"Манчестер Юнайтед" раҳбарлари барибир Сульшерни ишдан олишга мажбур бўлди. "Уотфорд" билан ўйиндан сўнг раҳбарият олдида бошқа йўл қолмади. Норвегиялик мутахассис четга сурилган бўлса-да, унинг ўрнига узоқ йиллик режага эга мураббийни таклиф этишнинг имкони бўлмади.

Зайниддин Зидан, Луис Энрике, Брендан Рожерс, Эрик тен Хаг сингари асосий даъвогарларнинг 3 таси бошқа проектларда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Зидан эса, негадир АПЛга келишни истамаяпти. Натижада, клубда ёрдамчи мураббий вазифасини ўтаётган Майкл Кэррикдан бошқа вариант қолмади.

Клуб расмий сайти Майклни вақтинча мураббий вазифасини бажариш учунгина Сульшер ўрнини эгаллагани ҳақида маълумот берди. Катта эҳтимол билан, маъқул вариант пайдо бўлса, Кэррик яна ёрдамчи мураббий лавозимини эгаллаши мумкин. Шунга қарамай, бу "Юнайтед"нинг янги устозини имкониятларига паст баҳо бериш керак, дегани эмас. У "Вильярреал", "Челси" ва "Арсенал"га қарши оғир баҳсларда жамоасини майдонга олиб чиқиши керак. Балки, бу учрашувлардаги натижалар унинг мураббийлик курсисида узоқ қолишини таъминлар?!

Michael-Carrick-1024x576

У ҳақида клубдагилар қандай фикрда?

Инглиз нашрларидаги маълумотларга суянадиган бўлсак, Кэррикка деярли барча ҳурмат юзасидан муомала қилишни бошлади. Гап фақат "қизил иблислар" футболчилари ёки мураббийлар штаби ҳақида эмас. Пеп Гвардиола уни ўзи кўрган энг кучли ярим ҳимоячилардан бири, деб эътироф этганди.

Жозе Моуриньо жамоа тепасига келганида, Кэррик сэр Алекс ташлаб кетган энг сўнгги ёдгорликдан бири эди. "Беназир" ўзининг "Олд Траффорд"даги дастлабки ўйинларидан бирида клуб мухлислари нега Диего Форлан ҳақидаги қўшиқни куйлаётгани билан қизиқади. У берган саволга захира ўриндиғида ўтирган Майкл Кэррикдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмайди. Кэррик хотиржамлик билан "Олд Траффорд"да уругвайлик ҳужумчини ҳурмат қилишларини, у клуб учун 100 та ўйин ўтказмаган бўлса-да, "Энфилд"да дубль қайд этгани учун бу қўшиқ ҳали-ҳамон куйланишини тушунтириб беради. Кўп ўтмай, Майкл соғлиғи сабабли бутсаларини михга илишга мажбур бўлди. Жозе эса, ўша куниёқ унга ўз штабидан ўрин таклиф этди.

Моуриньо шу йўсинда Майклни ўзи ва клуб ўртасидаги кўприк вазифасини ўтаб беришини тахмин қилган. Хотиржам, камгап, камтар ва футболни яхши тушунадиган инсоннинг сўзларига футбол оламининг юлдузлари ҳам жим қулоқ солишига шубҳа йўқ, аммо бу қанча давом этиши мумкин?

Майкл ўз ўйин фалсафасига эгами?

Афсуски, барча кучли футболчилар ҳам мураббийлик соҳасида ўз имзосига эга бўлмайди. Кэррик футболчилик фаолиятининг сўнгги йилларида ўйновчи мураббийга айланиб бўлган эди. У майдондаги ёш шериклари хато қилса, койиб бермас, кейинги сафар қандай йўл тутиш борасида керакли маслаҳатларни беришга ҳаракат қиларди. Мана энди бу ишни расман амалга оширишига тўғри келади. Келинг, Кэррикни жамоадошларига берган тавсияларидан бирини кўриб чиқамиз.

koekvoerv

2018 йилда Поль Погба "Манчестер дербиси"даги ғалабадан сўнг қаҳрамонимизга миннатдорлик билдирган эди. Биринчи бўлимдан кейин 0:2 ҳисобида "ёнаётган" "Юнайтед" етакчисига Кэррик кўпроқ жарима майдончасига катта тезликда кириб келишни маслаҳат беради. Натижада, Погба ўйин тақдирини ўзгартириб юборган голларга муаллифлик қилади.

Сульшер жамоа постини қабул қилиб олгач, асосий жамоа машғулотларини тўлиқ Кэррик ўтказа бошлади. Жамоа футболчилари кучли мураббийнинг ёрдами керак эканлигини таъкидлаганига қарамай, ҳеч ким уни "Юнайтед" даражасидан паст мутахассис, деб атамади. Майклнинг футбол фидоийси эканлиги борасида Фред билдирган фикрга эътибор қаратинг:

"Мен жамоага энди келган пайтларим у мен билан ҳар куни машғулотлардан сўнг 1 соат ишларди. Қаерда хато қилаётганимни тушунтириб, ўз фикрини асослаб берди. Натижада, кўп ўтмай, инглиз футболига тўлиқ мослашиб олдим. Бунинг учун, Майклдан миннатдорман".

Аслида, "қизил иблислар"нинг юлдуз футболчилари катта натижаларга эришиш мақсадида топ даражадаги мураббийлардан бири келишини талаб қилиши мумкин, аммо бу Майклнинг клубдаги "авторитет"ига салбий таъсир кўрсатмаслиги турган гап.

f34kof34kf

Тўғри, яхши инсон - зўр мураббий, дегани эмас. Кэррикни иккинчи Зидан ёки Хави бўлишини башорат қилишга ҳали эрта. "Манчестер Юнайтед" учун ҳозир ундан оптималроқ вариант йўқ. Қаҳрамонимиз "қизил иблислар" учун қўлидан келган барча ишни қилиши аниқ, аммо бош мураббий лавозими учун курашмаса керак. Фикрлаши эвазига Гвардиолани, совуққонлиги сабабли Моуриньони ҳайратга солган йигит оғир вазиятда шогирдларига керакли сўзларни айта олишига ишониш мумкин. Сульшердан фарқли ўлароқ, Кэррикда босим йўқ. У ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлаши шарт эмас. Биргина шу омилнинг ўзи унга ўзидан аввалги мураббийдан яхшироқ натижа қайд этиш имкониятини тақдим этади.

Я . У

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар