Ўзбекистон крикет федерацияси Покистон крикет кенгаши билан ҳамкорлик меморандуми имзолади

Мамлакатимизда ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, крикетга бўлган иштиёқини яна-да кучайтириш, жамоаларни шакллантириш ва халқаро спорт майдонларида крикет орқали юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш Ўзбекистон крикет федерациясининг бош мақсадларидан саналади.

Шу йилнинг июль ойида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон расмий ташриф билан мамлакатимизга келганди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида дўстона алоқаларни яна-да мустаҳкамлаш, шунингдек, юртимизда крикет спортини ривожлантириш ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган эди.

Ушбу эътироф боис, Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев Покистон Ислом Республикасининг Лахор шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, Покистон крикет кенгаши мутасаддилари билан учрашди.

Лахорда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон крикет федерацияси ҳамда Покистон крикет кенгаши ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришилди.

Учрашувда Азиз Михлиев ва Покистон крикет кенгаши раиси Рамиз Рожа ўртасида мамлакатимизда крикетни интеллектуал ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзонлади. Меморандумга мувофиқ, эндиликда Покистон крикет кенгаши томонидан крикет бўйича ўқув-таълим ишлари амалга оширилади. Бунда асосан мураббийлар ва крикетчиларнинг маҳоратларини ошириши учун ўқув-машғулотлар олиб борилади.

Махсус дастурга мувофиқ Покистон крикет кенгаши томонидан юртимизга покистонлик мутахассислар юборилади ва улар томонидан босқичма-босқич ҳакамлик ва мураббийлик курслари, турли даражадаги амалий ва назарий ўқув-йиғинлар ўтказилади. Бундан ташқари Покистоннинг Лахор шаҳридаги Крикет миллий маҳорат марказида турли ёшдаги жамоалар учун ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳамкорлик доирасидаги учрашувларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усманов ҳамда элчихона ходимлари томонидан федерация раиси Азиз Михлиевни муносиб кутиб олишди ва ҳамкорлик жараёнларини ўтказишда яқиндан ёрдам бергани учун уларга Ўзбекистон крикет федерацияси номидан миннатдорлик билдирилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳамкорлик меморандуми мамлакатимизда крикетнинг ривожаланиши йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)