ЎФФ президенти “Металлург-W”нинг тақдирлаш маросимида иштирок этди

Хабарингиз бор, “Металлург-W” аёллар футбол жамоаси 2017 йилда мамлакат чемпионлиги ва Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб, ўзига хос “олтин дубль” қайд этди.

Мана шу муносабат билан бугун  Бекобод шаҳридаги металлурглар маданият саройида жамоа аъзолари, клуб мураббийлари ва раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Маросимда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов иштирок этди.

Умид Аҳмаджонов “Металлург-W” жамоасини юксак натижа билан қутлар экан, жумладан, шундай деди:

- Бугунги кунда аёллар спортига Жаҳон миқёсида жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки келажак авлод саломатлиги аёлларимизга боғлиқдир. Ўзбекистон Футбол Федерацияси олдида турган асосий вазифалардан бири мамлакатимизда аёллар футболини ривожлантириш, улар ўртасида футболни янада оммалаштиришдан иборатдир. Федерация бу борада барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Қўлга киритилган юксак натижа билан “Металлург” аёллар жамоасини Ўзбекистон футбол федерацияси ва ўз номимдан табриклайман. Жамоа аъзоларига, мураббийларига, клуб ҳомийси ҳисобланган “Ўзбекистон Металлургия Комбинати” Акционерлик жамиятига алоҳида ўзимни ташаккуримни билдираман. Ишонаманки, бу қизларимиз келажакда Олимпия терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини, унинг обрўсини муносиб ҳимоя қиладилар, - дейди Аҳмаджонов.  

Шундан сўнг “Металлург-W” жамоаси аъзолари, мураббийлар ва клуб раҳбарларига чемпионатнинг олтин медаллари ва Ўзбекистон Кубоги топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва клуб ҳомийлари томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!