Мундиал сари. Танишинг - Миср терма жамоаси

Саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни давом этади. Бу сафар жаҳон чемпионатида иштирок этишни нақд 28 йил кутган Миср терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Илк натижа

Миср терма жамоаси 1928 йил жаҳон футболида ўз номини танитди. Аниқроғи, мисрликлар шу йили Амстердамда ўтказилган IX ёзги Олимпиада ўйинларининг ярим финалига қадар етиб бора олишди. Қайд этиш лозимки, ушбу мусобақа ўша даврда ФИФА томонидан ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионати сифатида эътироф этилар эди.

Миср - Африкада биринчи

Эътиборли жиҳати Миср Африка қитъасида биринчи бўлиб 1934 йил Италияда бўлиб ўтган ФИФА жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бироқ биринчи босқичнинг ўзидаёқ Венгрияга 4:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Узоқ кутилган мундиаллар

Шундан сўнг мисрликлар мундиални нақд 56 йил кутишга мажбур бўлишди. Қизиқ томони бу сафар ҳам улар Италияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этишди. ЖЧ-1990нинг “F” гуруҳида уларга Англия, Ирландия ва Голландия терма жамоалари рақиблик қилишди.  Миср илк турда Голландия билан 1:1, иккинчи турда эса Ирландия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Сўнгги турда 1:0 ҳисобида инглизларга имкониятни бой берган мисрликлар 2 очко билан гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

Италия мундиалидан сўнг эхромлар юрти жаҳон чемпионатини яна 28 йил кутишини ким ҳам ўйлабди дейсиз. Саралаш босқичида ажойиб ўйинлар кўрсатган ва Муҳаммад Салоҳдек юлдузи бор мисрликлар бу сафар Россия яшил майдонлари мезбонлигида ўтадиган мундиалда иштирок этишади. Улар бу сафар “А” гуруҳидан жой олишди. Бу босқичда африкаликларга Саудия Арабистони, Уругвай ҳамда мезбон Россия терма жамоалари рақиблик қилишади.

Қитъа биринчилигидаги натижалар

Миср терма жамоаси Африка миллатлар кубогида биринчи марта 1957 йил (Судан) иштирок этди ва илк уринишидаёқ чемпионликни қўлга киритди. Орадан 2 йил ўтиб, яъни 1959 йил ушбу мусобақага Мисрнинг ўзи мезбонлик қилди. Ғолиб яна мисрликлар. Шундан сўнг 1962 йил (Эфиопия) 2-ўрин, 1963 йил (Гана) 3-ўринларни қўлга киритди.

Мисрликлар кейинги икки мусобақада (1965, 1968) иштирок этишмади. 1970 йил Суданда ўтказилган қитъа биринчилигида эса бронза медалларни қўлга киритишди. 1972 йилги Камерунда бўлиб ўтган турнир яна мисрликларсиз ўтди. 1974, 1976 йилги Африка миллатлар кубогида Миср 3- ва 4-ўринларни эгаллади. Терма жамоа 1978 йил саралашдан ўта олмади. 1980 йил Нигерияда бўлиб ўтган мусобақада 4-ўрин, 1982 йил яна қатнашмади, 1984 йил яна 4-ўрин билан чекланди.

1986 йил Миср ушбу мусобақани яна ўзида қабул қилди ва узоқ кутилган чемпионликни мухлисларига тақдим этди. Ушбу чемпионликдан сўнг мисрликларда бироз пасайиш юз берди. Улар кетма-кет 3 марта (1988, 1990 ва 1992) турнирни гуруҳ босқичида якунлашга мажбур бўлди. 1994 ва 1996 йилларда эса чорак финал босқичида тўхташди.

1998 йил Буркина-Фасо мезбонлигида ўтган қитъа биринчилигида Миср терма жамоаси яна катта саҳнага чиқди. Шундан сўнг мисрликлар кетма-кет 3та мусобақада муваффақиятсизликка учрашди (2000 йил чорак финал, 2002 йил чорак финал ва 2004 йилда гуруҳ босқичи).

Ўз ишқибозларини кетма-кет муваффақиятсизликлар билан ранжитган Миср терма жамоаси қаторасига уч марта (2006, 2008 ва 2010) Африканинг энг кучли терма жамоаси деган номни яна ўзиники қилиб олди.

Ғалаба ва мағлубият доим ёнма-ён юради деганларидек мисрликлар шундан сўнг кетма-кет уч марта (2012, 2013 ва 2015) мусобақада хатто саралаш босқичидан ҳам ўта олишмади.

Ниҳоят мисрликлар 2017 йил Габонда ўтказилган чемпионатда финалга қадар етиб бора олишди. Аммо, ҳал қилувчи баҳсда Камерунга 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди ва кумуш медаллар билан чекланишди.

Миср терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Илк учрашув: 1920 йил 28 август, Италия – Миср 2:1.

Энг йирик ғалабаси: 1963 йил ноябрь, Миср – Лаос 15:0.

Энг йирик мағлубияти: 1928 йил 10 июнь, Италия – Миср 11:3.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Аҳмад Ҳасан (184).

Энг яхши тўпурар: Ҳусам Ҳасан (68).

Бундан бир неча кунлар олдин Миср терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ЖЧ-2018да иштирок этиши мумкин бўлган футболчилардан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Эссам Аль-Хайдари («Ал-Таавун», Саудия Арабистони), Ахмед Ал-Шенави, Шериф Акрами (иккаласи – «Ал-Ахли»), Муҳаммад Ауад («Исмоилия»)

Ҳимоячилар: Ахмад Фатхи («Ал-Ахли»), Ахмад Ал-Мухаммади («Астон Вилла», Англия), Муҳаммад Абдуль-Шафи («Ал-Фотих», Саудия Арабистони), Ахмад Хегази, Али Габр (иккаласи — «Вест Бромвич Альбион», Англия), Умар Габер («Лос-Анджелес», АҚШ), Саад Самир, Айман Ашраф (иккаласи — «Ал-Ахли»), Карим Хафез («Ланс», Франция), Амро Тарек («Орландо Сити», АҚШ), Махмуд Хамди («Замалек»)

Ярим ҳимоячилар: Муҳаммад Эль-Ненни («Арсенал», Англия), Абдулла Саид («КуПС», Финляндия), Махмуд Фадлалла «Шикабала» («Ал-Раэд», Саудия Арабистони), Махмуд Хассан «Трезеге» («Касымпаша», Туркия), Рамадан Собхи («Сток Сити», Англия), Тарек Хамид, Махмуд Абдул Азиз (иккаласи — «Замалек»), Махмуд Абдул-Монейм «Кахраба» («Ал-Иттихад», Саудия Арабистони), Амр Варда («Атромитос», Греция), Сэм Морси («Уиган Атлетик», Англия)

Ҳужумчилар: Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», Англия), Маруан Мухсин («Ал-Ахли»), Ахмад Хассан «Кока» Магуб («Брага», Португалия), Ахмад Гомаа («Ал-Масри»).

Эслатиб ўтамиз. Миср терма жамоаси ўзининг мундиалдаги илк учрашувини 15 июнь куни Уругвай терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!