Мурод Хонтўраевнинг вафотига ишонмагани, "Bellator"дан тушган таклиф ҳақида Юрий Проценко билан интервью

  • 20 сентябрь, 2021, 11:40
  • 0
  • MMA

Украиналик ММА жангчиси Юрий Проценкони ўзбекистонлик аралаш жанг санъатларига ошно бўлган инсонлар яхши билади. Сабаби, бу спортчи ўз вақтида Қозоғистон ва Қирғизистон промоушенларида кучли жангчиларга ҳам ҳақиқий бошоғриқ бўлганди. Бироқ, сўнги вақтларда у ММА оламида бироз камнамо бўлиб қолганди…

Хуллас, ўз вақтида тилларга тушган Проценко билан Sports.uz сайти учун кичик интервью ташкил қилинди. 

- Ассалому алайкум. Сизга қуёшли Ўзбекистондан саломлар бўлсин!

- Эътибор учун раҳмат. Ўзбекистон халқига ва мени таниган барчага саломимни етказиб қўярсиз. 

- Албатта, сизни Ўзбекистондаги ММА ишқибозлари яхши билишади... Назаримизда сўнги вақтларда ММА оламида кам кўринаяпсиз, фаолиятингизни давом эттиряпсизми?

- Албатта.

- Қайси промоушен билан шартномага эгасиз?

- Aфсуски, ҳозирча ҳеч бир промоушен билан келишувга эга эмасман. Шунга қарамай, таклифлар мавжуд. Улардан бирини албатта кўриб чиқаман. Ҳозирча, Украинадаги кичик турнирларда чиқиш қилиб турибман. Ҳар қандай битим имзоламоқчи бўлган промоушен билан алоқага чиқишга тайёрман. Қизиғи, ҳозир сиз билан суҳбатлашаётган бўлсам, яна икки соатлардан кейин навбатдаги жангимни ўтказаман. (Таҳририят изоҳи: Юрий Проценко ушбу жангда ғалаба қозонди).

- Ие ажойибку, халал бермаяпмизми?

- Йўқ. Бироз вақтим бор. 

-  Унда навбатдаги саволимиз, яъни Ўзбекистон ММА оламининг ёрқин юлдузлари Мурод Хонтўраев ҳамда  Музаффар Раджабовга қарши жанг қилишингиз билан юртимизда анчагина танилгансиз…?

- Бу йигитларни яхши танийман. Спортчи ва инсон сифатида қаттиқ ҳурмат қиламан. Ишонасизми, Мурод Хонтўраевнинг вафот этганини юракка жуда яқин олдим. Aввалига, менга унинг автоҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди. Ишонмадим. Мен Муродни яхши таниганим учун, ҳаммаси ёлғон, деб туравердим. Эртаси куни, қўнғироқ қилиб Ўзбекистондаги айрим танишларимдан воқеага изоҳ беришини сўрадим. Aфсуски, ҳаммаси ҳақиқат экан. Унинг ўлими бутун МДҲдаги ММA жангчилари учун оғриқли зарба бўлди. 

- Музаффар Раджабовга қарши жангни қандай хотиралар билан эслайсиз ва унга қандай баҳо берасиз?

- Музаффар кучли жангчи. У оғир вазнда иштирок этишига қарамай, октагонда чаққонлиги билан ажралиб туради. У билан тўқнашувимиз ёдимда. Тўғри, мағлубиятга учраганман, бироқ келажакда реванш олишга қарши эмасман. Бу спорт, баъзида ғалаба, бошқа пайт мағлубиятга учрашга тўғри келади. Олдиндан бирор нарса деб бўлмайди. 

- Ўз вақтида, Украинада оғир вазн тоифасидаги умидли  жангчи сифатида порлагандингиз. Наҳотки, ўша вақтлар  UFC ёки "Bellator"дан таклифлар бўлмаган? 

-  "Bellator" битта жанг учун контракт таклиф этганди. Рози бўлганман, аммо соғлиғимдаги муаммо сабабли, "Bellator"да дебют қилишнинг имкони бўлмади. Менга рақиб излаётган пайтда, аҳволим ҳақида  хабар бердим ва улар кейинроқ яна алоқага чиқишларини айтишди. Aфсуски, бошқа улардан таклиф келиб тушмади.

- Вақтингиз тиғиз бўлса-да, бизга вақт ажрата олганингиздан хурсандмиз ва ўз ўрнида бугунги жангингизда омад ёр бўлишига тилакдошмиз!

- Раҳмат. 

Аслида саволлар бисёр эди. Бироқ, у билан жуда тиғиз вақтда боғланганимиз сабабли, бошқа сафар батафсил интервью қилишга келишиб олдик. Насиб қилса, яқин вақтлар мобайнида интервьюни давомини ҳам амалга оширамиз!

про



Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!