Бекободнинг “Металлург” клубида натижалар яхши эмас. Клуб анчадан бери рақибларига ютқазиб келяпти. Оқибатда деярли хавфли ҳудудга тушиб қолди.

Охирги турда Қаршида “Насаф” билан беллашди, сал қолса дуранг билан қайтиши мумкин эди. Ўйин якунида пенальтидан фойдалана олмаганликлари қимматга тушди.

Шунингдек, охирги пайтларда бош мураббий Жасур Абдураимовнинг ишдан кетгани ҳақида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас. Қаршидаги ўйинда ушбу мураббий жамоа билан бирга эмасди.

“Металлург” клуби бош директори Абдуқаҳҳор Маъруфалиев мазкур масалалар юзасидан Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Ҳар бир очко жамоалар учун олтиндек бўлса, ҳозирги пайтда биз учун бриллиантдек, - дея гап бошлади Маъруфалиев. - Чунки қандай аҳволга тушиб қолганимизни биласиз, ҳеч бунақаси бўлмаган. Футболчилар “Насаф”га қарши ёмон ўйнашмади. Ўзингиз биласиз, “Насаф” кучли жамоа. Ёшлар билан бундай жамоага қаршилик кўрсатиш осон эмас. Боз устига иккинчи бўлимда 10 киши бўлиб ўйнадик. Афсусланадиган томони шуки, охирги дақиқада пенальтидан гол ура олмадик. Агар гол уриб ҳисобни тенглаштирганимизда бир очко ҳам биз учун жуда қадрли эди. Аммо йигитларга эътироз йўқ, улар қўлидан келганича ўйнашди. Нечта ўйинимиз қолган бўлса, фақат ютишимиз керак. Биз айни пайтда лигада қолиш учун курашадиган клублар қаторига қўшилиб қолганмиз. Яхши бўлиб кетар.

- Бош мураббий Жасур Абдураимов клубдан кетгани ростми?

- Жасур Абдураимовни клубдан кетгани тўғрисида ҳеч қанақа гап йўқ. Фақат унинг мазаси йўқлиги учун кетганди. Биласиз, академиямизга испаниялик мутахассис Луис Мануэль Эрнандес келганди. У жамоамизга ёрдам беряпти. Испаниялик мутахассис кўпни кўрган экан. Жанубий Корея ва Кувайтда ҳам ишлаган. Жасур Абдураимов масаласи эса ҳали очиқ. У тузалганидан кейин ҳал бўлади.

эрнандес4

- Демак, “Металлург”ни испаниялик мураббий бошқариб турадими?

- Ҳозирча шунақа.

- “Насаф” билан учрашувда жамоани Артёп Петросян бошқарди. Луис Мануэль кейинги ўйинга жамоани тайёрлаяптими?

- Лавозими Петросяндан баландроқ. Шунинг учун Артём унга ёрдам беради. “Насаф” билан учрашувда ҳам испаниялик мураббий бор эди. Боя айтдим, Абдураимов мазаси йўқлиги учун кетган. Соғлиги кўтарса ишлайди, кўтармаса билмайман. Ҳаммасини раҳбарият билади. Ҳозирча Абдураимов масаласи ёпиқ мавзу. Раҳбарлар нима деса шу бўлади.

мет_1

- Испаниялик мураббийни асосий жамоага жалб қилиш ташаббуси кимдан чиқди? Сизданми ёки...

- Луис Мануэлни “El Golazo” компанияси олиб келган. Раҳбарлар унинг ишини кўришди, чакки эмас. Барибир испан футболи бизникидан баланд-ку. Қолаверса, Корея ва Кувайтда ҳам яхши иш олиб борган. Вақтинчалик жамоани бошқариб туради. Ҳозирча Луис академияда ҳам ишлаяпти. Шуни ҳисобга олсак, иккита жойда меҳнат қилаётганини айтишимиз мумкин. Якунда раҳбарият қайси бирини маъқул кўришса, шу бўлади. Иван Нагаев ўз вақтида Қувайтда тўп сурганида испаниялик мураббий бошқарган жамоага қарши ўйнаган ҳам экан. Бунинг устига Луис Мануэль “Реал” академиясида ҳам фаолият олиб борган. Машғулотларни ҳам ўзи олиб боряпти. Осиё футболини билади ва яхши тушунади.

- “Металлург” нима сабабдан Жасур Абдураимов бошчилигида яхши натижа кўрсата олмади?

- Олдин мураббийлар штабида ишлардим. 3-4 йилдан бери директор бўлиб ишлаётганим сабабли мураббийларнинг ишига аралашмаймиз. Бизда шунақа келишилганки, мураббийларга шароит яратиб берамиз. Улар шундан фойдаланиб, ишлашади, ишига аралашмаймиз. Шу боис мураббийларнинг ишига аралашсам нотўғри бўлади. Жамоани қандай бошқариши бу мураббийнинг маҳорати. Ҳар бир мураббийнинг футболга қараши ва йўналиши бор. Балки таркибни ёшартирамиз, деб бирданига шу ишни қилдими, хуллас қанақадир камчилик бўлди-да. Унинг иши мураббийлик қилиш, бизнинг вазифамиз унга шароитларни яратиб бериш.

эрнандес

- Жасур Абдураимов танлови аслида хато эмасмиди? Фикрингиз қандай?

- Нотўғри бўлди дея олмаймиз. Биринчи даврада жамоа ёмон ўйнамади, ютуқлар бўлди, очколар қўлга киритилди. Ҳамма мураббийда ҳам шунақа ҳолатлар учраб туради. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Агар очколаримиз кўп бўлиб, учликка курашсак бундан зўри бўлмасди. Ўзимиз ҳам тушунмай қолдик. Аммо Абдураимов ёмон мураббий эмас. “Пахтакор”да кўп йиллар ишлади ва ёшларни чиқарди. Масалан, Гризманни олайлик, “Атлетико”да зўр ўйнади, “Барселона”га ўтиб ўйинини кўрсата олмади, яна ортга қайтди. Мураббийликда ҳам шунақа бўлиб туради.

- “Металлург”нинг хавфли ҳудудга яқинлашиб қолгани инобатга олинганида жамоанинг ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддамиз. Ўзимизга ишонишимиз керак. Биринчи даврада бундан кўп очколар олгандик. 16 ёки 17 очко жамғаргандик. Очиғи, ўшанда ниятимиз катта эди. Чемпионатда кучли бешликка кира олишни ва ҳатто Ўзбекистон Кубоги финалигача чиқиш ҳақида ўйлагандик. Кейин эса ҳеч ким кутмаган ишлар бўлиб кетди. Айрим ўйинчиларда ўзларига бўлган ишонч йўқолиб қолдими билмайман, кўз тегди, шекилли.

- “Металлург”да молиявий аҳвол қандай?

- Муаммо йўқ. Комбинат раҳбарлари ҳамма шароитларни яратяпти. Икки-уч йилда академиямиздан ҳам зўр ёшлар чиқади. Ўзбекистон бўйича яхшилари йиғиляпти. Иложи борича ёшларни ўзимиздан чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Легионерлар хизматидан фойдаланмаяпмиз ва эндиликда легионерларсиз ўйнайдиган бўлдик. Қачонгача хорижликларга катта пул тўлаб, уларга ишонамиз? Ундан кўра, ўзимиздан чиқарайлик деб ҳаракат қиляпмиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар