна 2-3 та трансферлар ҳам бўлади. Бу трансферлар ҳам ёши 23-24 га кирган футболчилардан иборат бўлади. Музокаралар кетяпти, яқин орада янгиликлар бўлиб қолади.

- Клуб шов-шувли трансферга қўл урадими?

- Шов-шувли трансфер деганда нимани назарда тутяпсиз, билмадиму, аммо трансферлар бўлади. Ички чемпионатимизда у жамоадан бу жамоага кўчиб ўтадиган маҳаллий ўйинчилар у қадар шов-шувли бўлмаса керак. Четдан кимдир тажрибали легионерни олиб келмаса, ўзимиздаги трансферлар шов-шув кўтармайди. Биз фойдали трансферларни қилмоқчимиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!