Қайсар Моуриньо. Унинг қарори туфайли футболчи “Рома”ни судга берди

Жозе Моуриньо тажрибали мураббий сифатида ўз қарашларига эга ва кўпинча ҳеч қандай вазиятда фикрини ўзгартирмайди. Мураккаб характерга эга португалиялик мутахассис борган жамоасида турли можаро, келишмовчилик ва муаммоаларга дуч келиши табиий ҳолга айланиб қолган.

Айниқса, Жозе Моуриньо ҳар қандай жамоада ҳам юлдуз футболчилар билан бир тўқнашиб олади. Унинг сўнгги икки жамоасидаги фаолиятига назар ташласак, Жозе “Манчестер Юнайтед”да машҳур футболчилар – Бастиан Швайнштайгер ва Маруан Феллаинини Манчестердан кетиб қолишига сабабчи бўлди. Ҳатто, ҳозир "Рома"да ўйнаётган Генрих Мхитарян ҳам "Манчестер Юнайтед"ни португалиялик мураббий туфайли тарк этган. Жозе келишидан аввал у Римдан ҳам кетмоқчи бўлди. Лекин раҳбарият уларни келиштириб қўйди. 

zhoze-mourinju-i-genrih-mhitarjan_147870375611181968 

“Тоттенхэм”да клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи – Танге Ндомбеле ва жамоа юлдузи Делли Аллининг ҳаётини қийинлаштириб юборди. Бу икки футболчи ҳамон муаммолар гирдобидан тўла чиқа олгани йўқ.

Жозе Моуриньо “Рома”ни ривожлантириш учун Италия чемпионатига қайтди. Клуб раҳбарлари жамоанинг трансфер сиёсатини айнан унинг истаги асосида юритмоқда. Рим жамоасида порлаб келаётган Эдин Жеко португалиялик мураббий келганидан кейин секингина “Интер”га ўтиб кетишни маъқул топди. Жаҳон ва Европа чемпиони Педро эса, Моуриньо унга имкон бермаслигидан хабар топганидан кейин клубни тарк этди.

Умуман олганда, клуб олдида Моуриньога керак бўлмаган футболчиларнинг келажагини ҳал қилиш вазифаси пайдо бўлди. 20 нафарга яқин футболчи орасидан Жеко ва Педродан ташқари  Жоан Жезус, Бруну Перес ҳам эркин агент сифатида ортиқча муаммо туғдирмай кетди. Женгиз Ундер, Пау Лопес ва Алессандро Флоренци каби бошқа клублардан таклиф олган бир гуруҳ ўйинчилар ижарага юборилди.  

“Рома”га бош оғриқ бўлаётган масала Моуриньога тўғри келмаган ва бошқа жамоалардан иш чиқмаган футболчилар орасида келиб чиқди. Бош мураббий қарорига кўра, бир неча ўйинчи жамоа машғулотларидан четлатилди ва уларга мавсум давомида имконият берилмаслиги айтилди. Бу “қора рўйхат”даги ўйинчиларга ёқмагани табиий.

Моуриньонинг қарори ва талаби аргентиналик марказий ҳимоячи Федерико Фасиога оғир ботди. Футболчи агентлари ва адвокатлари орқали “Рома” раҳбарияти устидан судга даъво аризасини киритди.

fazio_roma_benevento

Corriere dello Sport нашрининг маълум қилишича, ҳозир Рим клуби раҳбарияти суддан олдин Фасио билан келишиб олишга ҳаракат қилмоқда. 34 ёшли ҳимоячи машғулотларда умумий гуруҳга қўшилмаган ҳолда, бир ўзи шуғулланяпти. Клуб мутасаддилари у билан муносабатларни тиклашда қийинчиликка учраяпти.

Юзага келган муаммога қарамай, Жозе Моуриньонинг фикри ўзгаргани йўқ. Кўпни кўрган мураббий нафақат Фасио, балки ўзига керак бўлмаган ундан зўр чарм тўп усталарини ҳам ўйин тугул машғулотга қўймаяпти.

Федерико Фасио Аргентинадан Европага 2007 йилда келган. У Испания чемпионатида “Севилья”, Англияда “Тоттенхэм” ва Италияда “Рома” шарафини ҳимоя қилган. Аргентина терма жамоасида ўнта учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини бир маротаба ишғол қилган.

Фасио “Севилья” сафида Испания кубоги ва Суперкубоги, Европа Лигаси бош совринларини қўлга киритган. Аргентина олимпия терма жамоаси билан Пекин Олимпиадасида ғолиб чиққан ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган.

01_1362

Жозе Моуриньо эса Фасионинг бирорта ютуғини тан олгани йўқ ва унга жамоада ўрин йўқлигини таъкидламоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
11/09/2021 23:21
Ишкал Маур эканда Жозе

Минбар

Барча блоглар