Марко Станоевич:

“Насаф” клуби кеча ОФК Кубоги ярим финалида Гонконгнинг “Ли Ман” жамоасини қабул қилди ва қўшимча дақиқаларда урилган гол звазига якунда 3:2 ҳисобида ўта муҳим ғалабани қўлга киритиб, ўз тарихида иккинчи марта финалга чиқди.

Ўйинни кўпчилик кўрди, биринчи бўлимда гўёки “Насаф” осонлик билан ғалаба қозонадигандек эди, худди ўтган сафар “Моҳун Баган” билан ўйиндаги сценарий каби. Танаффусга қадар кўплаб имкониятлар яратилди ва улардан иккитаси голга айланди. Лекин танаффусдан кейин режалар бутунлай ўзгариб кетди. “Насаф” ҳимоячисининг қўпол хатосидан кейин иккинчи бўлим бошида меҳмонлар гол уришгач, ўйин назорати ҳам қўлдан чиқди. Натижада рақиб тез орада иккинчи голни ҳам урди ва баҳс қўшимча таймларгача чўзилди.

Барибир ўйиндаги устунлик ҳамда вазиятларни яратиш борасида вакилларимизнинг рақибдан кучли эканлиги билиниб турганди. Шунчаки, гол керак эди. Жамоанинг шунча қилган меҳнатига яраша якунда ғалабани илиб кетди ва бу жуда адолатли эди.

Баҳс давомида “Насаф” ўйинини назорат қилган сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевични алоҳида тилга олган бўлардик. У плеймейкерлик ишини қойилмақом тарзда бажарди. Жамоасининг ҳар бир ҳужуми унинг иштирокисиз ўтмади. Марказни тўлиқ назорат қилди. Учрашувдан кейин Станоевич Sports.uz сайти учун таассуротлари билан бўлишди.

- Марко ўта муҳим ғалаба билан табриклайман. Бундай ўйиндан кейин нималарни айта оласиз?

- Ўзингиз ҳам кўрганингиздек, ўйин жуда оғир бўлди. Албатта, биз ўйинни назорат қилдик. Шунга яраша вазиятлар ҳам юзага келтирдик. Аммо иккинчи тайм бошланиши билан иккита гол ўтказиб юбордик. Бу бизга мутлақо керак эмасди. Лекин охир-оқибат учинчи голни уришга ва ўйинни ўз фойдамизга ҳал қилишга муваффақ бўлдик.

марко4

- Аслида биринчи таймдан сўнг нима бўлди?

- Иккинчи бўлим аввалида дарвозамиздан бирин-кетин голлар ўтказиб юборганимиз кутилмаган ҳолат бўлди. Лекин бу энди муҳим эмас. Худога шукр, энг асосийси, биз финалга чиқа олдик.

- Ўйин шундай кечдики, қўшимча бўлимлар бошланганида баҳс гўёки пенальтилар сериясига қараб кетадигандек эди. Агар шундай бўлганида “Насаф” пенальтилар сериясига ҳам тайёрмиди?

- Йўқ, бу ҳақида ўйламадим. Чунки пенальтилар серияси вариант эмасди. Биз ўйин давомида гол уришимизга ва ғалабани ўз фойдамизга ҳал қилиб, ютишимизга ишонгандик.

марко2_1

- “Насаф” 120 дақиқа давомида тинмади. Бунда эса оғир жисмоний куч ҳам талаб қилинади. Ўйиндан кейин чарчоқ аломатлари билинаётгандир-а?

- Албатта, жуда чарчадим. Бу нормал ҳолат. Бутун жамоа каби мен ҳам боримни бериб ўйнадим. Чунки бу учрашув жамоамиз учун ўта муҳим эди-да!

- Рўзиқул Бердиев жамоани қандай руҳлантирди? Танаффуслар чоғида нималарни айтди?

- Рўзиқул Бердиев биздан доимо кўпроғини талаб қилади. Ғалаба қозонишимизга бизни мажбурлайди. Мураббий доимо ўз кучимизга ишонишимизни ҳамда шунга яраша ўз ўйинимизни кўрсатишимиз кераклигини таъкидлаб келади.

марко_1

- Сизнингча, “Насаф” сафидаги энг яхши ўйинчи ким бўлди?

- Бугун жамоа ғалаба қозонди. Ўйлашимча, ҳамма жуда яхши ўйнади. Аммо Хусниддин Алиқулов жароҳат олди ва ҳозир уни операция қилишяпти. Ҳаммамиз учун у учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди. Биз унга тезроқ соғайиб, сафга қайтишини тилаб қоламиз.

- “Насаф”да ОФК Кубогини қўлга киритиш учун бир қадам қолди. Бундай вазиятда нималарни ўйлаяпсиз?

- Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Шундай бўлса-да, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни ва мухлисларимизни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

марко3_1

- “Насаф” финалда Баҳрайннинг “Ал-Муҳаррақ” клуби билан ўйнайди. Аммо учрашув сафарда ўтади. Бу жамоага ноқулайлик туғдирмайдими?

- Боя айтганимдек, биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Лекин ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Ўз ўйинимизни ўйнаймиз ва финалда ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

- Бу сизнинг фаолиятингизда биринчи финалми?

- Йўқ, бу менинг биринчи финалим ҳисобланмайди. Бунга қадар 4-5 та финалда ўйнаганман. Лекин бу сафарги финал ўзгача. Нега деганда, бу менинг биринчи халқаро финалим бўлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар