Нега Жезус Титенинг асосий танловига айланди?

Азалдан Жанубий америкаликлар дарвозабон билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган, аммо Премьер Лиганинг 2017-18-йилги мавсумида энг яхшиси дея эътироф этилган Эдерсон каби посбон ҳам Алиссонга ўринбосар бўлиши кутилмоқда.

Ҳимоя чизиғида Тьяго Сильва ва Марсело каби муҳим халқаро турнирларда катта тажрибага эга футболчилар бор. Ҳужумда ҳам Тите юқори савияли шогирдларига бемалол суяна олади.

Бу Мундиалда кўпчилик “селесао”дан кўп нарсани кутишмоқда. Аммо футбол мухлислари ўз майдонида ўтган финалда тўрт йил олдинги Германияга қарши беллашувни унутишгани йўқ. Яна қайта бу ҳолатни кўриш жуда оғир.

Жаҳон Чемпионатида иштирок этувчи якуний таркиб эълон қилинганида кўпчилик Габриель Жезусга тўққиз рақами ишониб топширилганини кенг муҳокама қилди. “Манчестер Сити” ҳалоскори ушбу рақамга Роберто Фирминьо билан жиддий кураш олиб борди. Аммо ҳали 21 ёшда бўлишига қарамай, Тите кўпроқ унга ишонч билдирмоқда ва унга етарлича имконият берди.

Қуйида нима учун Жезус бу вазифага “Ливерпуль” ҳужумчисидан муносиброқ эканлиги ҳақида сўз боради.

Статистика

Поёнига етган мавсумда ўз клубларида мос равишда жамоаларига кўрсатган таъсири бўйича Фирминьо катта ўсишга эришди. “Хоффенхайм”нинг собиқ вакили мавсум давомида 15 гол ва 8 голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Жезуснинг кўрсаткичлари бироз камроқ: 13 гол ва 7 голли узатма. Шунга қарамай, Жезуснинг бу статистикага эришиши учун 1660 дақиқа керак бўлган. Фирминьо эса бунга 2760 дақиқада эришган.

Жезус асосий таркиб учун курашда кимсан Серхио Агуэро билан кучли рақобат кўрсатган бўлса, Фирминьонинг асосий таркибдаги ўрни нақд эди.

Чемпионлар Лигасида эса тафовут анча сезиларли. Фирминьо нуфузли мусобақада 14 ўйинда 11 гол уриб, жавлон урди ва жамоасини финалгача етаклаб келди. Жезус эса 9 ўйинда атиги 4 та голни уришга муваффақ бўлди.

Гап терма жамоадаги статистика ҳақида кетганда Жезуснинг натижалари ҳайратланарли. Жаҳон Чемпионатига саралаш учрашувларида 794 дақиқа ўйнаган “Пальмейрас”нинг собиқ вакили 7 гол ва 4 та голга ҳаммуаллифлик қилган. Фирминьо эса 273 дақиқа ўйнаб битта голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Тактика

Премьер Лиганинг илк турларида Жезус 3-1-4-2 ўйин схемасида Агуэро билан бирга ҳаракат қилди. Клуб 4-3-3 ўйин тактикасига ўтганда Раҳим Стрелинг ва Лерой Сане каби жавоҳирлар билан ҳақиқий “жаллод”га айланди. Уни қанотлардан вақти-вақти билан Бернардо Сильва ҳам қўллаб-қувватлаб турди.

Фирминьонинг иккинчи даврадаги вазифаси ўзгармас тус олди. Қишда Филипе Коутиньонинг кетиши муносабати билан чап қанотда Садио Мане жойлашди. Ҳужумда уларга Муҳаммад Салоҳ камарбаста бўлди. Хуллас, Фирминьо ҳужум учлигида барқарор ўрнига эга бўлиб келди.

У эҳтимол ушбу таҳлил бўйича кўпроқ серқирраликни кўрсата олар, аммо Жаҳон Чемпионатига саралаш баҳсларининг сўнгги тўрт ўйинини кузатиш эътиборни тортади. Тите ўзининг энг севимли тактикаси сифатида ҳудди “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” каби 4-3-3 ни қабул қилди.

Фирминьони тарафдорлари у Коутиньо билан ажойиб тандем ҳосил қилиши мумкинлигига ишонишар, кези келганда эслатиш жоизки, Коутиньонинг ўрнига Виллиан афзал кўрилган вақтлар ҳам бўлди. “Барселона” вакили асосий таркибдан тушиб қолиши ҳам мумкин.

Ҳукм

Жезуснинг Германияга қарши ўртоқлик ўйинидаги ўйини шуни кўрсатдики, у ҳали ёш бўлишига қарамай, унда юксак савияли рақибга қарши қўрқмасдан ўйнаш шижоати бор.

Унинг мавсум давомида жароҳат олиб майдонни бир неча ойга тарк этган бўлишига қарамай, у Фирминьога қараганда жамоасини янада кучлироқ қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!