"Насаф"дан "мастер-класс"ни кўрган "Бунёдкор" яна қачон йирик ҳисобларда ютқазган?

Бугун Суперлиганинг 20-турини якунлаб берган иккита ўйин бўлиб ўтди. Тошкентда “Локомотив” “Машъал”ни катта қийинчилик билан 2:1 ҳисобида таслим қилган бўлса, Қаршида “Насаф” мухлисларига голлар шоусини уюштириб берди. “Бунёдкор” ўз дарвозасидан жавобсиз бешта тўп олиб чиққан ҳолда ўта йирик мағлубиятни қабул қилиб олди. “Насаф”дан эса шунчаки "мастер-класс!". Гап бўлиши мумкин эмас. Рўзиқул Бердиев жамоаси яна бир бор қойил қолдирди.

“Насаф” – “Бунёдкор” ўйини тўғридан-тўғри эфирга узатилгани учун кўпчилик бу учрашувни кўрган бўлса керак. Мезбонлар рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда майдонда ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйди. Таблода порлаб турган 5:0 ҳисоби туфайли бир қатор қизиқарли маълумотлар юзага келишига сабаб бўлди.

Қаршиликлар бу мавсумда илк бор айнан ушбу ҳисоб билан рақибини тор-мор келтирди. “Насаф”нинг биринчи йирик ҳисобдаги ғалабаси 4-турга тўғри келди. Ўшанда ўз уйида “Турон”га жавобсиз тўртта гол урди. 6-турда эса “Сурхон” Қаршида меҳмон бўлди ва жавобсиз олтита гол ўтказди. Сездингиз-а, 4:0 билан 6:0 орасида 5:0 етишмаётганди. Мана, “Насаф” “Бунёдкор” билан учрашувда бунинг ўрнини тўлдириб қўйди. Кўриниб турибдики, Бердиев жамоаси охирги пайтларда юқори спорт формасига кириб қолди. Бундан олдин ОФК Кубоги доирасида Ҳиндистоннинг “Мохун Баган” клуби 6:0 ҳисобида доғда қолдирилганди. Бу кетишда қаршиликларни тўхтатиб бўлмай қолади.

насаф2

Энди “Насаф” билан “Бунёдкор”нинг ўзаро ўйинларидаги статистикасига қарамоқчимиз. Суперлиганинг 20-туридаги ушбу қарама-қаршилик бу ушбу жамоаларнинг чемпионатдаги 30-ўйинига айланди. Аммо устунлик “Қалдирғочлар” томонида. Негаки, улар 14 марта “Насаф”ни ютган. 5:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин қаршиликларнинг “Бунёдкор” устидан эришган муваффақиятлари сони 6 тага етди. Яна 10 та баҳсда дуранг натижаси қайд этилган. Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида “Бунёдкор” бир қатор учрашувларда “Насаф”ни йирик ҳисобларда ютган. 2007 йили 3:0, 2008 йили 4:0, 2010 йили 5:0, 2013 йили 3:0 ва 2018 йилги мавсумда Қаршида “Бунёдкор” 1:4 ҳисобларида ғалаба қозонган. Тушуниб турган бўлсангиз, “Насаф” биринчи маротаба ушбу рақиби устидан йирик ҳисобда зафар қучди.

Яна бир гап: “Бунёдкор” иккинчи давра бошланганидан бери ҳали ютқазмай келаётганини ҳам билармидингиз? Охирги марта биринчи давранинг охирги турида “Пахтакор” жамоасига 1:0 ҳисобида мағлуб бўлганди. Шундан кейин қаторасига олтита турдан бери Шуҳрат Мақсудов жамоаси мағлубият нималигини билмай келаётганди. Тўртта ғалаба ва иккита дуранг қайд этиб, турнир жадвалидаги мавқеини ҳам анча яхшилаб бораётганди. Аммо чемпионатдаги дастлабки йирик мағлубияти Қаршида кутиб турган экан.

буник2

Ҳа, “Бунёдкор” чемпионатимиз фаворитларидан бири. Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони. Ҳали мавсум якунларида тўртинчи ўриндан пастга тушмаган. Тўғри, “Бунёдкор” мағлуб этиб бўлмайдиган жамоа эмас. Буни “Насаф” яққол кўрсатиб берди. Аммо ҳамма ҳам уларга қарши “Насаф”даги каби ўйинни кўрсатиши керак-да. Биз шуни айтмоқчимизки, “Қалдирғочлар” доим ҳам бундай йирик ҳисобларда ютқазавермайди. Шундай экан, бундай клубнинг йирик ҳисобдаги мағлубиятлари доим кўзга яққол ташланиб қолади. Чунки “Бунёдкор”нинг “Пахтакор” каби катта ҳисобларда ютқазишига одатланмагандик. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, “Насаф”га бой берилган ўта йирик мағлубиятдан кейин “Бунёдкор”нинг чемпионатимиздаги ўйинларини кўздан кечирдик ва яна қачон шунга ўхшаш ҳисобларда мағлубиятга учраганини аниқлаб чиқдик.

насаф1

Қизиғи, 2007 йилдан бери элитада қатнашиб келаётган “Қалдирғочлар” чемпионатдаги дастлабки йирик мағлубиятини 2015 йили қабул қилиб олган. Ўшанда 4-турда “Локомотив” майдонида ўтказилган учрашувда “Бунёдкор” жавобсиз учта гол ўтказиб юборган. Навбатдаги йирик мағлубият орадан уч йил ўтиб, 2018 йилги чемпионатда кузатилди. Ўшанда 32-турда “Пахтакор”нинг тўртта голига “Бунёдкор” бирор марта ҳам жавоб қайтара олмаган. 2019 йилги мавсумнинг 19-турида энди Қўқонда йирик мағлубиятни қабул қилиб олди. Ўшанда мезбонлар 3:0 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштириб қўйган. Ўтган йили эса 6-тур доирасида “Пахтакор” – “Бунёдкор” ўртасидаги ўйинда майдон эгалари худди “Насаф” сингари жавобсиз бешта гол урган ҳолда ўта йирик ғалабага эришган. Эътибор берган бўлсангиз, “Бунёдкор” 2018 йилдан бери камида биттадан ўйинда йирик ҳисобларда ютқазиб келяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
28/09/2021 13:26
Bunyotkor medal olgan yillari shunchaki dahshad edi. guyoki bir boy mamlakatni pulidan uziga ermakka miyasiga dam berish uchun tuzulgan klub edi. bulmasa shuncha kamanda uyinchilariga ovqat topib berib olmay yurgan vaqt. Bunyotkor Kimsan Chelsi murabbiy Skalari degan murabbiylarni Revalda uzidan uzi kelmagan qancha qancha pul bergan. Agar shu Bunyotkor Navoyi tashkil topkaniga. yoki Guzorga Shurtan urniga bulganiga hech kim norozi bulmasdi. chunki Guzor halqi haqli bunoqa klubka ega bulishka. shunoqa oltin gugurt hidiga gazni hidi kanisat hidiga yashap kelapti. Yoki Mubarak Mashal ham shu gap. keyin har bitta Viloyatka shunoqa klub tuzulsa. halq shuncha hursand buladi. sababi hammaga malum. Toshkentka Pahtakor etadi