Хабарингиз бор, айни пайтда "Навбаҳор"да бир қатор хорижлик футболчилар кўрикдан ўтмоқда. Улардан бири бразилиялик ҳужумчи Коста Тенорио Гутинер. Гутинер билан "лочинлар" матбуот хизмати қисқача суҳбат уюштирди.

Юртимиз футболи ҳақида маълумотга эгамисиз?

Сўнгги 5 йилдан буён Украина клубларида ўйнаяпман. Шу боис, Ўзбекистон футболини яхши биламан. “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ҳақида эшитганман. “Навбаҳор”нинг ажойиб мухлисларга эга эканлиги, жамоа кўплаб совринларни қўлга киритганидан хабарим бор.

Клуб томонидан менга 2019 йили, яъни, Киевнинг “Оболонь” клубида тўп тепаётганимда ҳам таклиф бўлганди. Аммо ўшанда айрим сабабларга кўра, Наманганга кела олмагандим. Мана энди, “Навбаҳор” машғулотига қўшилдим.

Жамоада мени жуда илиқ кутиб олишди. Барча йигитлар билан яхши чиқишиб кетдим. “Навбаҳор”нинг машғулотларига ҳам кўплаб мухлислар ташриф буюрар экан. Умуман олганда, Наманганга келганимга эндигина 6 кун бўлган бўлса-да, худди бир ойдан буён шу ерда юргандекман, гўё. 

- Қайси футболчининг ўйинига ҳавас қиласиз?

­- Албатта, ҳамюртим бўлганлиги боис, Франциянинг “ПСЖ” клуби ҳамда Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймарнинг ўйинларига ҳавас қиламан.

- Евро-2020 ва Копа Америка – 2021 мусобақаларининг финал ўйинларини томоша қилдингизми?

Албатта, томоша қилдим. Бундай баҳсларни қолдириб бўларканми?

Евро-2020 финалида Италия терма жамоасининг зафар қучишини кутгандим. Бу тахминим ўзини оқлади ва итальянлар чемпион бўлди. Копа Америка – 2021 финалида эса терма жамоамизнинг мағлубиятга учрашини эса тўғриси, кутмагандим. Боиси, учрашув Бразилияда ўтказилганди. Аммо, нимаям дердим, бу футбол. Тўғри, Аргентина термаси кучли жамоа ҳамда унинг таркибида жаҳоннинг энг кучли футболчиси Лионель Месси ўйнайди. Бироқ аргентиналиклар ҳамюртларимиз томонидан йўл қўйилган битта хатодан самарали тарзда фойдаланиш эвазига ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди. 

- Мухлисларга тилакларингиз...

- “Навбаҳор” юқори ўринлар учун курашадиган жамоа. Клуб билан шартнома имзолайдиган бўлсам, ўзимнинг нималарга қодирлигимни майдонда ўз ўйиним ва голларим билан исботлашга ҳаракат қиламан.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар