Тез орада "аждарлар" учун муҳим синов бошланади. Жамоа 10 йиллик танаффусдан сўнг яна ОФК кубоги финалида тўп сурмоқда. Рўзиқул Бердиев шогирдларини олдинда анча мураккаб рақиб кутиб турибди. Хўш, "Ал-Муҳаррақ" қандай жамоа? Унинг плюс ва минуслари нимада?

Етакчи футболчилари кимлар?

Тан олиш лозим, бу борада "Ал-Муҳаррақ" "Насаф"нинг аввалги рақибларидан фарқ қилади. Баҳрайн клуби асосини маҳаллий футболчилар ташкил этади. Шундай бўлса-да, легионерларсиз араб клубларини тасаввур қилиб бўладими? Таркибда иккита хорижлик футболчи тўп сурмоқда. Улар ким?

Флавио Кариокко

o3k4go34kjgi43

32 ёшли бразилиялик форвард. Баланд бўйли бўлгани учун стандарт вазиятларда ишончли ҳаракат қилади. Карьераси, асосан, Бразилиянинг қуйи лигаларидаги жамоаларида ўтган. Шунга қарамай, уни четга суриб ташламаслик шарт. Флавио "Ал-Муҳаррақ" таркибидаги энг техникаси кучли футболчи, бироқ уни жамоа юраги, деб бўлмайди. Баҳрайн футболининг эртаси, дея таърифланаётган Али Мефтаҳ ҳам марказий ҳужумчи. 22 ёшли Мефтаҳ сўнгги ўйинларда Флавиодан кўра фаолроқ бўлишни уддаламоқда.

Мосес Атеде

o34kgio3j4igj3

Келиб чиқиши нигериялик бўлган Мосес Баҳрайн фуқаролигини олган. Шу боис, бемалол маҳаллий футболчи сифатида турнир олдидан рўйхатдан ўтказилган. Флавиодан фарқли ўлароқ, Мосес жамоанинг асосий фигураларидан бири. Таянч ярим ҳимоя зонасида ҳаракат қилади. У нафақат рақиб ҳужумларини бузиш, балки майдон марказидаги прессингдан чиқиб кетишда ҳам жуда фаол. Кичик жуссали бўлишига қарамай, тезлиги ва меҳнаткашлиги кишини ҳайрон қолдиради.

Сайид Муҳаммад Аббос

34kgo3k4ogk34

Жамоа сардори ва чинакам етакчиси. "Яхши дарвозабон - ярим жамоа" атамаси Муҳаммад Аббосга айтилгандек. Совуққон, тажрибали, реакцияси кучли ва тўпга чиқишда ишончли посбон "Насаф" футболчиларига муаммо туғдириши мумкин. Аслида, "Ал-Муҳаррақ"нинг финалга қадар етиб келишидан посбоннинг хизматлари улкан. Аббос айни дамдаги Баҳрайн футболидаги энг "авторитет" футболчилардан бири саналади. У майдон ва кийиниш хонасида жамоадошларининг руҳий ҳолатига жавоб берувчи ўйновчи мураббий сингари муҳим ижрочи.

Ўйин услуби қандай?

o3ko4kf3o4kf3ok4fo34kf

Жамоа бош мураббийи Иса Садон Ал-Ҳамданий бугунги куннинг энг актуал схемаси — 4-2-3-1 ни хуш кўради. Битта соф ҳужумчи, қанотлардаги эркин ярим ҳимоячилар ва иккита таянч ярим ҳимоячиси. Кам ҳужумга қўшилувчи икки қанот ҳимоячилари ва дарвозабонга яқин ҳаракатланадиган икки соф марказий ҳимоячи. Шу ўринда, "Ал-Муҳаррақ" мураббийи Ал-Ҳамданийни алоҳида эътироф этиш лозим. Бутун фаолиятини шу клубда ўтказган мутахассис шогирдларининг имкониятларидан 100 фоиз фойдаланиб келмоқда. У тарғиб этаётган ўйин услуби томошабоп эмас. Ҳатто, анти-футбол, деса ҳам бўлади. Аммо бу услуб жамоага наф келтираётгани рост.

"Аждарлар"нинг финалдаги рақиби жуда ҳам уюшқоқ футбол намойиш этади. Футболчиларнинг техник салоҳияти, тезлик ва жисмоний ҳолати аъло даражада эмас, бироқ бу бўшлиқларни баҳрайнликлар ғалабага бўлган кучли иштиёқ билан тўлдиришга уринади. Яққол кўзга ташланадиган юлдуз йўқ. Жамоа бир неча йиллардан бери ўз таркибини ўзгартиргани йўқ. Футболчилар бир-бирини яхши тушуна олгани боис, ички муҳит аъло даражада. Ҳамжиҳатлик, кучли иштиёқ ва мухлислар яратган атмосфера жамоанинг "Насаф"га қарши учрашувда асосий қуролига айланади.

щ3алщ43лащ34ла3лщ

Жамоанинг ожиз нуқтаси борми?

Биринчи навбатда, "Ал-Муҳаррақ" ҳимояланишда кўплаб қўпол хатоларга йўл қўяди. Марказий ҳимоячилар позицион ҳимояланишда жуда бўш. Умуман олганда, класс борасида "Насаф" финалдаги рақибидан бир бош баланд. Жамоавий ўйин, эрта прессинг, қанотлардаги босим, чизиқлардаги боғлам ва бошқа кўплаб аспектларда "аждарлар" рақибдан анча кучлироқ. Шунчаки, буни исботлаш керак, холос.

"Ал-Муҳаррақ" — классик араб жамоаси. Симуляцияга ўч, вақтни чўзиш учун ҳеч нарсадан тап-тортмайдиган, ҳакамга босим ўтказишга уринадиган, мақсадга эришиш йўлида ҳамма нарсага тайёр. Жамоанинг сўнгги икки ўйинига ҳакамлар деярли 15 дақиқа қўшиб бергани ҳам бежиз эмас. Баҳрайнликлар ҳисоб уларни қониқтирса, автоматик равишда темпни тушириб, майда фолларни кўпайтириб юборади.

Агар биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборса, рақибнинг ўйин схемаси "сочилиб" кетади. Жамоада пала-партишлик яққол кўзга ташланади. Шу боис, "Ал-Муҳаррақ" гол киритишдан кўра, уни ўтказиб юбормаслик учун кўпроқ ҳаракат қилиши аниқ. Жамоа ўйиндагига қараганда стандарт вазиятларда хавфлироқ.

пўл34ўплў4лпў3л4п

"Насаф"га финалда нима қўл келиши мумкин?

Биринчи навбатда тўп назорати. Рақиб жорий мавсум ОФК кубогида "Насаф" сингари замонавий футбол намойиш этадиган жамоа билан тўқнаш келганича йўқ. Агар улар тўпсиз қолдирилса, автоматик равишда ҳимоядаги бўшлиқлар кўзга ташлана бошлайди. "Ал-Муҳаррақ"ни эрта прессинг қиладиган, жисмонан кучли жамоалар қаторига қўшиб бўлмайди. Шу сабабли, "аждарлар" шунчаки ҳар доим кўрсатадиган футболини намойиш этиши ғалаба учун кифоя бўлади.

Афсуски, айрим факторлар бунга йўл қўймаслиги мумкин. Биринчи навбатда, "Al muharraq stadium"га йиғиладиган 20 мингдан ортиқ мухлиснинг босими. Финалдаги рақибимиз кучли эмас, аммо жуда айёр. Улар ўйин давомида ишлатиши мумкин бўлган турли хил ҳийлалардан эҳтиёт бўлиш, провокацияга учмаслик, "совуқ" мия билан қарор чиқариш шарт.

Бундан ташқари, "Ал-Муҳаррақ" юқори темпдаги футболга дош бера олмайди. Жамоа футболчиларини атлетлар, деб бўлмайди. Жуссаси анча кичик бўлгани боис, рақиб, асосан, кичик эпизодларда ғалаба қозониш орқали вазият яратишга уринади. Аут олдидаги стандартлар, узоқ масофадан йўлланиладиган зарбалар ва тезкор қарши ҳужум. Ўйинда иккинчи рақамли бўлиб ҳаракат қиладиган жамоалар ишлатадиган омиллар "Ал-Муҳаррақ" учун финалдаги асосий умид.

Қаршиликлар ҳал қилувчи баҳс олдидан руҳий босимни унутиши шарт. Бу финал ўйини эканлиги, ўртага тикилган олтин медалларнинг салмоғи, 10 йил аввал бу совринни қўлга киритганимиз ва бошқа-бошқа ҳаёлни чалғитадиган нарсалар четга суриб ташланиши керак. Рўзиқул Бердиев шогирдлари финалдаги рақибидан футбол ўлчови билан ўлчасак, ҳар жабҳада кучли. "Насаф"нинг маркази мобилроқ, қанотлар хавфлироқ, позицион ҳимояда хатолар камроқ, таркиб ёшроқ, услуб замонавийроқ. Энди, буларни реал воқеликка кўчириш учун Манамадаги аренада 90 дақиқа ҳаракат қилиш қолди, холос. Яқинлашиб келаётган финал ўйини олдидан "Насаф" жамоаси футболчиларига омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар