Моуриньо таркибни тозалайди. “Рома”нинг қайси ўйинчиларига кимлар харидор?

Жозе Моуриньо анчадан бери “Рома”нинг ҳозирги таркиби юқори мақсадлар учун курашишга қодир эмаслигини таъкидлаб келади. Клуб раҳбарияти ҳам унинг бу фикрини қўллаб-қувватлади. Спорт директори Тьяго  Пинтонинг зиммасида катта юк турибди. Бу мутахассис бош мураббийга маъқул келмаган ўйинчиларни бошқа  жамоага ўтказиши ва уларнинг ўрнига Моуриньо талабларига жавоб берадиган ижрочиларини олиб келиши лозим.

Sports.uz портали “Рома” футболчиларига қайси жамоалардан таклифлар бўлаётгани ҳақида маълумот беради.

Федерико Фасио

Аргентиналик тажрибали футболчига “Наполи” харидор бўлмоқда. Неаполь жамоаси ҳимоясида кадрлар муаммоси кузатилмоқда. Костас Манолас клубни тарк этди, етакчи ҳимоячи Калиду Кулибали жароҳат олди. Тузалган тақдирда ҳам бир ой мобайнида Сенегал терма жамоаси сафида Африка Миллатлари кубогида иштирок этиш учун жўнаб кетади.

“Наполи” хўжайинлари бу муаммони “Рома”да жорий мавсумда бирор марта ўйнамаган Федерико Фасио ёрдамида ҳал қилмоқчи.

Фасио 2017 йили “Рома”га келгунга қадар, “Тоттенхэм” ва “Севилья”да яхши ўйнаган. Римдаги фаолиятининг дастлабки қисми ҳам кўнгилдагидек эди. Моуриньо эса аргентиналик футболчига умуман ишонч билдирмаяпти.

“Наполи” Фасио трансферини 500 минг еврога ҳал қилиши мумкин.

federico-fazio-as-roma-1521645627-14593

Борха Майораль

“Реал” тарбияланувчиси ички рақобатда Элдор Шомуродовга қарши тура олмади. Бир-икки ёрқин ўйин кўрсатгани Моуриньонинг ишончини қозонишга етарли бўлмади.

Борха Майораль катта эҳтимол билан январда Римдан кетади.  

“Реал” ҳам унга асосий таркибдан жой бермаслиги аниқ. Ҳозирча испан ҳужумчисида А Секриядан иккита ва Англия премьер-лигасидан битта таклиф бор.

“Фиорентина” ва “Кальяри” 24 ёшли форвардни ижарага беришни сўрамоқда. “Кристал Пэлас” эса Борхани тўлиқ трансфер қилмоқчи. Мадридликлар уни “Рома”дан қайтариб олиб, “Кристал Пэлас”га сотиб юборишни режалаштирмоқда.

1635455368_mayoral5_1

Феликс Афена-Гьян

18 ёшли ҳужумчи Афена-Гьян бош мураббий Жозе Моуриньонинг кашфиёти ҳисобланади. Профессионал даражада эндига беш марта ўйнаган ҳужумчи иккита гол уришга ҳам эришди.

У Рим клубида асосий таркибга кириш учун Гана миллий терма жамоасининг таклифини қабул қилмади ва Африка Миллатлари кубогида иштирок этиш ўрнига Моуриньо машғулотларида тер тўкишни маъқул топди.

Истеъдодли футболчига “Сассуоло” харидор бўляпти. Улар ёш ўйинчини мавсумнинг иккинчи қисми учун ижарага олишни режалаштирган.

105945_m_1

Гонсало Вильяр

23 ёшли ярим ҳимоячи ҳам Жозе Моуриньо бошчилигидаги мураббийлар штабининг ишончига кира олгани йўқ. Вильяр А Серияда умуман майдонга тушмади. Олти марта Конференциялар лигаси беллашувларида кўриниш берган бўлса-да, ҳеч нарсани қойиллатгани йўқ.

Шунга қарамай, испан футболчисига “Сельта” ва “Эльче”дан чорлов бўляпти. Бу борада “Сельта”нинг имконияти юқори баҳоланмоқда.

Трансфер суммаси 14 миллион еврони ташкил қилаётган Гонсалога яна икки жиддий харидор бор. “Атлетико” бош мураббийи Диего Симеоне бу ўйинчини Мадридга олиб келмоқчи. Шунингдек, Италия чемпиони “Интер” ҳам Вильяр атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.

GettyImages-1236365607

Мараш Кумбулла

21 ёшли ҳимоячи имкон қадар Моуриньо ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ёшлиги сабабли рақобатда ортда қолаётгани ҳам бор гап.

Албания терма жамоаси ўйинчиси ҳисобланган Мараш яқинда клуб спорт директори Тьягу Пинтога Римда қолмоқчи эканини айтди.

Шунга қарамай, Кумбуллага “Наполи”, “Фиорентина”,  “Кальяри” ва “Торино”дан таклиф бор.

Кумбулла жорий мавсумда 13 та учрашувда қатнашди. Унинг римликлар билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг ярмигача давом этади. Мараш 22 миллион евро туради.

kumbulla-1024x683

Давиде Сантон

Моуриньо келганидан бери бирор марта майдонга тушмаган италиялик футболчи ҳам январда ўзига янги иш жойи топиши керак.

Сўнгги маълумотларга қараганда, 30 ёшли ўйинчига “Кальяри” ва Туркия чемпионати вакили “Фатиҳ Карагюмрюк” жамоаларидан қизиқиш бор.

Аввалроқ, “Рома” мутасаддилари ўз вақтида “Интер”, “Нькасл”, “Чезена” каби клубларда ўйнаган ҳимоячини "Лацио"га таклиф қилганди. Бироқ, Римнинг иккинчи клуби ишсиз қлган "бўри"га қизиқмади.

1587931729_davide-santon-roma

Ана холос! Шомуродовнинг рақобатчиси Англияга кетмоқда!

Шомуродовнинг нархи тушиб кетди...

Элдор Шомуродовнинг шериги Одил Аҳмедов ўйнаган жамоа билан келишувга эришди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!